Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

18.12.2020


ОСМОНГА БЕРКИНГАН АДИБ

ёхуд Антуан де Сент-Экзюперининг ғаройиб ҳаёти

Дунё адабиёти хазинаси

Тасаввур қилайлик, олдимиздан азим бир дарё шарқираб оқиб ётибди. Чанқоғини қондириш учун ундан ҳар ким ўз ҳовучига сиққанича сув олиб ичмоққа қодир. Дунё адабиётининг кўпгина гўзал намуналарини, шу жумладан, ўзига хос - эртак-масал услубида ёзилган "Кичкина шаҳзода" асарини ҳам мана шундай дарёга қиёслаш мумкин. Аммо биз 1943 йилда ёзилиб, ҳалигача каттаю кичик томонидан бирдай севиб ўқиб келинаётган ушбу машҳур асар ҳақида эмас, унинг "отаси" - Антуан де Сент-Экзюперининг ғаройиб ҳаёти ҳақида гапириб беришни лозим кўрдик.

Машҳур француз ёзувчиси, шоир ҳамда ҳарбий учувчи Антуан Мари Жан-Батист Роже де Сент-Экзюпери 1900 йилда Франциянинг Лион шаҳрида дунёга келган. Кўпгина атоқли одамларда бўлгани каби, Антуаннинг ҳам санъат ҳамда бадиий адабиётга эрта қизиқишига унинг онаси сабабчи бўлади. Ёзувчи бутун умри давомида онасига мактублар ёзган. Бадиий миниатюранинг асл намунаси бўлган бу мактубларида у онасини ўзининг энг яхши дўсти ва барча ишларида илҳомлантирувчиси эканини тез-тез эслатиб ўтади.

Ёзувчи келиб чиқиши жиҳатидан аслзодалар оиласига мансуб эди. Шу боис бирор хавфсиз касбни эгаллаб, тинчгина ҳаёт кечириш имконига ҳам эга эди. Аммо болаликдан ўз қизиқувчанлиги билан бошқа болалардан ажралиб турган Антуан хавф-хатарларга бой ва сермашаққат йўлни - ҳарбий учувчилик ҳамда ёзувчиликни танлади. Бу борада ёзувчининг ўзи "Мен учун учувчилик билан ёзувчилик битта нарса. Муҳими - йўлдан тўхтамаслик. Муҳими - ўзлигингни англаш", деб ёзади.

Антуан де Сент-Экзюперининг ҳаётига назар ташласак, у ҳам саргузашт руҳида ёзилган асар қаҳрамонларининг ҳаётига ўхшаб қизиқарли ўтганига гувоҳ бўламиз. У болалигида тунукадан телефон ясаган. Ўн икки ёшида эса самолёт-велосипед "ихтиро" қилган ва унда осмонларга учишни орзу қилган. Шунингдек, шеърлар ёзар, расм чизар, мусиқа асбобларини чалишни билар ҳамда ёниб турган оловга термулиб соатлаб хаёл суришни яхши кўрарди.

Экзюперининг кўрган-кечирганлари фақат оқ ранглар ва биз юқорида санаб ўтган каби ёрқин лавҳалардангина иборат эмас. Бу кунлар орасида оғир синовлилари кўпроқ аслида. Масалан, Экзюпери жуда эрта - тўрт ёшида отасидан айрилиб етим қолади. Ўн етти ёшида ўзидан бир неча ёш катта акаси Франсуа бевақт оламдан ўтади. Умри давомида ўн бешта самолёт қулаши ва турли бахтсиз ҳодисаларни бошдан кечиради.

Антуан де Сент-Экзюпери, айниқса, акасининг ўлимидан кейин инсоннинг ҳаётдаги ўрни ва абадийлик ҳақида ўйлай бошлайди. Қалбини одамлар учун фойдали бўлган нималардир яратиш, қандайдир эзгу ишларга қўл уриш истаги эгаллаб олади. Мана шу ўй-кечинмаларнинг натижаси ўлароқ, у 1921 йилда ўзи ўқиётган нафис санъат техникумининг архитектура факультетини тарк этиб, Франция ҳарбий ҳаво кучлари сафига хизматга киради. Хизмат даврида имтиҳонларни аъло даражага топшириб, ҳарбий учувчи рухсатномасини олади. 1922 йилда эса кичик лейтенант унвонига эришади. Орадан бир йил ўтгач, биринчи марта авиаҳалокатга учрайди ва бошидан жароҳатланади. Бироқ инсоният учун хизмат қилишни мақсад қилган Экзюперини бу ҳалокат таслим қила олмайди, аксинча, Парижга қайтиб бориб, ижод билан жиддий шуғулланишига сабабчи бўлади.

1926 йили соғлиғини тиклаб, ўзи севган учувчилик ҳаётига қайтади. Унинг "Учувчи" номли илк ҳикояси ҳам айнан мана шу йилда эълон қилинган. Антуан де Сент-Экзюпери жуда кўплаб давлатларга учди. Ўз касбида турли лавозимлар, турли мукофотларни эгаллай борди. Бу вақтда эса унинг ижодий фаолияти ҳам учувчилик фаолиятига мос равишда давом этар, "Жанубга хат", "Тунги парвоз" каби романлари бирин-кетин дунё юзини кўрмоқда эди...

1930-йилларнинг ўрталарида Антуан де Сент-Экзюпери ўз шахсий самолётига эга бўлди. Унда узоққа учиб бориш бўйича жаҳон рекордини янгиламоқчи бўлди. Бироқ Ливия чўли устидан учиб ўтаётганда яна бир бор ҳалокатга учрайди. Агар ўшанда уни бадавийлар топиб олишмаганда, олган оғир жароҳатлари ва сувсизлик туфайли ҳалок бўлиши аниқ эди.

Ушбу ҳалокатдан бир йил ўтиб,  Экзюпери Парижда чиқадиган "Пари-Суар" газетасининг мухбири сифатида фуқаролик уруши рўй бераётган Испанияга йўл олди. Фашизмни англашга ва унинг манфур юзини очишга ҳаракат қилди.

Ёзувчи шуҳратга ҳам, бойликка ҳам қизиқмас, бироқ ўзи кўнгил қўйган нарсалар учун курашишдан тўхтамас эди. Шунинг учун ҳам ўзини уруш ўчоғига урди: ҳарбий разведкага ёзишларини талаб қила бошлади.  Саломатлиги ва ёши тўғри келмаса-да, охир-оқибат бунга эришди. Адабиёт олами ва ҳарбийлар орасидаги танишлари унга ортиқ учишни тўхтатишини, ҳарбий тарғибот жамоасида ишлашни таклиф қилишар, у бўлса буни кескин рад этарди. Айни пайтда бор кучини сарфлаб ҳам учувчилик, ҳам ижодий лаёқатини урушга қарши қўйган эди.

Ёзувчининг энг сўнгги парвози эса ташқи ва ички тарафдан сир-синоатларга тўла. Ўша пайтларда учишга яроқсиз деб топилиб, захирага олинган Антуан де Сент-Экзюпери тўсатдан яна ҳаракатдаги ҳарбий учувчиликка рухсат олишга қаттиқ ҳаракат қила бошлайди. Бу вақтда у 45 ёшга кирган, саломатлигига путур етиб улгурган, унинг бу талаби расмиятчиликка ҳам, қайсидир маънода мантиққа ҳам тўғри келмасди. Аммо у ўзини ҳаракатдаги ҳарбий учувчилар сафига олишларини жон-жаҳди билан талаб қилар, бунга рухсат олиш учун генерални таъқиб этар, у билан учрашиб, гаплашиб олиш мақсадида қабулхонага ҳар куни қатнар эди. Кўпчилик кейинчалик Экзюперининг бу ҳаракатини "салкам ўз жонига қасд қилиш билан баробар эди", деб изоҳлаган бўлса-да, яшашга чанқоқ Экзюпери аслида қайсидир маънода ҳаётга интилаётган эди: унинг учун яшаш айнан парвоз қилишдан иборат эди. Айримлар каби ерда ҳеч кимга халал бермай, ҳеч кимга нафи тегмасдан яшаш, тинч ва хотиржам ўлим топиш унинг осмонларга интилган руҳига зид келарди...

Антуан де Сент-Экзюпери яна бир бор ҳарбий учувчиликка рухсат олгач, саккиз марта ҳавога кўтарилади. Ҳамиша тўсиқлар билан курашиб, ўзи учун қадрдон нарсаларни ҳимоя қилиб келган шарафли умрига интиҳо ясаган энг сўнгги - тўққизинчи парвози вақтида эса унинг ўз ўлимини олдиндан ҳис этган, деган тахминлар бор. Чунки у ўша парвоздан олдин "барибир қисматимга осмонда ўлиш битилган" деган сўзни айтган. Ҳарбий командири ва айни пайтда ижодининг мухлиси Гавуальга тамакидон ва қўлёзмаларини топшириб, кўзларида ёш билан "Агар парвоздан қайтмасам, буларни унга берарсиз" деб бир инсонга бериб қўйишини илтимос қилади.

Орадан соатлар ўтади. Экзюпери учган ҳарбий самолёт ортига қайтмайди. Аниқроғи, ном-нишонсиз йўқ бўлади. У билан боғлиқ қандай фалокат содир бўлгани ҳалигача маълум эмас. Шунча йиллик ўрганишлар натижасида ҳам, Экзюперининг на бирор ерга қулаб тушгани, на душман қўшини томонидан асирга олингани тўғрисида аниқ маълумот топилмаган. Бугун ҳам Экзюперининг ҳалокатга учраганини билдирувчи ягона далил: у учган самолётдаги ёнилғи бунчалик узоқ пайтга етмаслигидир...

Антуан де Сент-Экзюпери ўз ҳиссасини нафақат ҳарбийлик ва адабиётга қўшди, балки ихтирочи сифатида ҳам бир нечта авиацион ихтиролар муаллифидир. Ҳозирги пайтда у туғилган Лион шаҳридаги аэропортга ва Патагониядаги тоғ чўққисига ёзувчининг улуғвор номи берилган. 1975 йилда кашф этилган астероидлардан бири ҳам 2013 йилдан бошлаб унинг асари номи билан "Кичкина шаҳзода" деб атала бошлади.

Ёзувчидан бизга мерос бўлиб қолган кўпгина асарлари орасида айниқса "Кичкина шаҳзода" асарини билмайдиган ўзбек китобхони топилмаса керак. Эртак-масал услубида ёзилган асарда фантастика билан реализм шу даражада уйғунлашиб кетганки, бу ўз-ўзидан ҳар қандай ёшдаги ўқувчини ўзига боғлаб олишга сабаб бўлади. Асарнинг ўзига хосликларидан яна бири, унда чуқур фалсафий қарашлар жўнгина ифодаланганидир. Ёзувчи ўзи мўъжаз, маъноси уммонга тенг бўлган бу асари билан гўёки ердаги умумбашарий муаммоларга жудаям баланддан, булутлар ортидан туриб назар ташлаганга ўхшаб кетади...

Мен гоҳи бирор асаббузарлик билан ўтган кунимнинг эртасига тонгда уйқудан уйғонар эканман, ўз-ўзидан Кичкина шаҳзоданинг "Бизда шундай қоида бор! Эрталаб уйқудан туриб, юз-қўлингни ювгач, дарҳол ўз сайёрангни тозалашга киришмоғинг лозим. Баобабларни ҳар куни, канда қилмай йўқ қилиб туриш керак" деган сўзларини эслайман. Кичкина шаҳзода жудаям яқинимда, гўёки ичимда туриб менга кечаги ранж, гинаю адоватларнинг барчасини кечаги кунда қолдириш лозимлигини тушунтираётгандек бўлаверади...

Аслида асардаги ҳар битта деталь, Кичкина шаҳзоданинг ўзи, унинг митти сайёраси, у чизиб беришни сўраган қўзичоқ, баобаб, гул, тулки, илон, қирол... бари-бариси рамзий маъноларга эга. Буни эса сиз фақат асарни берилиб мутолаа қилганингизда, ўзингизга, ўзлигингизга назар солиб кўрганингизда тушунишингиз мумкин.

 Байрам АЛИ тайёрлади.

Report typo