Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Сайдулло бобо ЖАББОРОВ: Ригада ярадор бўлиб, Воронеждаги госпиталда ўзимга келганман

Собир НАРЗИЕВ

04.05.2023


Сайдулло бобо ЖАББОРОВ: Ригада ярадор бўлиб, Воронеждаги госпиталда ўзимга келганман

Шукрона

 Инсоният бошига аёвсиз кулфатларни ёғдирган Иккинчи жаҳон урушининг оловли нуқталарида вилоятимиздан 47 мингдан ортиқ киши жанг қилган бўлса, беқиёс қаҳрамонлик кўрсатган  воҳадошларимиздан бири Шаҳрисабз туманидаги Қуччи қишлоғида истиқомат қилаётган Сайдулло бобо Жабборовдир.

Сайдулло Жабборов урушнинг илк кунлариданоқ фронтга сафарбар этилиб, аввал артиллерия дивизионида "замбарак" ўқловчи вазифасида, кейинчалик эса танк батальонида  хизмат қилган.

- Бу жуда оғир кунлар эди, - дея уруш хотиралари билан ўртоқлашади  Сайдулло бобо. - Дастлаб Волга дарёси бўйидаги жангларда иштирок этдим.  Бир неча маротаба жароҳат олдим, соғайиб яна сафга қайтдим. Латвия ва Литва ҳудудларида жанг қилдим. Фашистлар кўплаб ҳудудлардан тамомила чекина бошлаган. Уруш якунига 7-8 ой қолган бир пайтда Рига шаҳрини душмандан тозалаш жараёнида танамга яна ўқ тегиб, ҳушимни йўқотганман. Орадан бир неча кун ўтиб  Ригадан қарийб 1,5 минг километр узоқликда жойлашган Воронеждаги ҳарбий госпиталда ўзимга келдим. Икки қўлтиқтаёқда уйга қайтган пайтларимда эса аллақачон 1946 йил бошланиб кетган эди.

Сайдулло Жабборов урушдан сўнг кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалигининг турли тармоқларида меҳнат қилиб, обрў-эътибор топди. 

Урушда, ҳаёти қил устида турган лаҳзаларда бугунги дориломон кунлар келишини, шундай фаровон ҳаёт кечиришини орзу ҳам қила олмаган Сайдулло бобо ҳар тонг невараларининг шодон кулгиларини эшитиб, ўзида йўқ севинади. Фарзандларининг юз-кўзларидаги хотиржамлик умрига умр қўшади. Уруш фахрийсининг улуғ ёшда ҳам тетик ва бардамлигига сабаб мана шу - тинч, осуда ва фаровон кунлар. Бобонинг изҳори шундай: илоҳим, юртимизнинг ана шу тинчлигига, халқимизнинг фаровон ҳаётига кўз тегмасин.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган сурат.

Report typo