Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Мусурмон СОДИҚОВ

19.10.2021


ШУНДАЙ КАТТА ТИЛЧИ ДОМЛАЛАРНИНГ ЎЗЛАРИ ПАНАЛАБ, ПИСИБ ЮРИШИБДИ-КУ!

21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун

…Яшасин, Латиф Маҳмудович! Яшасин, устозимизнинг саноқсиз "ишконмиш" дала ҳовлилари, битмас-туганмас юмушлари!..

Университетимизнинг бошқа факультетларида қанақа, билмадим-ку,бироқ бизнинг ўзбек филологияси факультетида шунақа! 4-курсга эсон-омон етиб келдингми?! Яшавор, ўғил бола!.. Энди… Шу ўғил бола эканлигингни йил давомида навбати билан оқлайсан-да… Қандай қилиб?! Одатдагидай!.. Даставвал, "староста" - жонкуяримиз "Чет эл адабиёти" кафедрасига  чақирилади. Тўрда устоз - Латиф Маҳмудович  савлат тўкиб ўтирган бўлади. Остонадаёқ салом беради жонкуяримиз. Алик олингач, устоз хос котибалари - Нодира Ибодовнага "бизни ҳоли қолдир", мазмунида томоқ қиради. Эшик қоқиб келгувчига бошдан оёқ разм солиб чиққан устознинг кўнгли тўлса, жонкуяримизни ёнларига  имлайди. Гапнинг индаллоси бошланади. Кибрга чайилган нигоҳлар сир бермайди, олади!.. Салмоқдор, шивирлагандан икки-уч парда баландроқ оҳангда суҳбатнинг ўчоғига ўтин қаланади. Устоз бўлар-бўлмасга товушини кўтармайди. Нотиқликнинг жамики назокати қаршилашда шу зайл ишга солинади.

- Қайси вилоятдансан, болажоним?..

Жонкуяримиз бундай ширин лутфдан эриб кетгудек ҳолатга тушади. Эримасинми, вақтида республиканинг биринчи раҳбарига ўнлаб йиллар чет эл сафарларида доимий ҳамроҳ саналган зотнинг қаршисида турибди. Илк учрашувданоқ  "болажоним", дея эркалатилди… Эрийди-да!...

- Қашқадарёдан! Китобликман!..

- Ҳм, Қашқадарёдан... Китоблик… Болажоним, шоир Муҳаммад Раҳмонга яқинмисан ё Мухтор Шапсанга?..

  - Икковларига ҳам яқин жойданман, - дейди жонкуяримиз. - Муҳаммад Раҳмон паландаралик. Шапсанов домла Макриддан!...

- Биларкансан, - тасдиқлайди Латиф Маҳмудович. - Аммо, Мухтор Шапсан жуда уддабурон чиқди. Индиранинг кўнглини ийдирди… Ҳиндистон сармоясига мактаб қурдирди… Қандини урсин!..

Устоз асл муддаоларини  тағин салмоқнинг олтин тарозисига ўлчаб кўради. Ҳисобдан адашмаган маъқул-да...

- Болажоним, сени не умидда чорлаганимни биласанми?

Жонкуяримиз бош  ирғайди. Садоқатли шогирд, мустаҳкам тиргак қиёфасига киради. Аввал гуруҳ раҳбари, кейин юқори курсдаги ўзидай жонкуярлар томонидан астойдил ўргатилмиш гаплар тилларига кўчади.

- Биламан, - дейди сертавозе. - Ташвиш кимда бўлмайди, устоз?! Онда-сонда озгина юмушингиз чиқиб қоларкан… Мутолаадан чалғиб, мияга дам берган кунларимиз оёқ-қўлнинг чигилини ёзсак, ёмонми?! Ҳашарга чақирсангиз, бормасак уят бўлар…

- Баракалла, - дейди Латиф Маҳмудович. - Маҳмуд Қошғарийнинг "Девон"ини қўлдан қўйма... Ажаб хазинага йўлиқасан!.. "Тиришқоқнинг лаби ёғлиқ, эринчоқнинг боши қонлиқ" ...Болажоним, тиришқоқ бўлсанг, ёруғликка чиқасан! Эътиборимизга тушасан! Қўлласанг, қўлланасан!...    

Хуллас, гап бундай. Сен навбати билан   гуруҳингдаги йигитларни бизникига жўнатишингни бил! Битта-яримтаси тихирлик қилса, индама! Тоштемир  болам бор-ку, турколог. Ана ўшанга шипшитсанг, эплайди!

Нодира Ибодовна таманносини тортиб киради. Ўриндиқларни тартибга солгандай кўрсатади, ўзини. Бу,"ҳей бола, топшириқни олдинг. Энди кетавер!", дегани. Жонкуяримизга рухсат теккач, ташқарига ошиқади. Ҳали эшикка етмай, устознинг суюкли Тоштемир боласи, факультетнинг "информбюро"си - Тош қулоққа тўқнашиб кетгудай бўлади. Тош қулоқ нимасига керилади, десам Латиф Маҳмудовични орқа қиларканда, тушунгандай бўлади жонкуяримиз. "Ҳайф сенга, йигитлик, кейин шу даргоҳ!.."

Кўпга келган тўй-да… Мўминдан сўрай десам, неча кун-ки қорасини кўрсатмайди. Таваккал, иккимизни шанба кунги навбатга ёздирдим. Биламан, у аллақачонлаб Латиф Маҳмудовичнинг хонадонида бир неча бор бўлган. Ошкор айтмасада, нималарнидир режалаштириб юргани аниқ. Домлани факультет йўлакларида пойлаб, рўбарў келганда салом-аликни қуюқ қилганини ҳам кўришибди... Хуллас, ўн беш йигит  ҳафта кунларини  ўзимизга мос тақсимлаб олдик. Курсдошларимиз тўртинчи курсда ўқишдан ҳайдалиб кетмаслик учун  номларини жонкуяримизнинг рўйхатига тиркашди. Латиф Маҳмудовичнинг танаси сутга чайилгандай  қизининг жамолига ишқибозлар ҳам топила қолди. Бу ёғи йигитликнинг шабоб айёми-да, гул бир ён, чаман бир ён…

Навбатимиз етган куни мен ноилождан, Мўмин зўр иштиёқ билан йўл тортдик. Қанийди, ҳамроҳимнинг чакаги  тина қолса... Гапларига қараганда, Латиф Маҳмудович Тошкентнинг тилга тушган  "Ганга" магазини  орқасидаги  ҳовлида, ёзувчи Пиримқул Қодиров билан қўшни бўлиб  яшаркан. Тунов куни кўчадан ўтиб кетаётган адиб билан қўшқўллаб кўришганмиш. Латиф Маҳмудович урфдан қолаёзган иморатларини буздириб, шаҳарнинг энг олди усталарига замонавий, оврўпоча услубда кошона тиклаттираётганмиш…

Домла қурдираётган кошона Мўминнинг тилида достон бўлди. Неча бор чалғитдим ҳам, бефойда. Кўр ушлаганини, кар эшитганини қуймасмиш!.. Менинг дардим - эртанги митингга қатнашиш! Охиратлари обод бўлган бўлсину, Ғафур Ғулом бир замонлар зап топиб айтган эканда, "мен нима дейману, қубизим нима дейди?".

- Қурдирса  нима бўпти? - дедим ахийри сабрим чидамай. - Битта хонасига сен келиб ўтирармидинг? Менга қолса, бугун нима юмушни кўрсатишса, барини бажарамиз! Эртага қизил майдонда Давлат тилига бағишланган навбатдаги митинг бўлади. Кўргандирсан, "вузгородок"да талабаларни намойишга чорлаб, эълон осилмаган симёғоч қолмаган… Нима бўлса бўлсин, митингга бораман!...Сен билганингни қил!

- Бирам  ўрсан-ей, Музаффар, - гапи бўлинганидан ошкор эътирозга ўтди  Мўмин. - Сенга нима зарил?! Ҳар якшанба эллик мингдан ошиқ одам оломон бўлиб, қизил майдондан "вузгородок"кача пиёда келасизлар… Қани энди бу намойишларинг натижа берақолса… Шундай катта тилчи домлаларнинг ўзлари паналаб, писиб юришибди-ку! "Вузгородок"да тилимизга Давлат тили мақоми берилсин, деб ўзларича митинг ташкил қилгани учун тошҳовузлик Баҳодир Каримов, қашқадарёлик  Юсуф Зиёдов, Гулноза Эрназарова, Рустам Мусурмонов деган талабаларнинг номларини рапортга тиркаб, Тош қулоқ университетдан ҳайдатиш учун Ришод Набиуллинга киритганмиш…  Айт-чи, ким уларнинг тарафларини олаяпти?! Ҳеч ким! "Давлат тили мақоми" эмиш… Кўзингни оч, оғайни! Ҳозир сенга Латиф Маҳмудовичнинг кошонасини кўрсатаман. Чала ҳолида оғзинг очилиб қолади. Ана шу пулдор, номдор, унвонли  домлалар талаб қилсалар ярашади, мақомни! Биз киммиз? Бу ёғини сўрасанг, қирқ сўм стипендия оладиган талабалармиз!..

- Билмасанг гапирма, - дедим Мўминга. - Тилимизга мақом сўраб курашаётган тилшунос олимлар, зиё аҳли жуда кўпчиликни ташкил қилади. Бахтиёр Исабеков, Иброҳим Ҳаққул, Улуғбек Долимов, Наим Каримов, Миразиз Миртожиев, Норбой Худойберганов, Гулчеҳра Нуруллаева, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, ёш шоирлар Баҳром Рўзимуҳаммад, Салим Ашур… Эҳ-ҳе, мард курашчиларимиз озмунчами?! Улар дунё  ҳамжамиятига тилимиз борасида Москванинг Ўзбекистонга нисбатан зўравон сиёсат юритаётганини аллақачон  тушунтириб бўлишган!..

Мўмин гапларимга парво ҳам қилмади. Ўша зайлда, ўз оҳангида  давом этди. 

- Кун келиб, Мўмин айтувди-я  дейсан... Музаффар, қачондир сен айтган мақом ҳам берилар, тилимизга!.. Лекин ўша кунлар насиб этса, талабаларнинг соясида паналаган номдор тилчилар, уларнинг Тош қулоқдай шогирдлари  сайраб қолишади… Минбарларни  муштлаб, биз тилимизнинг мақомга лойиқлиги учун курашганмиз, дейишади! Қани, ўшанда юзларига тик боқиб, ёлғон, деб кўрчи!.. Овозингни бир пасда бўғиб қўйишади!.. Латиф Маҳмудович кеча айтдилар. Болтиқбўйидаги мустақиллик учун курашларнинг дебочаси, уларнинг тилига "давлат" мақомини беришдан бошланганмиш… Худо кўрсатмасин, дедилар, тил можаросидан Туркистон мухториятининг ифори келаётганмиш!.. Агар тилимиз мақомга лойиқ топилса, Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилинишига бир қадам қолармиш!..

Енгилдим. Мўмин ҳақ эди. Бекорга Латиф Маҳмудовичникига қатнамагани билиниб қолди. Демак, домланинг ўзи ҳам ўзбек тилига  Давлат тили мақомининг берилиши тарафдори. Фақат ҳукуматдан олган унвонларининг ҳаққи-ҳурмати учун сукут сақлаётган бўлиб чиқади. Иморатлар солиши ҳам бежизга бўлмаса керак… Тўғри-да, бежо қайнаётган қора қозондан йироқ бўлган афзал! Оташи куйдирса, қораси юқади…

- Бизга нима учун Маҳмуд Қошғарийнинг биргина асарини бунча тиқиштиришларини биласанми? - кутилмаганда сўраб қолди Мўмин.

Елка қисдим. Ўйлаб кўрмаган эканман.

- Нимага бўлса?!

- Ўртоқжон, - деди Мўмин файласуф қиёфасига кириб. - Москва, "аслида ота-бобонг кўчманчи ўтган. Эчки-улоғидан  ортса шаҳарсозлик, давлат ишларига бир нави қарарди. Топгани марсия, битиктош, мавсум-маросим қўшиқлари …Униям бир варақ қоғоз тополмай, боласига ёдлатиб юрган" деб таъна қилаётгандай туюлаверади менга...

Жим қолишни афзал билдим. Тортишай дейман, катта кўчадан ўтиб-қайтаётган одамлардан уяламан. Мўминни ўзгартириш мушкул. Тўғриси шуки, Латиф Маҳмудовичнинг Нодира Ибодовнадан тортиб, барча шогирдлари сиам эгизакларига ўхшайди. Қўшалоқ  вужуд, тана битта. Ақл эса устозники. Унинг асосини Маҳмуд Қошғарийнинг девони ташкил этади!..

Факультетимизда домладан ҳадиксираб, қулоққа айтиладиган латифа ҳам тўқилган. Эмишки, Чироқчининг Бойли қишлоғидан  Баҳодир Турсун  деган йигит ўқишга қабул қилинибди. Сабоқдошлари уни имтиҳон қилишибди. Қайси адибнинг таржимаи ҳолини сўрашса, шоввоз туғилган йили, фаолияти, ота-онасининг касби коригача айтиб берармиш!.. Лол қолмай илож йўқ! Ғузорлик Чоршанби деганининг қувлиги тутибди. "Латиф Маҳмудовичнинг отаси ким бўлган?", деб савол ташлабди. Бойлилик турган гапки, буни кутмаган. Чироқчиликлар дангалчи, тикка гапли бўлишади. Баҳодир ножуя савол бергувчи Чоршанбига уккиқараш қилибди. Кейин киприк қоқмай, "Латиф Маҳмудович Маҳмуд Қошғарийнинг ўғли бўлади. Пенсияга чиққач, кафедра мудирлигини ўғлига ташлаб кетган. Ишонмасанг, бориб ўзларидан сўра", дермиш...  

- Музаффар, - деди Мўмин баҳсда енгилганимни сезиб. - Биласанми, шу кунларда ўзи  бошқача бўлиб юрибман. Бўлди, ошна. Тил мақоми билан унвонларни, министрлик курсиларини эгаллаб олганлар шуғуллансин. Биз ўқишимиздан қолмайлик! Айтсам ишонмайсан. Кеча Гулчеҳра билан қаттиқ  аразлашиб қолдик. Мен унинг отасини Тошкентда қолсам тиргак бўлади, десам… Сенга ўхшаб ҳақиқатчи экан. Ғирт мирқуруқ!..

- Бу нима деганинг, - Мўминга тик қарадим. - Менинг нима алоқам бор, сенинг ишқ достонинга?!

- Эй ошна, жаҳлинг чиқади-да, тўғри гапга. Маҳмуд Қошғарийни ўқимайсан-да! Сен синчиклаб ўқи. Ўн биринчи асрда яшаган жафокаш олим тўплаган ганжларининг мағзини чақ... "Ҳўкизнинг оёғи бўлгунча, бузоқнинг боши бўлган яхшироқ!" Кўчманчи ота-боболаримиз бундан тўққиз аср олдин шунақа қўшиқлар тўқган экан… Хуллас оғайни, мен Гулчеҳрадан кечдим! Тамом-айрилиқ!.. Латиф Маҳмудовичнинг якка, эрка куёви бўлмоқчиман. Бузоқнинг боши бўламан...

Суҳбатимиздан энди чинакамига файз кўтарилди. Мўминнинг кечагача факультетимизда  машҳур ишқ достони менга ўта бемаъни туюлди. Билганини қилсин!.. Ичкуёв - кучук куёв, демишлар бундайларни. Баланд охурни истаб қолибдилар-да, бузоғимиз?! Уммонда денгиз отчалари деган, бир қарич келадиган жонзотлар яшаркан. Эркаги ўзига муносиб жуфт топса, сўнгги нафасигача  модасининг думидан ушлаб юраркан. Биз одамлар, бир қарич жонзотчалик севолмаймизми, жуфтимизни.

Йўлнинг бу ёғига Латиф Маҳмудовичнинг ҳовлисига етгунча жим кетдик. Очиғи, нима дейишга ҳам ҳайронман. Кўз олдимга универсиадаларда беллашиб, республикада олий  ўринни эгаллаганимизда  йиғлаб юборадиган Гулчеҳра қайта-қайта келаверди. Бир томондан жуда яхши бўпти. Мўминдай бедаво унга  бошданоқ  нолойиқ эди. Тошкентлик курсдош қизларимиз, "дугонамизга чирмовуқ илашган. Сассиқ алафдай чирмовуқ. Устига устак тепакал", деб кулиб юришарди. Ажаб бўпти!..

- Ҳовлида иш жуда кўп, - кўча бошида қайта огоҳлантирган бўлди Мўмин. - Жонингни жабборга берма. Қуёш ботгунча яғиринг чиқиб кетмасин… Энди тушунгандирсан, нималар қилиб юрганимни ?! Ётоқхонада тунамаган кунларим Латиф Маҳмудовичникида қолардим. Усталарга дастёрлик қилдим. Домланинг хотини ўта ақлли аёл. Уч кунга қолмай ниятимни пайқади. "Латиф Маҳмудовичнинг этагидан маҳкам тутсангиз, кам бўлмайсиз", деди. Кўнглига қўл солдим. Таваккалига қизининг қўлини сўрадим. Ойпопукни Фарғонага жўнатмас экан. Аҳдлашдик, Тошкентда қолишга қасам ичдим! Ё кўҳи баландда яша, ё шаҳри азимда. Тошкент турганда Фарғонада нима бор? Хуллас, узоқдаги қуйруқдан умидимни уздим. Бир менми, устозига  ичкуёв бўлган?!

- Мен эртага митингга боришим керак.

- Боравер, - деди Мўмин менинг кафилимни олгандай. - Ичкарида ўлиб-тирилиб ишлама. Ҳаддингни бил. Домланинг аёли мени суриштириб қолса, "крутой бола", десанг бўлгани. Бир нималар деб қовун тушириб қўймагин тағин. Оғайним деб, ич сиримни айтдим-да!

Усталар эртага дам олишади. Кеча кафедрада учрашганимда, Латиф Маҳмудович огоҳлантирганди, Чорвоққа оилавий кетишаркан. Мен ҳам борарканман. Дачани ўт босиб ётганмиш…

Биров айтса, ишонмасдим. Қойил қолдим. Бир хонада икки йил яшаб, ўзимни алломаи даврон, Мўминни эса ландовури жаҳонга чиқариб юраверибман. Одам боласининг кўнглида нима бор, билиш қийин экан. Одамнинг кўнгли тилсим...

Кечгача анчагина ишларни саранжомладик. Мўмин неча бор ўзларига  эшиттирмай, усталарни бўралаб сўкди. Иншоотнинг битиши чўзилаётганидан астойдил ранжиди. Кеч кирди. Ёмғирда қолган бир қоп сабзини катта-кичикка ажратиб, саралаётган эдим. Мўминнинг  оғзи қулоғида, олдимга келди. Бир муддат тепамда серрайди.

- Эртанги митингни нима қилдик, ишбоши, - дедим бошимни кўтармай. - Латиф Маҳмудович Чорвоққа боришдан айниб қолмасмикин?

- Айнимайди, - деди Мўмин тантанавор оҳангда. - Чорвоққа чиқиш  бу бир баҳона. Аслида табиат қўйнида дам олишмоқчи. Қизларига қимматбаҳо бирор нарса ҳадя қилишим керак экан. Домланинг хотини мен тараф! Мушкулимни осон қилди. Тилла билакузук сотиб олибди. Менга яширинча  кўрсатди. Шуни беришимни айтди. Ҳаммага билдир. Насиб этса, куёвнавкарларга ўзинг бош бўласан. Карнай-сурнай чалдириб, бу ҳовлига "Ўткан кунлар"даги  Отабекдай кириб келаман, оғайни!..  Эртага қаерга борасанг, боравер! Сениям ғамингни еб қўйдим. Мабодо, Тош қулоқ душанба куни сени тергаб қолса, Чорвоқда эдим, деявер. Латиф Маҳмудовичдан ўлсаям сўрашга ботинолмайди...

Душанба куни факультетимиз талабаларининг пахта теримига  жўнашлари эълон  қилинди.  Машғулотлар тўхтатилди. Университетдан қайтаётиб, бош корпус олдида Тош қулоққа тўқнаш келдим. Тўрт-бешта қуйи курсдаги талабаларга одатича  пўписа қилаётган экан. Бурилиб кетолмадим.

- Ана, яна битта "фаол", - деди мени кўрсатиб. - Кеча тўртинчи қаватдаги ойнаванд фойеда эдик, - деди бош корпусга ишора қилиб. - Сен бола, учинчи марта "қора руйхат"имизга тушдинг. "КГБ"чиларнинг видеосигаям. Митингда қатнашдинг, тўғрими?

- Тўғри, - дедим. - Латиф Маҳмудовичникига ҳам бормадим! Кўргансизку, кеча эллик минг   кишидан ошиб кетдик. Университетимизнинг ҳайҳотдай саҳни булбулнинг уясидек торлик қилиб қолди!.. Давлат тили мақомини сўраб, Тошкент шаҳри бўйлаб "Ҳақ йўл - Халқ йўли"дан пиёда юриб ўтдик. Халқни миллий ўзлигини англашга чақирдик. Халқ безовта. Ичига ўт тушган. Халқ оловли йилни бошидан кечиряпти!..

- Ҳаммангни жазолаш керак! Сенлар шўро иттифоқини кўролмайсанлар! Миллий маҳдудсанлар...

- Латиф Маҳмудович айтганидек, Қошғарийни ўқинг, Тоштемир ака, - дедим кесатиб. - Тилшунос бобокалонимиз йиртиқ чопон, илма-тешик ковушда, битта нонга пуллари етмаса ҳам ўз замонларида туркий тилнинг мақоми учун курашган экан. Чин  олимлар  асли шунақа бўлади. Донишманд бобокалонимиз олим қиёфасидаги жоҳилларга қарата, "Тулки ўз уясига қараб улиса, қўтир бўлади", деб ёзиб кетган экан.  Амин бўлингки, ҳали шундай кунлар келади. Бизга, шаккок санаётганингиз намойишчиларга тасаннолар айтасиз! Мен жуда кўп ўйлайман, тайинли жавобни эса ҳеч тополмайман. Ақлим етмайди. Нега сиз, факультетимиздаги номдор аспирант, бўлажак ўзбек  тилшунос олими,  тилимизга Давлат мақоми берилишига қаршисиз?!

Тош қулоқ  совуқ тиржайди. Жавоби турқидан-да совуқ бўлди.

- Москва бунга йўл қуймайди. Сенларнинг раъйинга қараса, Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилишдан ҳам  тоймайсанлар.

Эртаси куни Мўмин хонадошим билан Тош қулоқни Тошкентда ташлаб, Сирдарёга жўнаб кетдик. Гулчеҳра ҳам субутсиз ошиқлари бисёр шаҳардан бир муддат олисда бўлишни маъқул топди. Оддийгина теримчига айланди. Дардини чўлдаги янтоқлар устига тўкиб келгиси келди, чоғи.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмади. Дарбадар мезон шамоллари уча-уча, ахийри яланғоч чаноқларга ўралиб, қўнимгоҳ топгандай бўлди. Остонадан уфққача пахта экилган чўлдамиз. Саҳарнинг уйқуси болдан ширин топилган кезлар. Пахтага кўнгил кетиб интизор, интиқ кутган кунимизнинг ишвали тонги отганини сезмай қолибмиз.

Терим чоғлари  бизга раҳбар этиб тайинланган фан номзоди Ёрмат Тожиев тонг саҳардан шийпонимизнинг тахта эшигини тарақлатиб очди. Чироқлар қарсиллатиб ёқилди. Биламизки, домла ҳозир ҳазил-чинига олиб, кўрпамизни тортқилайди. Қалтис, ўғил болалар тушунадиган аскияларнинг янгисидан бўлади. Бошимизни  буркаб, ўзимизни ухлагандай кўрсатиб, писиб ётавердик. Йўқ, фолим ёлғон чиқди. Устоз тараддудда эди. Бир муддатлик тинимдан сўнг, кеча тунги энг сўнгги ахборотда ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилгани расман эълон қилинганини бор товушда, ҳайқириб айтди. Хушбахт тонгда уйқуга бало борми?! Шийпонимиз азонданоқ устознинг қутлуғ хабарларидан тўкилиб кетгудай зирилларди…

Мусурмон СОДИҚОВ,

Китоб туманидаги 59-мактаб ўқитувчиси

 

Report typo