Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

02.08.2018


“САЛОМ, БАХТЛИ БОЛАЛАР!”

Ҳар қандай давлатнинг эртанги истиқболини, порлоқ келажагини  юксак зеҳнли, салоҳиятли, соғлом ва баркамол фарзандлари  белгилаб беради. Мамлакатимиз таълим ва тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти ҳам ана шунга қаратилган.

Хусусан, бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, улар ўртасида ўзаро рақобатни таъминлаш,  соҳада хусусий секторнинг иштирокини ошириш борасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаяпти. Натижада чекка ҳудудларда ҳам замонавий шарт-шароитларга эга, бир нечта хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган янги-янги боғчалар иш бошламоқда. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар томонидан ишга туширилаётгани ҳам эътиборга молик.

Фарҳод Жуманов анча йилдан буён таълим соҳасида меҳнат қилиб келмоқда. Шунингдек, оила аъзолари билан ҳамкорликда тадбиркорлик соҳасида ҳам иш юритиб, анча тажриба тўплаган. Ҳукуматимиз томонидан хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этишда тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган имтиёз ва имкониятлар унинг ҳам педагоглик, ҳам тадбиркорлик борасидаги салоҳиятини ишга солиб, яна бир муҳим лойиҳани амалга оширишга ундади. Ана шу ташаббус натижасида Чироқчи тумани Янгиобод маҳалласи ҳудудида “Hello, happy kids!” деб номланган, инглиз ва рус тилларини ўргатишга ихтисослашган, замонавий мактабгача таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди.

- Муассасамиз 80 ўринга мўлжалланган, - дейди боғча мудираси Манзура Шаймардонова. – Тўғрисини айтсам, боғчани очгунимизга қадар “Бу ер қишлоқ жой бўлса, одамлар фарзандини олиб келармикан”, деган хавотиримиз ҳам бор эди. Аммо иш бошлаганимизнинг илк кунлариданоқ кўплаб одамлар болаларини олиб кела бошлади. Бир ҳафта ичида бирорта ҳам бўш ўрин қолмади. Буни ўзимиз ҳам кутмаган эдик. Энди эса бор эътиборимизни катта умидлар билан фарзандини бу ерга етаклаб келган ота-оналарнинг ишончини оқлашга қаратмоқдамиз.

Муассасада спорт ва тасвирий санъат тўгараклари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, бошланғич таълимга тайёрлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: муассаса фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo