Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

09.06.2020


"ШОДЛИКЛАРИМ СИҒМАЙ ТОШАР ДИЛИМГА"

Зоҳир шоир Қўчқор ўғли таваллудининг 100 йиллигига

Қашқадарё қадимдан халқ оғзаки ижоди, унинг етакчи тармоғи - достончилик ривож топган воҳа ҳисобланиб, ўнлаб бахши-шоирлар яшаб ўтишган, улар авлодлари самарали ижод қилмоқда. Бердимурод шоир, Абдулла шоир Нурали ўғли, Умир шоир Сафар ўғли, унинг фарзанди Чори бахши, Тоғай шоир Мардон ўғли, унинг зурриёти Шомурод бахши, Қодир бахши Раҳимов, унинг муносиб вориси Қаҳҳор бахши, Тош шоир Чоршанба ўғли, Ҳазратқул бахши Худойберди ўғли, бу рўйхатни яна давом эттириш мумкинки, бу халқ оғзаки ижоди намояндалари довруғи узоқ-узоқларга ёйилиб, улар куйлаган достону термалар ўзбек миллий фольклори хазинасини бойитган.

Таваллудига бир аср тўлган Зоҳир шоир Қўчқор ўғли (1920-2004) ҳам Қашқадарё достончилик мактабининг етук вакилларидан бири эди.

Зоҳир шоир Қўчқор ўғлининг онаси Бешкент (ҳозирги Қарши) туманининг Хўжаҳайрон қишлоғидан бўлиб, Бухоро вилояти Когон туманидаги Охунберди қишлоғига келин бўлиб тушади. Бўлажак бахши-шоир 1920 йил 20 июнда шу қишлоқда туғилади. Зоҳирнинг болалик йилларига ҳавас қилиб бўлмайди. Ота-онасидан эрта ажралган Зоҳир она макони - Хўжаҳайрон қишлоғига келади. Муродбахш тоғи этакларида чўпонлик қилиб, ҳамқишлоқларининг қўй-қўзиларини боқиб юради. Чўпонликда унинг ажралмас ҳамроҳи ва дўсти дўмбира эди, майда-майда термаларни ўзи билганча куйлаб юришни одат қилиб олади. Чунки, унинг икки бобоси - Раҳмон ва Қувват шоирлар бахшичиликда ҳамқишлоқлари, ён-атрофларда анча танилган кишилар бўлиб, Зоҳир бахшичилик алифбосини улардан ўрганади, илк сабоқлар олади.

Тошкентдаги етимхонада тарбияланиб, 130-мактабда ўқиб юрган кезларида ҳам дўмбирасини қўлидан қўймайди, созини чертиб, боболаридан эшитиб, ёдда сақлаган достонлардан парчалар куйлашда давом этади. Аммо, Зоҳир етук бахши бўлиб етишиши учун таниқли устоздан ўқиб-ўрганиш зарурлигини чуқур ҳис қилади.

"Бир тўйда "Ширин-шакар" достонидан парча айтганимда, - деб ёзади ўз хотираларида Зоҳир бахши, - даврадаги қариялардан бири қўлини фотиҳага очаркан: "Бир дуо қилинглар, шу бола Ислом шоирдай зўр шоир бўлсин, - деди. Даврадагиларнинг ҳаммаси, илоҳим шундай бўлсин, деб юзларига фотиҳа тортишди. Эгнимга тўн ёпдилар..."

Ўша йиллари қайси бир журналда Ислом шоирнинг "Орзигул" достони биринчи марта нашр бўлган, уни ўқиб, шоирга ҳурматим янаям ортганди. Унинг номини, довруғини эшитиб, ҳавас қилиб юрардим. Ислом шоирни суриштирсам: "Ислом бобонг орденли шоир, Москвага борган, китоблари чиққан, атоқли шоир, ўзи Зирабулоқ станциясида яшайди, - дейишди... Сўраб-суриштириб, отанинг уйига кириб бордим". Бу пайт иккинчи жаҳон урушининг энг қизғин палласи - 1943 йил эди. Ислом шоир Зоҳирнинг дўмбира чалиши, достон куйлашини синовдан ўтказиб, уни шогирдликка қабул қилади. Ёш бахши беш йил давомида бахшичилик сирларини ўрганади, ўзи эътироф этганидек, бахши шоир деган, унинг учун энг юксак унвон соҳиби бўлади.

Ислом отадан Зоҳир шоир Қўчқор ўғли 35 терма, 7 достон - "Алпомиш", "Кунтуғмиш", "Зулфизар ва Авазхон", "Орзигул", "Гулхиромон", "Бўтакўзойим", "Оймалика"ни ўрганади.

Устози Ислом шоирдан оқ фотиҳа олган Зоҳир бахши энди катта йиғину давраларда дўмбирасини қўлига олиб, достону термаларни бемалол ижро эта бошлайди. У Булунғур туманида бўлиб ўтган бир тўйда атоқли халқ достончиси Фозил Йўлдош ўғли билан учрашади. Фозил бахши ёш бахши-шоир билан кўришиб, устози кимлигини сўраб билгач, ундан устози ижод қилган "Уч қиз" деган термани айтиб беришни сўрайди. Зоҳир бу термани маромига етказиб айтиб бергач, мамнун бўлган Фозил Йўлдош ўғли "Устозинг ҳақида куйла, қани" деганида у жўшиб айтди:

Ислом шоир устозим,

Устоз отадан зиёддир.

Қўлимга дўмбира бериб,

Тарихи гапдан ўргатди.

Билмаганим билдириб,

Хафа қилмай кулдириб,

Кўнглимни обдон тўлдириб,

Кўп тарбиятлар этди.

Шоир ўтган зотимни,

Зоҳир дейди отимни.

Айтдим кўнглим шодини,

Устозимнинг ҳурмати.

Зоҳир шоир Қўчқор ўғли Абдулла шоир Нурали ўғлини иккинчи устози деб билади. 1947 йилда Шаҳрисабзга келиб яшай бошлагач, унинг ҳузурига, Китобдан унга узоқ бўлмаган Қайнар қишлоғига йўл олади. Абдулла шоир бу вақтда етмиш тўрт ёшга етган, "Ўзбекистон халқ шоири" унвонига эга, йирик, таниқли бахши эди. Зоҳир бир неча йил отахон бахшига шогирд бўлиб, ундан "Нурали", "Маликаи Хубон", "Равшан" каби достонларни ўрганди, хотирасига жойлади. Устози билан тўй-ҳашамларда, халқ сайилларида қатнашиб, достон ва термалар айтади.

Ана шундай тантанали маросимларнинг бирида асли деҳқонободлик бўлиб, Шаҳрисабзда яшаётган Тош шоир Чоршанба ўғли билан танишади. Бу шоир ҳам ном қозонган бахшилардан бўлиб, бахшиларнинг Москвада ўтказилган халқаро танловида "Алпомиш" достонидан парча ижро этган эди. Репертуарини тобора тўлдириб боришга интилган Зоҳир шоир Тош шоир Чоршанба ўғлидан "Юнус, Мисқол парининг қочиши"  достонини ёзиб олиб, ёд олади.     Яккабоғ туманида ўтказилган бир сайилда шу ерлик Турсун бахши-шоир билан ҳам танишиб, у ижро этиб юрган "Алпомиш" достонининг ўзига хос вариантини, шунингдек, "Оқбилакойим", "Бахтиёр", "Тилла қиз", "Узум кўзлари" ва бошқа достонларнинг ижро йўлларини сўраб ўрганади.

Зоҳир шоир таниқли устозлардан эшитиб ва ўрганиб, ўз репертуарини бойитиб, ижро маҳоратини такомиллаштириб бориши билан бирга, ўзи ҳам достонлар, термалар яратиб, уларни тингловчиларга манзур, қалбини ром этадиган даражада ижро этадиган бахши бўлиб етишди. Йирик фольклоршунос олимлар эътиборига тушди. 1949 йил декабрида Тошкентда ўтказилган III республика олимпиадасида достонлардан парчалар ва ўзи яратган термаларни айтиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Пойтахтнинг ўзида фольклоршунослар ундан бир нечта термалар ёзиб олишди. Ундан ёзиб олинадиган достонлар рўйхати тузилди.

Шаҳрисабзга келган йирик фольклоршунос олимлар  - Мансур Афзалов, Тўра Мирзаев, Зубайда Ҳусаинова ундан бир неча достонлар ёзиб олишган бўлса, ёш олим Сиддиқ  Асқаровни шоирнинг термалари,  эртаклари қизиқтирди. Улар билан доимий алоқада ва ҳамкорликда бўлган бахши-шоир олимларга ижод қилган эртагу термалари матнини ўзи ҳам юбориб турган. Маълумотларга қараганда, фольклоршунослар Зоҳир шоир Қўчқор ўғлидан 35 достон, 50 дан ортиқ эртак, термалар ёзиб олишган.

Танилган бахши-шоирлар борки, ўзлари ҳам турли мавзуларда достонлар яратишган. Зоҳир шоир Қўчқор ўғли ҳам бундан мустасно эмас. "Кунларим", "Сайдумхон", "Эрназархон", "Адҳам паҳлавон", "Рустами достон", "Искандар", "Ойтўра ва Мастура", "Соҳибжамол-Соҳибқирон", "Оқбилакойим" унинг қаламига мансуб достонлардир. У, айниқса, юртимиз истиқлолга эришгандан сўнг "Жарангдор созимни олсам қўлимга, Шодликларим сиғмай тошар дилимга, Энди озод давр келди элимга, Мадҳингни куйлайин, айлайин достон", дея янгича куч-ғайрат билан, илҳоми янада қайнаб-тошиб ижод қила бошлади. Ўнлаб термалар шу тариқа юзага келди. Амир Темур бобомизнинг пок номи тикланиб, ўз элига қайтганидан мамнун бўлиб ва илҳомланиб, уч бўлимдан иборат "Амир Темур" достонини яратди.

Зоҳир шоир Қашқа воҳасида ижод қилаётган бахшиларни ўзига яқин тутар, улар билан мулоқот ва борди-келди қилиб туришга интиларди. Унинг учун қалбига яқин, энг қадрдон бахшилардан бири Чиялининг Тўқморидан чиққан алп қоматли Азим бахши эди. У Зоҳир шоирдан, гарчи тўққиз ёш кичик бўлса-да, достону термаларни маромига етказиб ижро этишда ҳамкасбидан қолишмасди. Бир учрашувда улар халқ олдида  айтишув қилишга келишиб олишади. Тумонат одам иккала бахшининг  айтишувини зўр қизиқиш билан кузатишади. Зоҳир шоир айтишувни бошлаб беради:

Зорланиб, Зарқўноқдан тонг отади,

Кун чиқса, Тошқўтонда ким ётади?

Айтишув-ла танишайлик Азимбой,

Индамай тураверсак, кун ботади.

Азим бахши унга шундай жавоб беради:

Гўрўғлидек тор олар мард ғайири,

Келган дейди Шаҳрисабзнинг Зоҳири.

Кеч бўлса, тонг отдириш қийинми?

Кун чиққанча куйлар жиров-шоири.

Ижодий баҳс узоқ давом этиб, тингловчиларнинг олқишлари остида тугайди. Иккала бахшининг дўмбира жўрлигида ҳозиржавоблиги, бадиҳагўйлиги, хаёлга келган фикрларни сўзда лўнда ифодалаши уларда катта таассурот  қолдиради.

Шаҳрисабз сўнгги маскани, қўним жойи бўлган Зоҳир шоир Қўчқор ўғли ижодининг бир неча намуналари китоб ҳолида чоп бўлган. Хусусан, "Гўрўғли" туркумидаги "Ҳасанхон" ва "Оймалика" достонлари нашр этилган. "Ўзбек халқ эртаклари"нинг 1- ва 2-жилдлари "Сув париси" ва "Олтин олма" тўпламларидан бир нечта эртаклари ўрин олган, терма ва шеърлари матбуот саҳифаларида эълон қилинган.

Зоҳир шоир Қўчқор ўғлининг ўзи ижод қилиб, мухлислари даврасида куйлаган термалари жамланган қўлёзмасининг бир нусхасини, мана бир неча йилдирки, авайлаб сақлайман, вақти-вақтида варақлаб тураман. Қўлёзмадан шоирнинг турли мавзулардаги 64 термаси жой олган. Унда Зоҳир шоир меҳнаткаш халқни, ҳаётимиз гуллари хотин-қизларни, фасллар келинчаги-баҳорни, Наврўзни куйлаган, йигит-қизларни билим олишга, Ватанга садоқатли бўлишга чорлаган, ҳаётимизга тўғаноқ бўлаётган иллатларни, ноинсоний қилмишларни фош этган.

Зоҳир шоир айтган достонларни илк бор иккинчи жаҳон уруши якунланганининг дастлабки йилларида, ҳали хонадонларда ҳатто радиокарнайлар ҳам йўқ, чойхоналар одамлар гурунглашадиган, дарди-ҳол қиладиган жой бўлган пайтларда, Шаҳрисабз бозори яқинидаги чойхонада, отам билан борганда эшитганман. Етмишинчи йилларнинг бошида эса Оқсарой яқинида қад кўтарган уйларда бир неча йил қўшни бўлиб яшадик. Қарийб саксон беш йил умр кўрган донгдор бахши-шоирнинг термалар бисоти каминага бир умр эсдалик, уни эслаб турадиган восита бўлиб қолди.

Мўмин АЗИЗОВ,

тарихчи-журналист

 

Report typo