Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

06.04.2021


Ўрта ёш давридаги ҳаёт тарзи кексаликда соғлиққа таъсир этади

Олимлар одамлар ҳаёт тарзи билан боғлиқ кўп йиллик тажриба ўтказди ва тиббиётчилар соғлом турмуш тарзи кексаликдаги касалликлар профилактикаси учун муҳимлиги ҳақида доим эслатиб туриши бежизга эмаслигини тасдиқлади.

Ким ҳам ёши ўтгандан сўнг қартайиб, кучсиз бўлиб қолишни хоҳларди? Кимдир ўз хоҳиши билан кексаликда ҳаёти шундай кечишига тайёр эканига ишониш қийин. Бинобарин, соғлом қарилик учун асос ҳозирлашга унчалик кеч эмас ва бу осон.

Тадқиқотчилар кўп йиллик изланишлари давомида ўрта ёшдаги мунтазам жисмоний фаоллик, шунингдек, мева-сабзавотларга бой парҳез кексаликда соғлом юрак ва организмда моддалар алмашинуви яхши кечиши учун асос бўлиши мумкинлиги оддий ҳақиқат эканини исботлади.

Эҳтимол, бу кимлар учундир сийқаси чиққан гаплар туюлар, аммо Америка кардиологлар ассоциацияси ўтказган кенг кўламли ва давомли ўрганишлар айнан шундай хулосага асос бўладиган натижа кўрсатди. Бошқача айтганда, энди соғлом турмуш тарзи бўйича бир сонияни ўн йилга узайтирадиган тавсиялар илмий изланишлар орқали тасдиқланди. Эҳтимол, ушбу тадқиқот қарийб 70 йил  аввал бошланиши жоиз эди. Ҳаммаси ҳақида  навбати билан тўхталамиз.

Одатда тиббий мутахассислар ҳафтасига камида 150 дақиқа ўртача жисмоний фаолликни ёки 75 дақиқа юқори даражадаги интенсив машғулотни тавсия қилади. Парҳез эса витамин, минерал, клетчаткаларга бой ҳамда оқсил, ёғ ва углеводлар сақлаши балансланган хилма-хил овқатлардан ташкил топиши керак.

Бизга тушунтирилишича, тадқиқот давомида олимлар ана шу тавсиялар ҳақиқатан ҳам келгусида организмда жиддий касалликлар ривожланишидан қочишга ёрдам бера олишини аниқлашга қарор қилган. Шундай хасталиклардан бири метаболик синдром - юқори артериал қон босими билан боғлиқ симптомлар мажмуаси, ортиқча вазн, инсулинга сезгирликнинг пасайиши ҳисобланади. Ушбу белгиларнинг мавжудлиги инсонда диабет, юрак касаллиги ва инсульт ривожланиши хавфи юқорилиги билан боғлиқ.

*  *  *

Олимлар Фрамингем юрак тадқиқоти натижаларига оид маълумотларни қайта таҳлил қилди. У юрак қон-томир касалликларини ўрганишга бағишланган ва тарихдаги энг узоқ давом этган эпидемиологик изланишлардан биридир. Унинг учун 1953 йилда 5 минг 209 нафар эркак ва аёл танлаб олиниб, ҳар икки йилда юрак касалликлари фактига текшириб турилган.

Айнан Фрамингем тадқиқоти натижалари юрак касалликлари ривожланишининг асосий хавф омиллари: холестерин ортиши, артиреал босим, чекиш, семизлик ва жисмоний нофаоллик эканини илк марта аниқлаш имконини берган эди. Унинг биринчи ҳақиқий иштирокчилари авлодлари кейинги ўрганишларга ҳам кўнгилли бўлди. 2002 йилда уларнинг набираларидан иборат "учинчи авлод гуруҳи" тўпланди.

Янги тадқиқотда қатнашишга 2 минг 379 киши қабул қилинди. Уларнинг ўртача ёши 47 ёшни,   таркибдаги аёллар сони 54 фоизни ташкил этади. 2008 йилдан 2011 йилгача иштирокчиларнинг жисмоний фаоллиги ва овқатланиш одатлари ўрганилди. Улар кун бўйи ҳаракатни қайд этиб борувчи қурилма тақиб юрдилар. Шунингдек, ушлаган парҳезига оид сўровнома тўлдиришди.

*  *  *

Тадқиқот натижалари атиги 28 фоиз қатнашчи соғлом турмуш тарзи бўйича берилган икки асосий тавсияга амал қилганини кўрсатди. Яна, кузатилганларнинг 47 фоизи улардан қайсидир бири - тўғри овқатланиш ёки етарлича кўп ҳаракатланиш талабларига амал қилгани билан мақтана олади.

Қатнашчиларнинг соғлиғини такрорий текишириш 2016 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда амалга оширилди. Олимлар якуний натижалардан келиб чиқиб, бир қанча муҳим хулосалар қилди.

Иштирокчилардан ким фаол ҳаёт тарзига одатланган бўлса, уларда ҳеч бир тавсияга амал қилмаган назорат гуруҳи вакиллари билан таққослаганда метаболик синдромга чалиниш хавфи 51 фоиздан, ушлаган парҳези хилма-хиллигига эътибор қаратганларда 33 фоиздан паст бўлди. Ҳам овқатланиш, ҳам жисмоний фаолликда намуна кўрсатган қатнашчиларда эса бу хавф 65 фоизга пасайди.

Энди тиббиёт ходимлари ўз мижозларини соғлом турмуш тарзига амал қилишга ундашда реал ва текширилган маълумотларни далил қилиб келтириши мумкин. Бинобарин, тадқиқот ҳаёт давомида парҳезни рад этиш жисмоний юклама мунтазамлигидан чекланиш каби қўрқинчли эмаслигини кўрсатди. 

Модомики, тадқиқотда фақат ўрта ёшдаги европеоид кишилар қатнашган экан, олимлар олинган натижалар бошқа ирқ ва ёш гуруҳи вакилларига ҳам мос келишини текшириш зарурлиги ҳақида гапираяпти.

Дарвоқе, шунга ўхшаш изланиш кетаяпти. Хусусан, 1994 йилда Фрамингем тадқиқоти доирасида юрак қон-томир касалликларини ўрганиш учун келиб чиқиши ҳар хил бўлган одамлар: замири Осиёга бориб тақаладиган, афро, лотин ва туб америкаликлардан қўшимча гуруҳ шакллантирилган. Бироқ уларнинг натижалари ҳали таҳлил қилинаяпти.

Report typo