Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 февраль, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

03.11.2022


ОДАМ ҚАНЧА ҚОБИЛИЯТЛИ БЎЛСА, АТРОФДАГИЛАРНИ АЙНИТИШГА ШУНЧА УСТА БЎЛАДИ

Сараланган сатрлар

Ҳар қандай инсон ва жамият бахт сари интилади. Аммо бахтнинг аниқ ўлчов-қолиплари борми? Энг сўнгги, замонавий қулайликларга эга, муҳташам қасрда яшайдиган зодагон кулбасида бир этак боласи билан қуруқ нонга қаноат қиладиган фақирдан бахтлироқми? Умуман, бахт дегани моддий нарсаларга, ашқол-дашқолу темир-терсакка шунчалик боғлиқми?

Хўш, унда нега моддий бойликлар бисёр замонамизда одамлар ўзларини тўлақонли бахтиёр ҳис қилмаяптилар? Ортимизда қолиб кетадиган дунё учун ўзимизни ўтга-чўққа уришимизнинг боиси не?

Аслида ҳаммамиз тушунамиз: бахт бойликда, моддиятда эмас. Яшаш учун яратилган қулайликлар бизни саодатли этиб қўёлмайди.

Инглиз ёзувчиси Олдос Ҳаксли 1931 йилда ёзилган "Ажиб янги дунё" романида давримиздан бир неча аср кейинги воқеликка фантастик, антиутопик нуқтаи назардан ёндашади.

Техникалар ўта даражада такомиллашган, энг юқори тезликда ҳаракатланувчи вертоплан каби учиш қурилмалари ҳаммада бор. Одамлар ишга боради, қисқа соатли иш кунидан кейин замонавий теннис, гольф ўйинларига қатнайди, кўнгилочар масканларда ҳордиқ чиқаради.

Одамлар эса махсус эмбрионарийда сунъий равишда яратилади - яъни фарзандни она дунёга келтирмайди. Она деган тушунча ўта уятли бўлиб, жамият бундай қарашларга тоқат қилолмайди.

Эмбрионарийда ўсимлик сингари ўстирилаётган болалар эса эртага нима иш беришига қараб парваришланади. Дейлик, альфа гуруҳида ақлли одамлар яратилса, эпсилонда фақат ишга ярайдиган, ақл-идроки ўзига яраша одамлар пайдо қилинади. Ақлий-жисмоний қобилиятни сусайтириш учун эса кислород миқдорини камайтириб, турли дорилар бериб борилади.

"Бахт ва фазилат эгаси бўлишни истасанг, аниқ нарсаларни бил; умумий ғоялар, шаксиз, маънавий ёвузликдир. Файласуфлар эмас, марка йиғувчилар ва чорчўп усталари жамиятни тутиб турувчи устунлардир", дейди тузум мафкурабозлари.

"Қисматингга битилганини сев! Рефлексларни пайдо қилиш орқали мослаштиришдан мақсад, одамларга муқаррар ижтимоий тақдирини севдиришдир".Одамлар тузум ва тизим истагани каби яратилгани боис бирор кимсада эътироз ёки норозилик йўқ. Иссиқ ва дим конларда ишловчилар ҳали эмбрион ҳолатида иссиққа ўргатилган, совуқ шароитларда тер тўкадиганлар эса совуққа кўниктирилган. Бошқача айтганда, одамлар шундай шакллантирилганки, улар ўзларини шунчаки талаб қилинганидан бошқача тута олмайдилар. Улардан талаб қилинаётган нарсалар эса шу қадар ёқимли, табиий ички майлларни қондиришга кенг имконият берилган ва истакларга қарши чиқишнинг аввало имкони, қолаверса, ҳожати ҳам йўқ.

Демакки, ушбу жамиятда муаммо бўлмаслиги керак. Кимнидир бирор муаммо қийнаса, ҳар куни текинга наркотиксифат таблетка тарқатилади. Француз, немис тиллари ўлик тилга айланган. Шекспир каби ёзувчиларни ўқиш тақиқланган. Бунинг ўрнига болаларга гипнопедик усулда, яъни уйқуда таълим берилади - маълумотлар ёдлатилади, фикрлаш, таҳлил қилиш шартмас. Одамлар тарихни, буюк шахслар, классик олимларни унутган, автомобиль ихтирочиси Фордни худо деб билишади. Ўтмишдан фақат Бернард, Гельмгольц, Ленина, Дарвин Бонапарт каби номлар сақланиб қолган.

Инсон фитратида тафаккурга эҳтиёж бор экан, ўзини, жамиятни тафтиш қилишга уриниш ҳатто шу сунъий жамиятда ҳам учраркан. Бернард исмли киши кунларнинг бирида таътил олиб, замондошлари "ёввойи" деб атайдиган - ҳозир биз учун табиий саналадиган яшаш шароитида умр кечираётган, оналар бола туғиб, одамлар фикр юритадиган жамиятга йўл олади. "Ёввойи"лардан бири унга қўшилиб, "ажиб янги дунё" сари йўл олади ва кўрган-гувоҳ бўлган нарсаларига, гарчи улар одамларни бахтли қилиш учун ҳозирланган бўлса-да, қабул қилолмайди.

Фашизм булутлари соясида ёзилган "Ажиб янги дунё" асари оммавий кўнгилхушлик, технология, тиббиёт, фармацевтика, кўндириш санъати ва элитанинг яширин таъсири ҳукмронлик қилаётган дунёга назар солади.

* * *

Сўзлар ёрдамисиз шартли рефлекция пайдо қилиш қўпол ва ялпи таъсир қилади; унинг ёрдамида одам хулқидаги нозик фарқларни, мураккаброқ хулқни шакллантириб бўлмайди. Бунинг учун сўз керак, ақлга асосланмаган сўзлар.

* * *

Ўзини ҳақоратлангандек ҳис этганлар ўзларини жирканч тутадилар.

* * *

Ижтимоий барқарорликсиз тараққиёт бўлмайди. Индивидуал барқарорликсиз ижтимоий барқарорлик бўлмайди.

* * *

Китоб ўқиб ўтирган одамга кўп нарса керак эмас.

* * *

Жисмоний ноқислик ақлни керагидан ортиқ ўткирлаштириб юбориши мумкин. Аммо бунинг акси бўлган ҳоллар ҳам учраб туради. Ҳаддан ташқари ўткир ақл кишини онгли ҳамда бир мақсадга қаратилган ёлғизликнинг кўрлик ва карлик дунёсига, зоҳидликнинг ёлғизоёқ йўлига дучор қилади.

* * *

Агар тўғри қўлланса, сўзлар рентгент нурлари каби ҳар қандай нарсани ёриб ўта олувчи кучга айланади.

* * *

Атрофингдагилар сенга ишонмаса, ўзинг ҳам уларга ишонмай қўясан.

* * *

Айрим одамлар деярли каркидон; уларда рефлексларни ҳосил қилиш қийин.

* * *

Онгсизлик, афтидан, юқумли бўлади.

* * *

Агар сен бошқалар каби бўлмасанг, унда ёлғизликка маҳкумсан. Сенга ҳайвондек муносабатда бўладилар.

* * *

Одам қанча қобилиятли бўлса, атрофдагиларни айнитишга шунча уста бўлади.

* * *

"Қандай ажиб тус олиб бораётир бу оламда яшаш. Бахт ҳақидаги хаёлларни улоқтириб ташлаш имкони бўлганида эди..."

* * *

Арзимаган сабаб билан золим душманларга айланиб қолувчи улфатлар баҳоси сариқ чақага тенг.

* * *

Дўстнинг асосий хизматларидан бири (юмшоқроқ ва рамзий маънода) биз истасак ҳам, душманларимизга бера олмаган жазога нишон бўла олишдир.

* * *

Илк сатрларданоқ унинг юраги дукурлаб ура бошлади; "Уҳ тортаётган бойқуш" жумласини эшитибоқ, ажиб роҳатдан юзига табассум югурди, "Йиртқич елқанот махлуқ" сатри унинг ичига олов ёққан бўлса, "Ажалнинг машъум куйи ила" сўзларидан ранги оқариб, аввал ҳис қилиб кўрмаган, титроқли санчиқ турди.

* * *

"Шекспир бобой қаршисида, - тан олди Гельмгольц, - бизнинг энг кучли тарғибот мутахассисларимиз ҳам ҳеч ким экан".

* * *

Ич-ичингдан шундай қийналиб, оғриқ суягингга етиши ҳам керак; йўқса, чин маънода яхши, барчага бирдай таъсир қила оладиган, рентген нуридек ўтиб кетадиган жумлаларни кашф қила олмайсан.

* * *

Айрим қизиқишларимиз учун оғир машаққатларга тоб беришимизга тўғри келади.

* * *

Тасаввурда жонлантирилган севикли сиймо ташқи гўзалликдан узоқроқ яшайди.

* * *

Оловланган қон энг қатъий қасамларни сомон каби ютади.

* * *

Эски нарсалар гўзал бўлади.

* * *

"Иккисидан бирини танлаш керак эди - ё бахтни ёки қачонлардир юксак санъат дея аталган нарсани. Биз юксак санъатни қурбон қилдик".

* * *

Бахтнинг табиий қиёфаси ҳар доим бахтсизликнинг жимжимадор безаклари олдида хунук кўринади ва, албатта, беқарорлик   барқарорликка қараганда анча рангинроқдир. Чуқур мамнуният аёвсиз тақдирга қарши курашлар романтикасидан бутунлай маҳрум, бунда васваса билан ёрқин жанглар йўқ, ҳалокатли гумонлар ва эҳтирослар мавжуд эмас. Бахт кучли таассуротлардан маҳрум.

* * *

Ҳар қандай ўзгариш барқарорликни     хавфга қўяди. Янги ихтироларни ҳаётга татбиқ қилишда етти ўлчаб, бир кесишимизнинг сабаби ҳам шу. Ҳар қандай чин маънодаги илмий кашфиёт бузғунчи кучга эга; гоҳида ҳатто фанни ҳам эҳтимолий душманлар қаторига қўшишимизга тўғри келади.

* * *

Бахт - қаттиққўл хўжайин. Бахтга, айниқса, бошқалар бахтига хизмат қилиш, агар кўр-кўрона хизмат қилишга мослаштирилмаган бўлсанг, ҳақиқатга хизмат қилишдан кўра анча оғир.

* * *

Ёмон асосларга кўра ишонган нарсасига бошқа ёмон асосларни қидириш - мана шу фалсафа.

* * *

Мальпаисда у умумий тирикчиликдан четга чиқариб қўйилгани учун азобланарди, энди эса тараққий топган Лондонда, ижтимоий ҳаётдан ҳеч қаерга қочиб қутула олмаслигидан, сокин ёлғизликда қолиш мумкин эмаслигидан қийналмоқда.

* * *

Қадрият ихтиёрга боғлиқ эмас.

* * *

Муносиб нарса нафақат кимнингдир баҳолашига кўра, балки ўз-ўзича ҳам муносибдир.

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo