Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

06.05.2017


ОҚ ҚОҒОЗ, ҚОРА ҚАЛАМ

- Графикада расм чизиш бир қарашда жуда одми юмушдай туюлиши мумкин, - дейди ёш рассом Гулчеҳра Садинова. – Аммо аслида сира осон эмас. Борлиқни бор-йўғи иккита рангда кўрсатиб бериш мусаввирдан маҳорат талаб қилади. Тўғрироғи, бунда фақат қора қаламга таянамиз, оқ ранг эса қоғоздаги маълум ўринларни ўз ҳолича қолдириш орқали ҳосил қилинади. Агар ранг-баранглик таъминланса, суратдаги манзарани ҳам, рассомнинг ниятини ҳам тушуниш бирмунча осон бўлади. Графикада эса кўзни қувнатадиган, мусаввир мақсадини ярқ эткизиб англатадиган турфа ранглар бўлмайди, фақат чизиқлар, оқ-қора тафовут кўмагидагина ўз мақсадингизни баён қилишга тўғри келади. Ана шу жиҳат мени кўпроқ ўзига тортган, десам, хато бўлмайди.

Гулчеҳранинг суратларини томоша қилар экансиз, уларда ўзингизга таниш манзара ва ҳолатларни илғайсиз. Мана, кўз ўнгингизда “Она қишлоқ” деб номланган сурат турибди. Олисларда тоғлар қад керган, осмонда қушлар парвоз қилаяпти. Тоғ қишлоғининг оддийгина, пастак уйлари ёнида азим дарахтлар бўй чўзган. Олдинги фонда тик ўсган дарахт. Унинг ёнидаги йўлдан эшакаравада кетиб бораётган чоллар тасвирланган. Йўл четида митти-митти гул-чечакларни кўрасиз. Буларнинг бари оддийгина қора қаламда чизилганига қарамасдан, кишини бир зумда ўзига ром қилади. Чунки манзара жонли, “тирик” чизилган. Шабаданинг енгилгина ҳаракатию соялар ҳам худди қоғозга ҳаётнинг ўзидан кўчиб қолгандай...

Яна бир асарни диққат билан томоша қилган киши кўза, атлассимон нақшлар ва кашта гулларини илғайди. Сурат марказидаги катта кўзанинг ярми оқ, ярми қора, гўё ҳаётнинг шу икки жиҳатини бўрттириб кўрсатиб тургандай. Унинг гир теварагида турли шакл ва ҳажмдаги кўзалар тасвирланган, улар атрофида қалампирга ўхшаш нақшлар, чирмовуқ гуллар. Суратни томоша қила туриб, беихтиёр Хайём рубоийлари ёдга тушади.

- Кўза – умр рамзи, - дея суратга изоҳ беради Гулчеҳра. – Унинг қандай тўлиши, яъни умрнинг қандай ўтиши инсоннинг ўзига боғлиқ. Тошлар устида тасвирлангани эса омонатлик, нозиклик белгиси. Худди тош кўзани синдиргани каби ёмонликлар, хатолар инсон умрини емиради.

Гулчеҳра чизган суратлардаги яна бир муҳим жиҳат – уларнинг ҳар бирида намоён бўлиб турган миллий колорит. Ҳар бир расмдан мустаҳкам ўрин олган қалампирсимон, чирмовуқсимон ва шу каби миллий кашталарга хос шакллар, халқимиз ҳунармандчилиги намуналари бўлган кўза, миллий матолар – атласу шойи газламалар – бари ёш мусаввир ижодида мужассам. Гулчеҳра Садинованинг таъкидлашича, миллийлик унинг ҳар бир суратида акс этиши бежиз эмас, зеро, унинг тасаввури, хаёлот дунёси шу юртга хос манзаралар билан тўкис, шулар билан тўлақонли.

- Сурат чизишга болалигимдан қизиққан бўлсам, графикага сал кейинроқ – Қарши санъат коллежида ўқиб юрган чоғларимда ошно тутиндим, - дейди у. – Чизганларимни аввал уйда дадам, шоир Ўктам Садин билан муҳокама қилган бўлсам, коллежда устозим Наби Пирназаров менга бу йўналиш сир-синоатларини ўргатди, маҳорат сабоғини берди. Аста-секин ўз кучимни мамлакатимизда ёшларимиз учун ташкил қилинган турли танловларда синаб кўра бошладим.

2012 йилда тасвирий санъат ҳафталигида фаол иштирок этиб, иккинчи ўринга муносиб кўрилган ёш рассом 2013 йилда “Юрт келажаги” республика танловида ғолибликни қўлга киритди. 2015 йилда Қарши давлат университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган Гулчеҳра Садинова ўзи танлаган йўналишни янада чуқурроқ ўргана бошлади. Бугунги кунда у университетнинг педагогика факультети тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналишининг 2-босқич талабаси. Дарс-машғулотларда фаол қатнашиш баробарида устозлари Фарҳод Очилов, Эркин Жабборов, Муфассал Муҳаммадиев, Элёр Тўраев ва Нурман Бердиевдан тасвирий санъат сирларини мукаммал ўрганиб бормоқда. Шу билан бирга, университетда ташкил этилаётган турли беллашув ва танловлар Гулчеҳранинг иштирокисиз ўтмайди.

- Ўтган йили университетда ўтказилган “Устоз ва шогирд” халқаро танловида биринчи ўринни қўлга киритгандим, - дейди у. – Бундан ташқари, “Янги аср истеъдодлари” республика кўрик-танловида ҳам якуний босқичда ғолиб деб топилдим. Танловлардаги иштирок одамда ўзига бўлган ишонч ҳиссини мустаҳкамлайди, қолаверса, бошқалар билан фикр алмашиш, янгилик ўрганишда ҳам катта ёрдам беради. Ўз ижодимда шу янгилик ва тажрибалардан фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Гулчеҳра ёш бўлишига қарамасдан бир неча марта тасвирий санъат кўргазмаларида қатнашишга муваффақ бўлди. Унинг асарлари томошабин томонидан илиқ кутиб олинди. Шулардан бири – республика Бадиий коллежи ўқитувчиси, таниқли рассом Гулнора Раҳмон Гулчеҳранинг расмларини томоша қилиб, унинг келажакда катта рассом бўлиб етишишини айтган эди.

- Фақат ижоддан тўхтамаслик керак, - дейди Гулчеҳра. – Ўзимга ўзим фақат шу гапни такрорлайман. Меҳнат, изланиш, биз кабиларга яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланиш янги ютуқларга эришишимда пойдевор бўлишига ишонаман. Келажакдаги режаларим ҳам шунга монанд. Ўқишни тамомлаб, магистратура босқичида таълимни давом эттирсам, ўзим каби рассомчиликка қизиқадиган ёшларга сабоқ берсам, дейман. Ва албатта, келажакда номим таниқли рассомлар қаторида тилга олинишини истайман.

Интилганга толе ёр, дейишган. Ёш мусаввир Гулчеҳра Садинова ҳам ўз интилишларининг самарасини кўришига шубҳа йўқ...

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

 

Суратни муаллиф олган.

Report typo