Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

08.01.2021


ОСМОННИ СУЯБ ТУРГАНИГА ҲАМ ДУНЁНИ ХАТЛАБ БЕРМАС ЭКАН

Сараланган сатрлар

Мустабид тузумларнинг қиёфаси ўхшаш бўлади: унда ҳокимият тепасидаги бир тўда кимсалар манфаати, яхши яшаши йўлида бутун бошли халқ хизмат қилади, қийналади, заҳмат чекади. Улар бошида турганлар эса "Биз бўлмасак, яшолмайсиз" деган ғояни илгари суриши оқибатида таги пуч мафкура, шиорбозлик, шахсга сиғиниш, мадҳиябозлик авжига чиқади. Бу бора-бора турли жабҳалардаги инқирозга, халқ қашшоқлашувига, бошқарувнинг боши берк кўчага кириб қолишига сабаб бўлади. Бунга тарихдан мисоллар бисёр. Аммо ёлғон, алдов, сохта даъватлар билан ишонтириш орқали ҳукумат юрғизаётганлар кам дейсизми бугунги кунда? 

Ёзувчи Эркин Аъзам "Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати" қиссасида ана шундай мустабид тузум намояндаларига ўзига хос киноя, истеҳзо билан назар солади. Асарга айнан бир мамлакат асос қилиб олин(ма)ган бўлса-да, кимлардир, нималардир жуда танишдай туюлаверади...

* * *

Бу мамлакатда шу тузумнинг отаси ҳам, онаси ҳам, соҳибу раҳнамоси ҳам биргина киши - тамал тошини қўйган ҳам ўзи, барпо этган ҳам ўзи, ўлгудек баҳраманд бўлиб келаётган ҳам ўзи. Сўз улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен устида кетаётир. Бу юртда ҳар бир тошу ҳар гиёҳ шу зотнинг уч бўғиндан иборат шарафли номи билан боғлиқ. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Асло.

* * *

...ҳар қандай нусха, тақлид кўпинча аслиятдан ёрқинроқ, мукаммалроқ, айниқса, сердаъво бўлиши аён. Гоҳо шу қадарки, аслиятга хос моҳият ҳув четда қолиб кетиб, тамомила ўзгача бир манзара дунёга келади. Аслиятдан хабардор кимса, хабардори нимаси - қарғадан булбул ясамоққа уринган, уни тарбиялаб оёққа қўйгунича жигарлари хун бўлган, гоҳ минг турли ҳийла-найранг билан, гоҳ зулму зўрлик билан унга хониш ўргатган зот, дейлик "халқлар отаси" аталмиш мўйловдор доҳий бу манзарани кўрса борми, эҳтимол, аввал азбаройи мамнуният (ўттиз йиллик заҳматларининг бир меваси-да!), жонажон трубкасини ҳузур билан бир тортиб қўйиб, "Да-а! Харашо, тавариш Хон Ман Мен!"  деган, сўнгра эса, учлари тутундан сарғайган шопдек мўйловини алам ва надомат билан шартта юлиб ташлаган бўларди: "Мен ҳам юрган эканман-да, алоҳида бир мамлакатда социализм қурдим, деб!"

* * *

Ғалати одат: бирор ажнабий билан сўзлашганда одам негадир ўзи билган тил, дейлик, ўрис тилида жавоб қайтаради. Бу ҳам майли, худди суҳбатдошингиз кардек бирдан бақириб гап уқтира бошлайсиз: гўё у тилингизни биладию, лекин қулоғи оғирроқ; гўё шундай қилинса, у тилни билса-билмаса, тушунадигандек!

* * *

Осмонни суяб турганига ҳам   дунёни хатлаб бермас экан. Бу орада юз ёшларга яқинлашиб қолган улуғ доҳий товариш Хон Ман Мен оламдан ўтиб, мамлакат халқи етим қолди. Юртда бир неча йиллик мотам эълон қилинди. Мотамга ҳам, етим халққа ҳам биров бош бўлмоғи лозим. Кутилганидек, "Сен етим эмассан!" дея халқнинг бошига "севимли раҳбар" товариш Мен Хон Ман чиқди. Улуғ оғасининг шон-шарафларга бурканган тарихий йўлини оғишмай, фидокорона давом эттирмоққа қасамёд қилди.

* * *

Ўзбек тилида "ўртоқ" деган сўз бор. Бу калима инқилобдан илгари ҳам бўлган. Дўст, биродар, жўра дегани. Шўро замонига келиб коммунистлар ана шу сўзни "товариш"га айлантирмоқчи бўлдилар. Чамаси, бу иборанинг асл мазмунини товариш коммунистларнинг ўзи-да яхши тушунмаган ва ёки маслакдошлар орасида у анчайин бир шартли ўрон бўлган, холос. Шунинг учунмикан, улар бир-бирининг кўзига чўп суқишдан, биров-бировини чалишдан, сотишдан асло тортинмаган. Ҳақиқий ўртоқ ҳеч қачон бундай қилмайди-ку!

"Товариш" сўзи коммунистларга ярашади, коммунистлар - "товариш" сўзига. Бошқа гап йўқ.

* * *

Яқин ўтмишда ўзимизда ҳам серсаволроқ одам шаккок, ғаламис ҳисобланар, пешонасига "сиёсий кўр", "онгсиз" деган тамғалар босилар эди.

* * *

Ў-ў, бир чапакбозликларни кўрдик, бир чапакбозликларни кўрдик, таърифига сўз қайда! Боғча ёшидан бошлаб чалганмиз чапакни. Гоҳо шундай берилиб кетардикки, мажлис-маросимдан кейин кафтларимиз бир неча кун ловиллаб юрарди. Буям бир меҳнат-да. Оғир меҳнат! Айниқса, минбардан чиқаётган гаплар шунчаки ҳавога учаётганини, ҳеч қачон амалга ошмаслигини сезиб-билиб турсангиз! Айниқса, баландпарвоз шиор шаклида отилаётган бу сўзлар ишонч-эътиқодингизга зид бўлса, тескари бўлсаю, ўзингизни самимий, садоқатли кўрсатиб, бор кучингиз билан кафтни кафтга урмоққа маҳкум этилсангиз! Оғир, жуда мажбурий меҳнат!

* * *

Ҳамма суратда - улуғ доҳий ва севинчу бахтиёрликларидан юзлари гул-гул ёниб турган халқ вакиллари, ҳаммасида - улуғ доҳий ва ишлаб чиқариш илғорлари. Кўпчилигида доҳий халқ хўжалигининг турли тармоқларига бевосита раҳбарлик қилаётгани, қимматли йўл-йўриқ, маслаҳатлар бераётгани акс эттирилган. Лекин манзара деярли бир хил: у зот қўлини пахса қилиб нимадир демоқда, орқасидаги блокноту ручка кўтарган бир тўп одам шоша-пиша ёзиб олмоқда. (Кейин билдим, телевизорда эртадан кечгача такрорланадиган ахборотларда ҳам худди шу кўриниш экан: қўл ўша-ўша пахса, атрофда ўша-ўша блокнотчилар.)

* * *

"Чапак" - талаффузи бузуқ, қандайдир ҳарфи тушиб қолган чала бир сўздек туюлади менга. Асли, дейлик, "чалпак" бўлганмикан? Бироқ бу  бошқа тушунча, маъноси бошқа. Чалпак - баъзи вилоятларимизда фақат таъзия маросимларида пишириладиган, қозонда ёққа қовуриб олинадиган юпқагина хамир таом. Шунданми, "Чалпагингни ейин" деган қарғиш ҳам бор - "ўл, ўлганингда исқотингдан татиб кўрай" мазмунида. Ҳарҳолда, бу кўпам илиқ-иссиқ ибора эмас. "Уриб чалпак қилиб ташлади", яъни - ўлигини чўзиб қўйди, юпқасини чиқариб юборди; ёки: "Чалпакка ўраб ташласанг, ит ҳам қарамайди". Ит ҳам қарамаса, демак, мутлақо яроқсиз, кераксиз бир нимарса экан-да. Хўш, чапакка буркаб ташласа-чи? Ҳар қанча азиз матоҳ бўлмасин, кафтлар орасида шапатиланавериб у ҳам юпқа тортиб, тўзиб, сийқаланиб кетмайдими? Кейин унга ҳатто ит ҳам қарамай қўймайдими? Умуман, шу икки сўз бир негиздан эмасмикан?..

* * *

...на чапак, на олқишлар умрни узайтира олар экан. Улуғ доҳийнинг ўлими бу ҳақиқатни исботлади. У барибир юз ёшга етолмади. Буниси энди чапагу олқишга эмас, Яратганнинг иродасига боғлиқ экани осий бандасига аёндир!

* * *

Тарихга замбиялик ё зимбабвелик бўлиб кирсангиз нима қипти, кирганингиз ҳисоб-да, тўғрими?

* * *

Шаҳарнинг қоқ ўртасидаги ясама тепаликда катталиги уйдек келадиган бир расм - панно бор. Унда олис уфқдан заррин нурлар сочиб бош кўтариб келаётган қуёш, ям-яшил ўтлоқлар, гулгун чаманзорлар ва дўмбоққина бир болакай тасвири солинган. Болакай, чеҳрасида ёшига номуносиб бир шижоат, қуёш сари қўл чўзиб турибди. "Улуғ доҳий товариш Хон Ман Меннинг беш яшарлик чоғи, - дея изоҳ беради зукко товариш Як. - Илк бор жонажон Буриёни истибдод чангалидан озод қилиш ва коммунизм ғояларини рўёбга чиқариш режаларини тузаётир".

Бу гапга нима дейсиз! Лекин миллионлаб одам, миллион-миллион буриёлик бу риё ва рўёларга ишониб, ширин алдовлар оғушида яшамоқда. Начора, эътиқод - ўлимдан кучли. Зулм эса ундан-да қудратлироқ.

* * *

Бир оқшом катта концерт олдидан ҳам ҳаммамизга гул улашиб чиқилди. Санъаткорларга тақдим этмоқ учун. Ажабо, гул кимга керак бўлса, ўзи сотиб олади, ўзи хоҳлаган одамга тақдим этади, шундай эмасми? Йўқ, ҳаммаси маълум тартиб билан, ҳурмат-эҳтиром ҳам, ихлос-эътиқод ҳам расамадига қараб тақсимланмоғи шарт экан. Оқибати шу бўлдики, олдинда ҳали зўр-зўр томошалар, зўр-зўр санъаткорлар турганини билмай, ҳамма қўлидаги гулни бошда чиққан ўртамиёнароқ бировларга тутқазди-юборди. Пулингиз куймаган-да, текин-да. Чинакам санъатга дуч келганингизда эса,  бояги гулга ичингиз ачиб, беихтиёр чўнтак кавлаб қоласиз.

* * *

Отахоннинг назарида - олам ҳамиша чароғон, олижаноб ғоялар тантана қилган мамлакати осмонида булут-пулут бўлиши мумкин эмас, ғам-ташвиш деган нарсалар-ку таг-томири билан йўқ бўлиб кетган; бу дунёда танҳо худо - унинг ўзи, энг бахтиёр ва энг фаровон халқ - унинг халқи, тамом-вассалом! Дейлик, табиий офат важидан бирор вилоят экин майдонларини сув босди. Хўш, буни доҳийга қай шакл, қай оҳангда етказмоқ лозим - шунинг устида, лоф эмас, бутун бир институт бош қотиради. Охирида бу ахборот бош назоратчи - Мен Хон Маннинг ғалвирига келиб тушади. Майдатароқ ана шу ғалвирдан ўтсагина уни доҳийга тақдим этиш мумкин. Лекин қандай қилиб, қай тарзда - бу борада ҳам анча-мунча калла банд. Ниҳоят, офтоб чарақлаб турган, чолнинг димоғи чоқ бир фурсат танланиб, у ўша сизларга кўз-кўз қилинган манзиллардан ҳам ҳашамдорроқ хос саройидаги хушҳаво чаманларда сайр этиб юрганида яқин мулозимларидан бирининг қўлидаги жимитдеккина транзистордан - ороллик доҳий дўстининг ҳадяларидан - бир кишигагина мўлжалланган махсус радиотармоқ орқали жонни аллаловчи, бениҳоя дилрабо аёл овози билан ҳалиги шўрлик хабар ўқиб эшиттирилади. Тахминан мана бундай йўсинда: "Фалон куни фалон вилоятнинг фалон жойидаги айрим экин майдонларини салгина сув босиш хавфи туғилди. Ҳукумат томонидан зудлик билан кўрилган оқилона чора-тадбирлар туфайли табиий офатнинг олдини олишга муваффақ бўлинди. Бунинг учун дала меҳнаткашлари жонажон партия ва ҳукуматдан, шахсан улуғ доҳий товариш Хон Ман Мендан ўла-ўлгунча миннатдордирлар". Хабардан сўнг табиий офатларни енгишга чорловчи даъваткор мусиқа янграйди.

* * *

Дунёда чорасиз нарса йўқ. Гап - нимани танлаб, нимадан воз кечишда.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo