Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

10.11.2020


Сохта маълумотнома орқали банкдан 10 миллион сўм кредит олди

Халқимизда “Эгри қўл ишга етмас, ишга етса ҳам, иши битмас” деган пурмаъно нақл бор. Дарҳақиқат, ҳаётда тўғри йўлни қўйиб, эгрисидан юришга одатланган ёхуд қилмиши қонунга зид бўладими-йўқми, “ҳеч нарса қилмайди” деган қарашдаги кишилар ҳам борки, улар қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда бўлсин чиқишини хаёлларига келтиришмайди.

Қарши туманида яшовчи уй бекаси С.А. кредит олиш мақсадида “Asia Alliance bank” Қарши шаҳар филиалига мурожаат қилади. Банк маъмурияти томонидан унга 10 миллион сўмгача микроқарз ажратилиши мумкинлиги маълум қилинади. Аммо С.А.нинг бирор бир жойда ишламаслиги панд беради. Негаки, банкдан кредит олиш учун бир йиллик иш ҳақи зарур.

С.А. “Ҳа, бу тартиб бизга тўғри келмас экан, энди ё оз-оздан пул йиғамиз, ё бўлмаса, пули бор танишлардан қарз кўтариб турамиз” дея иш тутиш ўрнига қонунга зид йўлларни излай бошлайди ва сохта ҳужжатлар тайёрлаб, банкка тақдим қилиш тўхтамига келади.

Натижада тумандаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабидан 1 йиллик иш ҳақи ҳамда шу мактабда ишлашини билдирадиган расмий маълумотномани қўлга киритиб, банкка тақдим этади. Натижада банк билан тузилган шартномага асосан унга 10 миллион сўм миқдорида микроқарз берилади.

Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзишича, ўтказилган текширувлар давомида С.А. номига Қарши туманидаги 6-мактабдан берилган маълумотномалар сохталаштирилгани ойдинлашди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Report typo