Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

07.12.2021


ШИРА-ШАРБАТ ҚАЙДА БЎЛСА, МАРКАЗ ҲАМ, РАҲБАРИЯТ ҲАМ ЎША ЕРДА БЎЛАДИ

Сараланган сатрлар

Эркин Аъзам асарларидаги равонлик, киноя, сўз ўйинлари ҳар қандай киши эътиборини ўзига тортиши шубҳасиз. Айниқса, "Чапаклар ва чалпаклар мамлакати", "Отойининг туғилган йили", "Анойининг жайдари олмаси" каби асарларда катта сўз санъаткорини кўрамиз. Яна денг, ёзувчи китобларига таяниб анча-мунча кинолар ҳам суратга олинган: "Чантриморэ", "Сув ёқалаб", "Эркак", "Забаржад"...

Эркин Аъзам сценарийси асосида Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри жамоаси "Оролбобо" номли спектакль тайёрлаб, нуфузли танловларда эътироф этилгани-да бор гап.

Эркин Аъзам каби ижодкорлар бу қадар катта даражага эришганининг сабабини ўзимча ўйлайман: улар ҳаётни, пасту баланд, оқу қора йўлларини кўришган ва жуда кўп ўқишган. ¤қиганда ҳам саралаб, танлаб ўқишган. Бугун қўлига қалам тутиб, жуда кам ўқиб, ўта кўп ёзадиган ижод ҳавасмандлари учун ибратга арзирли тажриба мактаби.

Қуйида ҳукмингизга муаллифнинг "Гули-гули" қиссасидан парчаларни ҳавола этяпмиз. Номиёқ ўқувчини ўзига жалб этадиган, тузумлар ва шахслар тутумидан ҳикоя қиладиган мазкур қисса севимли асарларингиз қаторидан жой олишига ишонамиз.

*  *  *

Яқин-яқингача қайси даврага кирмайин, орада энг ёши мен бўлиб чиқардим. Бугун қарасам - кўпчилиги мендан ёш... Ажабо, қачон, нега бундай бўлди?

*  *  *

- Ўлган одамни ёмонлаб бўлмайди дейдилар-а, нимага? Ёмонни ёмон дейиш керак-ку!

- Одам-да, жўра, одам, - деб қўяман хаёлчан. - Тирилиб келиб ўзини ҳимоя қилолмаса!

*  *  *

Ялтир кал, чўтир кал, қўтир кал - шуларнинг барига қирон келди. Калларга, умуман, ўтмиш сарқити ҳисобланган калликка қарши ёппасига кураш бошланди. Коммунистик жамият қурувчиси ҳар жиҳатдан тўкис, соғлом, иложини топса, жингалаксоч бўлмоғи лозим эди. (Дарвоқе, шу ғояни кўтариб чиққан "бепоён юртим"нинг ўша кезлардаги бош подшоси ўзи шақ-шақ кал эди, ялтир кал! Бироқ унга қарши, йўқ-йўқ, унинг кал калласига қарши курашмоқ, яъни бошини даволамоқ ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Бунинг иложи ҳам йўқ эди-да. Биринчидан, подшо жуда қари, демак, бошидаги иллат ҳам шунга яраша эски, маддалаб кетган - бедаво; қолаверса, ундай Бош каллани тиззалари орасига олиб мараздан тозалайдиган тўти Катия қайда дейсиз! Унақаси топилгудек бўлса ҳам, аввал ўзининг бошини тап-тақир қилиб борсакелмасга равона этиларди.)

*  *  *

Мамлакатга пахта керак эди, мўл-кўл пахта, "оқ олтин"! Тиниб-тинчимас Кал подшонинг қўли қичиб қолдими ёки хазинаси саёзлашиб кетдими, хуллас, унисини олиб бунисига уриб, туману вилоят деганларини бир-бирига қўшиб-аралаштириб-бирлаштириб юбораверди. Бунда асосан фойда-зарар жиҳати ҳисобга олинар, истиқболли ёки истиқболсиз дея баҳоланиб, табиийки, истиқболсиз, яъни давлат ҳисобига кун кўрувчи "текинхўр" томон истиқболли - сердаромад томонга қўшиб бериларди. Мағлуб келган тарафнинг тарихию табиати, унда тирикчилик қиладиган одамлар ким - истиқболлими, истиқболсизми, уларнинг феъл-атвори қандай - буниси билан бировнинг иши йўқ эди. Така бўлсин - сут берсин, бизга сути керак, сути, вассалом!

*  *  *

Табиийки, шира-шарбат қайда бўлса, марказ ҳам, раҳбарият ҳам ўша ерда бўлади.

*  *  *

Ўзини билган-билмаган мардум унинг орқасидан "иғвогар", "ёзғувчи" дея маломат отиб юрса-да, Ўрмон калта кечагина туман газетасининг кескир, муросасиз мухбири эди. Аттангки, туманлар бирлашиб, газета таҳририяти рақиблар юрти - Даштободга кўчдию жанговар қалам заҳматкаши ишсиз қолди. Ўзининг таъбири билан айтганда эса, "Жийдалининг ҳақиқий патриоти сифатида уни тарк этишдан бош тортди". Бекорчининг амали маълум: ҳақ учун, адолат учун курашмоқ! Сўнгги томчи қони қолгунча!

*  *  *

Яхши одам Шўро бобомиз. Бировга озори йўқ, ўз кунига. Уруш йиллари фронтдан яраланиб келиб раис бўлганида колхоз омборхонасидаги бор ғаллани бева бечорага тарқатиб, бир муддат қамалиб ҳам чиққан. "Не-не одамлар отилиб кетди, биз бўлсак бор-йўғи тўрт йилгина тут емадик, холос", дея ғурурланиб юради ўзича.

*  *  *

Тавба, маймунга ўхшамоқ, маймун бўлмоқ унга гўёки завқ ҳам бағишларди. Шўх-шалайим Маҳмуд "Қани, Мўминбой, бир маймун бўлиб беринг-чи, кўрайлик!" деса, шу заҳоти жон-дили билан баайни маймунга айланарди қоларди: қип-қизил тилини айлантириб лабларини ялай бошлар, дум-думалоқ кўзларини ҳар ёнга тикиб бемаъно иршаяр, қўлларини чалмаштириб елкаларини қашимоққа тушар эди. Кейинчалик билсак, унинг мучали ҳам ўзига мос экан: ҳамдуна - маймун!

Энгельс бобомиз бундай ажойиботлар хусусида ҳам бирон фикр билдирмаганмикан, Назаров муаллимдан сўраб кўрмоқ керак!

*  *  *

Ҳасанча бизнинг синфдошимиз эди. Катталар унинг отасини қанча "яхши кўрса", биз ҳам Ҳасанчага шундай эдик. Чунки у бизга ўхшаган эмас эди-да. Бошқача. Юриш-туриши ҳам, кийиниши ҳам. Биринчи синфданоқ мактабга соат тақиб келган, тўртинчиларга борганда башанг велосипедига мошинанинг чамбарагини ўрнатиб, лекин шуни ҳам "қўйвориб" қизларга бодиларча ҳуштак чалиб юрар эди. "Битиб кетган" раиснинг арзандаси-да. Айниқса, ўтган қишдан буён у бамисоли қаҳрамонга айланган. Бирга ўқиб, ёнма-ён бирга юрган одамингиз тўсатдан олдинга ўтиб ном қозонса - кимга ёқибди, айтинг!

*  *  *

Мачит-магазиндаги ўша кунги машварат катта момоси ҳам "сувда ётган" Мусаллам кокилдорнинг гўрига ғишт қалаш билан бошланиб, гап "эркакка ўхшаган" Амалбекка ўтди; сўнгра асли палаги тоза Жийдалида нечук кейинги йилларда бундайин айниш-бузилишлар урчиб кетаётгани тафтиш қилинди ва ниҳоят ҳамма бало "мана шу ичиб ўтирган сувимиз"га келиб тақалди.

- Дарёнинг суви тошдан-тошга урилиб, пишиб келади. Бизники бўлса... Буниям таъсири бордир, - дея ўзича тусмоллади Аҳад махсум.

- Ё ҳукумат шунинг учун бизни, ўзимизга билдирмасдан, Қўшдарёга қўшиб юбордимикан? - деган яна бир тахмин бўлди Ражаб қора томонидан.

- Ҳукумат ҳамма гапни айтмайди-ку. Шундай, айтмасдан қилади доим.

- Тўғри, уларнинг суви яхши. Оқар сув-да, ични қулдиратмайди, фором, - деди ўртанча қизи Қўшдарёга тушган Сафар носфуруш қувватлаб.

Соли бақироқнинг бу гапга аччиғи чиқди:

- Қўйсангиз-чи, Сафарқул, ота-бобонгиз мана шу сувдан ичиб ўтган-ку! Ё бугунга келиб у миянгизни айнитадиган бўлдими? Билиб олинг, сизники булоқ сувидан эмас, тамакининг жойига ҳар бало аралаштирилган кулдан, ҳа!

*  *  *

Бошқа жойларни билмадим-у, бизнинг Жийдалида ўша вақтлар "севги-муҳаббат", "севиб қолибди" ёки "турмуш қурибди" деган гаплар йўқ эди, эшитмаганман. Чамаси, бу тушунчаларга фақат китобларда ёзиладиган нарса деб қараларди. Китобдаги сиру савдолар эса олис, аллақандай бошқача юртлардагина кечиши мумкиндир - зинҳор-базинҳор покдомон Жийдалида эмас! Тўпори Жийдалида, масалан, фалончи фалончи билан севишибди деса, севган ҳам, севилган ҳам худди айб бир иш қилгандек дувва қизариб кетарди. Биров бировига "кўнгил қўйиб" ё "кўнгил бериб", ҳа, борингки, биров бировини "ёқтириб" ё "яхши кўриб" "хотин қилиши" ёки "эрга тегиши" - бу энди бўлак гап! Қарангки, шунақасига ҳам бемалол қўша қариб юраверса бўларкан!

*  *  *

Ошиқ кўнгил, шоир кўнгил, сармаст, армонли кўнгил - чидаёлмайди, дардини ёради-қўяди.

*  *  *

- Ҳар қандай сир-асрор қирқ йил ўтса ҳамки, бир кун келиб барибир очилади, дейдилар-ку?

- Нақл-да бу. Очилмайдигани қирқ минг йилдаям жумбоқлигича қолаверади. Бу нақлингиз бирор калаванинг учи-қуйруғи қирқ йил дегандами топилиб қолгану ўшанда тўқилган бўлса ажаб эмас.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo