Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Қаюм КАРИМОВ

02.05.2017


ОЛИЙ ТАЪЛИМДА - ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

Университетнинг физика-математика факультети амалий математика ва информатика кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда республикамиздаги олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган академиклар, профессор-ўқитувчилар, изланувчилар, мустақил тадқиқотчилар ва иқтидорли талабалар ўз илмий мақолалари билан иштирок этди.

Конференцияда қайд этилганидек, бугунги кунда олий таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган педагоглар олдида турган асосий вазифа – талабаларга таълим стандартлари талабига мувофиқ сифатли таълим бериш, уларни мустақил равишда фаолият кўрсата олишга ўргатишдан иборатдир. Таълим сифатини ошириш, талабаларга фан бўйича чуқур билим бериш, уларни маънавий-маърифий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш жуда кўп омилларга бевосита боғлиқ бўлиб, бунда замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан самарали фойдаланиш энг асосий омиллардан саналади.

- “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқиш масаласи ҳам муҳим вазифа қилиб белгиланган, - дейди университет ректори, профессор Б.Шоимқулов. – Шундан келиб чиққан ҳолда бугун хорижлик ёшлар ва илмий жамоатчилик билан ўзаро тажриба алмашиш, улар билан тенг мулоқот қилиб боришда хорижий тилларнинг ва ахборот технологияларининг ўрнини ҳеч нарса билан алмаштириб бўлмайди. Бундай мақсадларга эришиш учун ўқув жараёнида замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Конференцияда аниқ ва табиий фанларни ўқитишда педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланиш, фанларни масофали шаклда ўқитиш, шунингдек, ўрта ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимида замонавий технологиялардан фойдаланиш муаммоларига қаратилган маърузалар тингланди.

Конференция якуни бўйича таклиф ва тавсиялар қабул қилинди. Анжуман материаллари “Олий таълим муассасаларида фанларни ўқитишда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан фойдаланишнинг долзарб муаммолари” мавзусидаги тўплам шаклида чоп этилди.

Қаюм КАРИМОВ,

ҚарДУ амалий математика ва информатика кафедраси мудири

Абусаид НОРОВ,

доцент

Report typo