Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • Солиқчилар қанча кўп аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ бўлса, шунча манфаатдор эди(ми?)

Холис НАЗАР

21.07.2022


Солиқчилар қанча кўп аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ бўлса, шунча манфаатдор эди(ми?)

Нуқтаи назар

Хабарингиз бор, жорий йил 18 июлда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида экин ерлари ва томорқадан самарали фойдаланиш орқали озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш, шу билан бирга ғалла етиштириш ва харид қилишни молиялаштириш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбари йиғилиш кун тартибига олиб чиқилган асосий мавзу юзасидан чуқур таҳлилларга асосланган фикрларини баён этар экан, яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб йўлга қўйилган яхши тажриба ва тизимлар ҳақида, деҳқончилик қилаётган аҳоли таклифлари асосида улар кўтарган муаммолар ечимлари, томорқада бир йилда 2-3 марта ҳосил етиштириш, ижро ва одамлар муаммолари бўйича ишлаш, уларни қийнаётган уй-жой билан боғлиқ масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Йиғилишда айтилган бир факт бугун диққат марказимизда бўлади: 2 миллион 600 мингта аҳоли хонадонининг кадастр ҳужжатлари йўқ. Зеро, Президент таъкидлаганидек, "Ушбу аҳоли томорқа учун кредит, субсидия ҳамда уй-жойини кенгайтиришга ипотекадан фойдалана олмаётгани ҳақида Халқ қабулхоналарига мурожаатлар тушмоқда. Устига устак, кадастри бўлмагани учун ер солиғи уч карра миқдорда ҳисобланмоқда".

Рақамга эътибор қаратинг, кичик эмас. Демак, ана шунча хонадон эгаларида ушбу муаммо бор эди. У кеча ёки бугун юзага келгани йўқ, кўп йиллардан буён "музлаб" ётганди. Кадастри бўлмаган хонадонларга ер солиғини уч карра ошириб қўллаш амалиёти бошлангач, яна юзага чиқди. Муаммога ечим излаб солиқ ва кадастр идораларига қатнашдан эса шу пайтгача наф чиққан эмас. Улар масъулларининг кўпчиликка берадиган жавоби: хонадонингизнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори йўқ!

Бу хонадони эгаллаб турган ер майдони узоқ йиллар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган кўпгина мулк эгаларига ҳам, мустақиллик даврида олинган айрим янги ер участкалари соҳиблари мурожаатларига ҳам бирдек тегишли сийқаси чиққан шаблон жавоб бўлиб қолаётган эди. Бош уриб борганлар масъул идоралардан бу масала ечимига хоҳиш ҳам, йўл ҳам йўқдек таассуротда қайтарди. Кимдир архив идоралари эшигини қоқиб, ўша ҳужжатни излашдан ҳорган бўлса, яна бировлар шунчаки ҳаммасига қўл силтаб қўя қолганди. Муаммога Президентнинг шахсан эътибор қаратиши эса уларда яна умид уйғотди.    

Маълумки, кадастр идоралари ер ажратиш тўғрисидаги қарори йўқ хонадонлар учун кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрлаб беришни рад этади. Белгиланган меъёр шундай, аммо бугунги уй-жойига мерос тарзида эгалик қилаётган авлод бир пайтлар қўлланган якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш амалиёти, уни расмийлаштириш, идоралараро ҳужжат алмашинуви ишидаги камчиликлар учун товонга қолиши қанчалик тўғри эди?!           

Бундан ташқари, мустақиллик йилларида якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси олган айримларда ҳам шу муаммо бор. Ҳолат шундайки, ер ажратиш тўғрисидаги қарор уларнинг қўлида йўқдир, бироқ архив идораларидан чиқаяпти. Лекин муайян тўлов, ташвиш эвазига ундан кўчирма олиб, тегишли кадастр идорасига ўз қўллари билан олиб бориб бермагунича  кадастр паспортини ололмасди, ер солиғини уч карра тўлаб юраверарди.

Шу ўринда бир оғриқли масала кўзга ташланади. Биламиз, солиқ идоралари масъуллари ҳар доим, ҳар куни, ҳар соатда тушумларни белгиланган прогноз кўрсаткичларидан ошириб бажариш иштиёқида ёнади. Шу нуқтаи назардан фикрлаб, улар аҳоли томорқаларига солинадиган солиқларни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси томонидан тақдим этилган тегишли маълумотлар асосида ҳисоблаб чиқаришини инобатга олсак, солиқчилар қанча кўп аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ бўлса, шунча манфаатдор бўлиб келаётгани ойдинлашади.

Сир эмас, ягона тизимга бирлашган идоралар бир-бирининг фаолиятини тўлдириб туради ва ўзаро идоравий алоқалари ҳам умумий мақсад асосида қурилади. Бу амалиётга ижобий ёндашган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва унинг Давлат кадастрлари палатаси айрим вазифаларини шу пайтгача тўлақонли бажармай келаётгани баъзида бир томонлама манфаат устунлигига йўл очаётгандек тасаввур ўйғонишига асос туғдиради. 

Мана қаранг, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўғрисида низомда: кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг юзага келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши, бекор бўлиши ва кўчмас   мулкка доир бошқа битимлар тўғрисидаги ягона электрон маълумотлар базасини ташкил қилиш;

ҳар бир ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори бўйича ер кадастри электрон маълумотлар базасини шакллантириш Агентликнинг асосий вазифалари сирасига киритилган.

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси тўғрисидаги низомда: ҳар бир ер эгаси, ердан фойдаланувчи, ижарачи ва ер участкаси мулкдори бўйича ер кадастри электрон маълумотлар базасини шакллантириш тузилманинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Энг муҳими, улар: бошқа давлат органлари ва мансабдор шахслардан ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва ахборотларни, шу жумладан, статистик маълумотларни сўраш ва бепул олиш ҳуқуқига эга.

Шундай экан, нега улар архив идораларидан аҳолига ер ажратиш тўғрисидаги бор қарорларни олиб, электрон маълумотлар базасига тиркаб қўймайди? Нега кўпгина аҳоли вакиллари бундай ҳужжат кўчирмаси учун пул тўлаб, сарсон бўлиб юришлари, топиб, кадастр идорасига олиб бориб беришга қунт қилмаганда эса ер солиғини уч карра ошириб тўлашга маҳкум этилишлари керак?! Инсон манфаатлари қаерда қолди,  бу иш солиқ тушумлари прогноздан кўпроқ бўлиши ортидан келадиган умумий "очко"лар учун атай пайсалга солинган эмасмикан? 

Хайрият, ҳар галгидек Президент кўпсонли аҳоли дардига малҳам берди. Йиғилишда мутасаддиларга республиканинг барча ҳудудларида кадастри йўқ хонадонлар масаласини узил-кесил ҳал қилиш учун алоҳида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамага киритиш вазифасини қўйди ва янги қонун қабул қилингунига қадар бу уй-жой эгаларига уч карра оширилган солиқ қўллашни тўхтатиб туришга қарор қилинди.

Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлигига бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳларини тузиб, 1 октябрга қадар маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантириш;

 уй-жойга бўлган ҳуқуқларни эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаш ва электрон базага киритиш топшириғи берилди.

Холис НАЗАР

Report typo