Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, сешанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

11.08.2022


ТЎДАЛАШГАН ВА ХАБАРДОРЛИККА ЎЧ ОЛОМОН АЖДАҲОГА, ҚУТУРГАН МАХЛУҚҚА АЙЛАНАДИ

Сараланган сатрлар

Абдулла Қодирий ҳақ сўзни айтиб, шу сўзи ортидан боши кетганлардан. Мустабидларга ҳур фикрли инсонлар керакмас, чунки улар бошқаларни ғафлатдан уйғотиб, ҳурлик, истиқлол сари дадил қадам ташлашга ўргатиши тайин. Ўтган аср бошларида жадид номи билан майдонга чиққан миллат ойдинлари 1937-1938 йиллар қатағони қурбони бўлишди. Бугун улар ҳақидаги кўп ҳақиқатлар очилаётир, тергов-суд ҳужжатлари ошкор этилиб, зиёлилар фаолиятига оид кўп янги қирралар аён бўлмоқда.

Хуршид Дўстмуҳаммад "Ёлғиз" қиссасида турли ҳужжатларга таяниб, Абдулла Қодирий сиймосига назар солади, "Йиғинди гаплар" мақоласидан бошланган машмашалар ортидан адибнинг қамоққа олиниши, ён-атрофдагиларнинг тутуми, давр ҳодисотлари тасвири ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Аниқки, Абдулла Қодирий ҳақида ҳали кўплаб асарлар ёзилади, тадқиқотлар қилинади. Ўз навбатида улар орасида "Ёлғиз" қиссаси алоҳида ўрин, аҳамият, қийматга эга бўлади.

Бугун шу асардан айрим лавҳаларни илиндик. Ишончимиз буки, сиз ҳам "Ёлғиз" билан юзлашасиз.

*  *  *

"Бозор-да, - деди ўзича, - ҳар ким топганини кўтариб келади, билган ҳунарини кўрсатади, қўлидан келганича тирикчилик қилади. Истаса - кулади-ўйнайди, истаса ҳайқиради-қичқиради, истаса - дамини ичига ютади. Биз эса кўрганимизни, эшитганимизни пича ошириб-пича кичрайтириб ёзамиз, холос".

*  *  *

Йўқчилик, ночорлик абгор қилган барчани, бирдан-бир халоскор - бозор. Тўғри, бозор кезган жондорнинг бугун қорни оч қолмаслиги мумкин, лекин эртага-чи, индин-чи?! Бу аҳволга қаноат қилиб умр кечириш охир-оқибат миллатни барбод этади, йўқ қилади, бир ҳовуч хас-хазонга, супириндига айлантиради, супириндига!

*  *  *

Бирдан-бир нажот матбуотда, ягона халоскор - матбуот! Қандай бўлмасин, одамлар газит-журналга жалб этилмоғи даркор, шу йўлда барча чоралар кўрилмоғи, ҳеч бир машаққатдан чўчимаслик керак.

*  *  *

"Аватига чавати, мисқозонга лой тувоқ"ни, "Ит суяк чайнамаса, тиши қичийдир"ни, "Тошка ёмғур кор қилмайдир"ни, "Оғилхона ахлоқ" сингари тагдор ўхшатма қочиримларни бозордан топди. Бозордан топмаса, ўғри, киссавур, қиморбоз улфатларининг гаштакларидан "ўмарди". Мутолаадан топди. Йиғиб-териб юрган шу тоифа қуйма сўзларини жамласа ўркач-ўркач пахта хирмонига тенг қир-адир ҳосил бўлар-ов.

*  *  *

Табиатнинг шундай ширин чоғида сурнай, карнай орқасидан ноғора чалиниб кетадир. Буларга қулоқ бериб ётасан; лекин кўб ёта олмайсан, турғинг, шуларга қўшилиб қувонғинг келадир...

*  *  *

Халқ билади, айтади - ёзмайди, холос. Биз эса халқнинг билганини, айтганини излаймиз, топамиз, эшитамиз ва уни қоғозга кўчириб халқнинг ўзига ўқитамиз. Мардум ўзи билган ва айтиб юрадиган гапларни ўқигани сайин матбуотга қизиқиши ортади, қўлма-қўл қилиб ўқийди.

Одамларни газит-журналга жалб этишда мақсад-маслак бўлмоғи даркор. Қуруқ газитхонлик-журналхонлик билан иш битмайди. Басират кўзларини очмоқ лозим уларнинг. Қандоқ ҳаёт кечирмоқдалар, инсон қавми аслида қандоқ яшамоққа лойиқ - биладиларми шуни улар?

*  *  *

Ғайрат уйи эмас чойхона, ғафлат уйи, уйқу уйи - ҳасратхона! Неча-неча эр йигитлар умри зое - чойхона!

*  *  *

Саломлашсин-омонлашсин - рухсат; сотсин, олсин - рухсат; истаганича тиланчилик қилсин - ол, мунга ҳам рухсат, йўқ, бу халойиқни нима жин урган - билмадим, сал чалғисанг - тўдалашади, шовқин кўтаради, қўйиб берсанг, тўхтамай бир-бирини хабарлайди! Савдогаридан, лўттибозидан, қаландаридан гадосигача сиёсатдан сўқийди, сиёсатдан! Тўдалашган ва хабардорликка ўч оломон аждаҳога, қутурган махлуққа, офатни уясига айланишини биласизларми ўзи?!

*  *  *

Кимга керак ўша "Муштум"?! Сатира журнали етмаётувди! Кулги гап ёзиб бутун авомни оғзига қаратадиган матбуот қавми - ўн карра қўпорувчи деяверинг! Матбуотчи урчиган жойда душманга ҳожат қолмайди. - Зобит гапдан тўхтаб чайналди, сўнг товушини пастлатиб ғудранди: - Гап шетта қолсин-у, бугун-эрта "Муштум"ми куни битадиган!..

*  *  *

Дунё бир томон, олам бир томон, замину само бир томон - мусичанинг мунгли ва жарангдор "ку-ку"лаши бир томон!.. Ёлғизлик нағмасими бу мунгли садо, беозор жониворнинг? Ҳамроҳ истаяптими, ёлғизлигидан нола чекмоқдами? Унинг ёлғизлигига дов-дарахт, ўт-ўлан, замину осмон, мана шу боғ-роғ, Абдуллага қўшилиб жамики одамизод айбдормикан?!

*  *  *

"Йиғинди гаплар" сарлавҳали саҳифага тикилганича мақолани кўз югуртириб, ўқишга тутинди: "Ана бу мияси ачимаганнинг гапига қаранг энди! Худога шукур, қорнинг тўқ, қайғунг йўқ, бас, тинчкина фаройизхонлик қилмасдан оқсоқоллигингни қилаверсанг бўлмайдими, уста Йулдош!" Охунбобоевдек нуфузли раҳбарнинг отини тилга олиб тўғри қилдимми ёки нотўғри? Тилга олмаган тақдиримда... Саркор жон койитиб қилган маърузасини одамлар тушунсинлар учун ёздим бу сўзларни. Афсус, кўп афсуским, оми оломон наздида минг болага битта мактаб бўлса нима-ю, ўн мингига битта тўғри келса сен билан менга нима ҳасрат! Балки тағинам аччиқроқ ёзиш керакмиди? Ман Йўлдош отанинг маърузасига эмас, маорифдаги аҳволга аччиқ қиляпман, аччиғим боиси - аҳволнинг забунлигидан! Одамларнинг жонига игнадек суқиладиган сўзларни топишдан муддао ҳам шул ахир. Сўзларимга қанча заҳар қўшсам одамларнинг шунча ўқишга диққатлари ортмайдими, заққум сўзларимдан кўзлари, кўзларига қўшилиб эслари ёшланиб, ўқиганларидан шунчалар таъсир олмайдиларми?!

*  *  *

...Ўртоқ Акмалча... Жумҳурият раҳбари бўлсанг, мансабингдан ҳуркмайдиган жондор йўғ-у, нега икки хил гап қиласан, Акмал Икром?! Бир гапнинг ўзида айрим зиёлилар афтига туфургани ҳолда бирдан "Тавба-тазарру қилганлар учун фирқанинг қучоғи уларга очиқ!" деб эълон қилиш нимаси?! Фирқанинг қучоғи қайда, зиёли қайда, тавба-тазарру қайда, яхшилар?! Шунчалар ҳам бетайинлик... тутуриқсизлик билан зиёлиларни радга-қаторга чорлаш, даъватлаш мумкинми? Лозимми?!

*  *  *

Ҳақиқат олдида бўйин эгиш тавбадир, ўзгаси ғавғодир!

*  *  *

"Ўткан кунлар"га хаёл қочган лаҳзада кўз ўнгида биринчи навбатда Юсуфбек ҳожи гавдаланар, қай воқеага қалам урмасин, ҳар бир сўзи, жумласи, тасвири бичимини ясашда, албатта, мўлжални Юсуфбек ҳожининг назар-нигоҳидан келиб чиққан ҳолда олишга ҳаракат қиларди. Гўё рўмонни Юсуфбек ҳожи учун ёзгандек, Юсуфбек ҳожининг андишаси учун яратгандек, андек сакталикка йўл қўйса, авваламбор, Юсуфбек ҳожининг олдида хижолатли ҳолатга тушадигандек, бу файзиёб ва шукуҳли сиймога бағишланган тасвирлар ёд бўлиб кетганди.

*  *  *

Аслида хаёл суриш учун ҳам нималарнингдир номини, кимларнингдир исмини тилга олишга тўғри келади. Хаёл ҳам сўз билан тирик. Сўзсиз хаёл оқишдан тўхтайди, кўлмакка айланади. Номлар, исмлар тилга олинмаса, уй-хаёл жойидан силжимай қолиши шундан.

*  *  *

Дард кўб - давоси йўқ, ҳасрат узоқ - кечалар қисқа, кўзлар кўр, жарт-журт зўр - манзил узоқ ваҳима катта, тўй бедарак, осмон узоқ - ер қаттиқ.

*  *  *

Кўр бизнинг аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз. Жойи келган чоғида виждонни пулга сотамиз... Бизникилар "Бўрк ол!" деса, бош олишга ҳозир... От билан эшакка солиқ солинибдур, хайр, солинса солинибдур; бу орада бир камбағалнинг эшаги очлиқда ҳаром қотибдур; хайр қотса қотибдур. Ўлган эшагингнинг солиғини бераверасан, деб фармон чиқарибди калоноғизлар... "Отингдан айланай, Мочалов. Исми шарифингни эшитсам бутун борлиғимга сирқироқ кирадир, Мочалов!.."

*  *  *

Ҳақ гап бамисоли мағзи аччиқ бодом, уни қадрига етган одамни ўзи қадр топмайди, болам. Ҳаёт азал шунақа.

*  *  *

Ўзинг бир ҳақиқатка қонмай туруб ва ўзингнинг хатойингга тушунмай туруб фақат ожиздан қилинган тавба тавба эмас; ҳам ўзингни, ҳам ўзгани алдашдир, расволиқ-раддибалоликдир!..

*  *  *

Тушунган одам тушунганлиги туфайли тушунмаганлар орасида тушуниксиздир, ёлғиздир...

*  *  *

Якун қип-қизил майнабозчиликка айланди. Ҳа, майнабозчиликнинг ҳам қизили бўларкан. Икки йиллик қамоқ жазоси эълон қилиниши қайдаю, сассиқ ҳаво бижғиган ҳужрада кана ва бургаларга ем бўла бошламай ўша заҳоти ҳукумат томонидан афв этилиши қайда?! Шунинг ўзидаёқ аён эмасми барча машмашаларнинг илдизи, дебочаси, кирдикорлари! Касбдошларининг бошларини "қовуштирган", уларни бир одамга айлантирган, бир овоздан кўрсатма беришга ундаган кудратли куч ҳам... "Синдиришади, сўнг учасиз-кетасиз". Ким айтганди бу гапни? "Индамас"ми, "Бўғма"ми? Илло, бу гапда жон бор, бунинг шоҳиди бўлиб турибди Абдулла, тирик шоҳиди. Фақат синган қанот билан... Синган қанот билан уча билиш учун қанча қаноат керак? Қайдасан, қаноат?! Қудратингни дариғ тутма, қаноат!

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo