Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

28.02.2017


СУХАНДОНЛИК ВА БОШЛОВЧИЛИК МЕЗОНЛАРИ

Сухандонлик ва бошловчилик қобилиятига эга ёшларни аниқлаш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш ва рағбатлантириш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, нутқ маданиятини юксалтириш, шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш руҳида тарбиялаш, ўзбек адабий тилининг нуфузини янада юксалтириш мақсадида ташкил этилган танлов 17 ёшдан 32 ёшгача бўлган йигит-қизларни қамраб олди.

Танлов иштирокчилари ташқи кўриниши, саҳнада ўзини тутиши, кийиниш маданияти, соғлом овознинг мавжудлиги, нутқий камчиликларнинг йўқлиги каби мезонларга кўра баҳолаб борилди. Шунга мувофиқ, қатнашчилар ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган шеърий ва насрий асарлардан ёд олган парчалари ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган расмий матнни ифодали ўқиш орқали ижро маҳорати, сухандонликка бўлган иқтидорларини намоён этишди.

- Маълумки, ўзбек миллий сухандонлик  санъати жаҳон миқёсида эътироф этилган бўлиб, санъат ихлосмандлари, мутахассислар ва энг муҳими, томошабинлар эътиборини қозонган, - дейди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, танлов ҳакамлар ҳайъати раиси Исоқ Тўраев. – Бугунги танловда шу нарса маълум бўлдики, дикторлик санъатига ёшларда қизиқиш юқори, иштиёқ баланд. Айниқса, хорижий тилларда фикрини бемалол ифода этадиган йигит-қизларнинг кўплиги бизни қувонтирди.

Якуний натижаларга кўра, юз нафардан зиёд йигит-қизлар орасида энг сара деб топилган бўлғуси сухандонлар танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Эътиборлиси шундаки, республикада юқори натижаларга эришган ёшлар “Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси давлат муассасаси ҳузурида ташкил этиладиган “Ўзбек сухандонлиги” курсида ўқиш, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ёки хусусий телерадиоканалларда фаолият юритиш тавсияномасига эга бўлади.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo