Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Х.ҚИЛИЧЕВА, А.НОРОВ

14.03.2017


“ШОҲ ЭДИП” – ЯНГИЧА ТАЛҚИНДА

Кўҳна юнон театр санъатининг юксак намунаси ҳисобланган дурдона асар – “Шоҳ Эдип” фожиаси қадим-қадимдан бери ўз томошабинини ҳам даҳшатга, ҳам қайғуга соладиган асар сифатида машҳур. Аччиқ тақдир қурбони бўлган шоҳ Эдип қиёфасида муаллиф инсон боласи қисматдан қочиб қутула олмаслиги, бир умр тақдир чизган чизиқдан юришга мажбур эканини ифодалаб берган.

Эдип туғилганида Фивадаги коҳинлар унинг келажакда отасини ўлдириб, ўз онасига уйланишини башорат қиладилар. Бундан даҳшатга тушган Лай болани ўлдиришни буюради, аммо бу иш топширилган чўпон раҳми келиб, чақалоқни ўзга юртлик бошқа бир чўпонга бериб юборади. Ўша шаҳар ҳукмдори оиласида тарбияланган Эдип улғайгач, ўзи ҳақидаги мудҳиш башоратдан хабар топиб, унинг юз беришига тўсқинлик қилиш умидида юртидан бош олиб чиқиб кетади.  Аммо у аслида тақдир чизиғидан бораётган эди. Ўзи мутлақо истамаган, билмаган ҳолда отаси қотилига айланган Эдип унинг тахтига ўтиради. Ўша замон удумига кўра, энди марҳум шоҳ Лайнинг рафиқаси, (Эдипнинг онаси) малика Иокаста унинг никоҳига ўтади. Орадан йиллар ўтиб, кутилмаган фалокат юз бериб, шаҳарга вабо тарқалади. Коҳин ва башоратчилар бунинг боиси Эдипнинг кечириб бўлмас гуноҳи эканини айтадилар. Кўнглидаги эски шубҳалар бош кўтарган Эдип бу башоратни йўққа чиқариш умидида тафтиш ўтказади ва пировардида даҳшатли ҳақиқатдан хабар топади. Бунга чидолмай икки кўзини кўр қилади...

Режиссёр Акбар Бердиев талқинида янгича услубда саҳнага олиб чиқилган асарда  7 кишидан иборат актёрлар гуруҳи пластик ҳаракатлар ва рамзлар орқали Эдип фожиасини гавдалантириб берди.

-        Асарнинг улкан мазмун-моҳиятини 45 дақиқалик спектаклга жо этиш осон бўлмади, - дейди режиссёр Акбар Бердиев. – Пластик ҳаракатлар, рамзий ифодалар орқали бу буюк инсон фожиасини очиб беришга ҳаракат қилдик. Шунга урғу бердикки, шаҳарда тарқалган вабо аслида гуноҳсиз гуноҳкор – Эдип туфайли эмас, балки жамиятнинг ўзида. Яъни асарда айтилганидек, “нафс – ғолиб, ирода – ожиз, иймон - шаҳид” эканлигида. Ечимни ҳам айни шу фикрга қаратдик.

Саҳнадаги ҳар бир атрибут режиссёр ғоясини очиб беришга хизмат қилганини кўриш мумкин. Тож – ҳам шоҳлик, ҳам ҳаёт белгиси, саҳнада сочилган турфа ранг матолар ўткинчи дунё, инсон ҳаётидаги айбу гуноҳлар рамзи. Қадимий юнон театрининг ажралмас қисми бўлган хор гуруҳи ўрнида бир-икки актёр овозидан унумли фойдаланилган.

Спектаклда Эдип ролини театр актёри Ризамат Тангиев, Иокаста ролини эса Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова ижро этишди. Шунингдек, актёрлар Шерзод Маҳмашукуров, Номоз Бобоназаров, Маҳлиё Жумаева, Жасур Мукаров ва Бунёд Зиятовлар ўзларига топширилган ролларни маҳорат билан ижро этишди.

Х.ҚИЛИЧЕВА, А.НОРОВ

Report typo