Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

17.09.2021


Партия лидерлари мамлакат номини ўзгартиришни таклиф этди

Янги Зеландиядаги Маори партияси раҳбарлари мамлакатни Океаниядаги "Аотеароа" деб аташ ва барча шаҳарлар номини 2026 йилга қадар маори тилига ўзгартириш талаби билан эълон қилинган петиция учун имзо тўплашни бошлади, дея хабар тарқатди RNZ радиоси.

Сиёсий ташкилот ҳамраислари, мамлакатнинг маҳаллий туб аҳолиси вакиллари саналган Равири Ваитити ва Дебби Нгарев-Пакер асл номлар бузилган, рад этилган ва эътиборга олинмаган, деб ҳисоблайди.  

Манба Ваититининг: "Аллақачон илгариги маори тили бу мамлакатда биринчи ва расмий тил мақомини олди. Биз Океания мамлакати, биз Аотеароа", деган гапларини келтирган.

Нгарев-Пакер сўзларига кўра, ХХ аср бошларидаги   мустамлакачилик таълими ва жой номларининг инглизчага алмаштирилиши ҳозирги Янги Зеландия маҳаллий аҳолиси аждодларининг она тилини ўрганиш лаёқатини 1910 йилдаги 90 фоиздан 1950 йилда 23 фоизгача пасайишига олиб келди.

"Бор-йўғи 40 йилда мустамлакачилар биздан тилимизни маҳорат билан тортиб олди. Биз бунинг таъсирини ҳамон ҳис қилаяпмиз", дея қайд этган партия ҳамраислари.

Янги Зеландиянинг мамлакатга европаликлар келгунига қадар бўлган маҳаллий одамлари - маорилар ҳозир жами аҳолининг 15 фоизини ташкил қилади, аммо фақат 3 фоизи маори тилини билади.

Бош вазир Жасинда Ардерн қайта номлашга қарши чиқди.

"Бизда Янги Зеландия номини расман ўзгартириш режаси йўқ. Бироқ, айтишим мумкинки, айни вақтда одамлар жойларни аташда ажойиб тарзда турли номлардан фойдаланаётгани менга ёқаяпти. Уйлайманки, бу амалиёт кенгайиб бораверади", деган ҳукумат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, маори тили мамлакатда инглизча билан бир қаторда расмий мулоқот воситаси сифатида тан олинган, жойларнинг асл номларидан келажакда ҳам алмашлаб фойдаланилаверади.

"Аотеароа" номи маорилар аждодлари саккиз аср аввал, саккизта катта қайиқда сузиб келганда Янги Зеландия ороллари устида кўрган "Узун оқ булут"ни англатади.

Report typo