Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 февраль, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Комила КАРОМОВА

12.05.2021


ОИЛА ТАҚДИРНИ БЕЛГИЛАЙДИ

15 май - Халқаро оила куни

Мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини, уларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жамият фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кун тартибида доим ўзининг долзарблигини йўқотмайдиган, ҳамиша эътиборни талаб қиладиган, озгина лоқайдлик туфайли  тизгинни йўқотиб қўйишимиз мумкин бўлган масалалардан бири ҳам бу оила масаласидир. Агар эътибор берадиган бўлсак, Президентимиз давлат раҳбари бўлиб иш бошлаган  биринчи кунларданоқ бу масалани давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифа деб белгилаб берди. Негаки, ҳамма нарса инсонга боғлиқ, лекин инсониятнинг тақдири аёлга, оилага боғлиқ. 

Президентимизнинг бирорта йиғилишлари йўқки, бу масала қайта- қайта тилга олинмаган бўлса. Ҳатто дунё миқёсидаги нуфузли анжуманларда ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини оилага, ёшлар тарбиясига қаратадилар. Ҳаммамизнинг ёдимизда: давлатимиз раҳбари 2018 йил 11 октябрда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитида бугунги глобаллашув жараёни шароитида долзарб масалалар қаторида оилаларни мустаҳкамлаш, бунда, айниқса, ўсиб келаётган авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этишига алоҳида тўхталиб ўтган эди. Эътиборли жиҳати, саммит якунида Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёнот ҳам қабул қилинди.

Президентимиз ташаббуси билан 2020 йилнинг февраль ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди. Шу муносабат билан тизим ходимлари зиммасига шарафли ва масъулиятли  вазифа юклатилди. Мақсад оилани қўллаб-қувватлаш орқали жамият барқарорлигини таъминлаш.  Президентимиз таъкидлаганларидек: "... биз ягона бир мақсадни кўзда тутмоқдамиз. Яъни Ўзбекистон илм-фан, интеллектуал салоҳият соҳасида, замонавий кадрлар, юксак технологиялар борасида дунё миқёсида рақобатбардош бўлиши шарт". Бу ниятларни эса аёл меҳнатисиз, оилалар ҳамжиҳатлигисиз амалга ошириб бўлмайди. Оила соғлом ва мустаҳкам бўлсагина бу улуғ салтанат   мустаҳкамланади.

Бугун вилоятимизда 788 та маҳалла фуқаролар йиғинида 626 минг 183 та хонадон, 778 минг 924 та оила бўлиб, уларда 3 миллион 283 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг 1 миллион 600 мингини  хотин-қизлар ташкил этади. 2020 йилда 30 минг 843 та янги оила қурилди. Шу йилнинг 4 ойида эса уларнинг сони 6 минг 612 тани ташкил этди. Ўзбекистон Президентининг "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси фаолият олиб бораяпти. Нотинч, ноқобил, жиноятчиликка мойил бўлган ёки профилактик рўйхатда турадиган аъзоси бўлган оилалар билан (шунингдек, хавфли гуруҳга кирувчи оилалар ва болалар) билан ишлаш мазкур комиссиянинг асосий вазифаси ҳисобланади. Комиссия ўз фаолиятида  оила, маҳалла ва таълим муассасалари билан ҳамкорликка катта эътибор қаратаяпти.

 Вилоятда жорий йилнинг  4 ойи давомида  934 та оилавий ажрим қайд этилди. Чироқчи, Яккабоғ, Китоб, Қарши тумани ва Қарши шаҳрида ажримлар сони ошган. Уларнинг асосий келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, 457 таси ўзаро келишмовчилик, 214 таси фарзандсизлик, 84 таси узоқ вақт бирга яшамаслик оқибати, 179 таси бошқа сабаблар туфайли рўй берган.


Фақат шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб яшаётганлар сони 1366 тани ташкил қилиб, шу даврда 429 та оиланинг никоҳи расмийлаштирилди.


Хотин-қизларимизда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредитлар ажратиш, бандлигини  таъминлаш  борасида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ишларини кучайтирдик. Қисқа вақт ичида 2019 нафар хотин-қизларимизга 33 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Ризоуддин Ибн Фахриддин таъкидлаганидек, оиланинг асл устуни аёлдир. Эркаклар тарбияда фақат аёлга бўйсунадилар. Фарзанднинг илк тарбиячиси бу унинг онаси. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда аёлларга муносиб турмуш шароити яратиш, улар ҳақида ғамхўрлик қилиш, қонуний манфаатлари, ҳуқуқларини таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаси ҳисобланади. Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш мақсадида вилоятимизда "Аёллар дафтари" жорий этилди. Ушбу дафтарга 9 та мезон асосида 32 минг 260 нафар хотин-қиз киритилиб, электрон база шакллантирилди.

Хотин-қизлар  бандлиги, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, билим ва касбий кўникмалар эгаллаб, муносиб иш топишларига кўмаклашиш, саломатлигини сақлаш, уй-жой масалаларини ҳал этиш, уларга тиббий ва психологик, хуқуқий ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш  бўйича  белгиланган вазифалар  88 фоизга таъминланди. 28 минг 380 нафар аёлларимизга амалий ёрдам берилди.

Никоҳланувчилар ўртасида "Оила - муқаддас", "Соғлом оила - соғлом жамият", "Оила жамият ва давлат ҳимоясида" ва "Фаровон оила - жамият равнақининг асоси" каби тадбирлар мунтазам  ўтказиб келинмоқда. Бу тадбирлар ёшларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришда кўмак бераяпти.  Шунингдек, қонуний никоҳсиз шаръий никоҳлар асосида турмуш қуриш ҳолатлари кўп бўлган ҳудудларда қонунчиликда белгиланган никоҳ тузиш тартиби ва шартларини, ФҲДЁ органларида расмийлаштирилган никоҳгина оила қурганлар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириши, диний расм-русумларга кўра тузилган никоҳ ҳуқуқий асосга эга эмаслиги кенг тушунтирилмоқда.

 Ҳар йили  Оила куни муносабати билан  "Йилнинг намунали ёш оиласи" танлови ўтказиб келинади. Бу йил мазкур танловнинг вилоят   босқичида биринчи ўринни Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласида истиқомат қилувчи Шаймановлар оиласи эгаллади. Танловнинг биринчи босқичида 788 та, туман (шаҳар) босқичида 336 та, вилоят босқичида 15 та ибратли ёш оила иштирок этди.

Оилани мустаҳкам қўрғонга айлантириш, Ватан, халқ, миллат орзу-умиди ва мақсадларини, келажагимизни асрашга ҳар биримиз масъулмиз. Ана шу мақсадда "Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш" telegram канали группасини ташкил этдик. Ҳар куни шу канал орқали фикр алмашамиз, топшириқлар ижроси ҳақида хабар берамиз. Ҳар лаҳза ўзимизга "Хўш,  фаолиятимиздан  одамларга қандай фойда тегаяпти?", деб савол беришимиз, шу саволга жавоб топа олишимиз зарур.  Аёллар маслаҳат кенгашлари ҳар бир оила билан фуқаробай ишлаш имконини бераяпти. Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, юқори маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мустаҳкам, тотув ва бахтли оила яратишга кўмаклашиш, уларга анъанавий оилавий қадриятларни сингдиришда мазкур кенгашларнинг аҳамияти катта. Оила тинч мустаҳкам бўлса, юрт ҳам тараққий топади. Шундай экан, оилалар мустаҳкамлигига эришиш, тинч ва фаровон кунларимиз заминидир.

Комила КАРОМОВА,

вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси  бошлиғининг биринчи ўринбосари


Суратда: Қарши шаҳридаги Мағзон маҳалласида истиқомат қилаётган ёш оила аъзолари - тадбиркор Нодирбек Мовлонов, турмуш ўртоғи Гўзал Мовлонова ва эгизак фарзандлари Имона ва Шукрона.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo