Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

01.02.2019


"ОҚ КЕМА" ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ СПЕКТАКЛИ ДЕЯ ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ

Маросимда "Йилнинг энг яхши спектакли", "Йилнинг энг фаол актрисаси", "Йилнинг энг фаол актёри" каби 31  номинация бўйича мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

Ғолиблар орасида воҳамиз вакиллари ҳам бор. Хусусан, "Энг ташаббускор ҳудудий бошқарма бошлиғи" номинациясида ғолиблик вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Салим Сайимовга насиб этган бўлса, "Йилнинг энг яхши спектакли" номинациясида вилоятимиз мусиқали драма театрида Чингиз Айтматов асари асосида саҳналаштирилган "Оқ кема" спектакли эътироф этилди. Мукофотни театр труппа раҳбари, "Шуҳрат" медали соҳиби Қурбон Бердиев қабул қилиб олди. 

 Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан юртимизда фаол ва сермаҳсул ижод қилаётган санъат ва маданият вакиллари ҳамда ўз ижодий тажрибалари билан ёшларга ибрат бўлаётган устоз санъаткорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган танловда иштирокчилар "Театр, кино ва оммавий томошалар", "Эстрада ва анъанавий, опера хонандалик, мусиқа ижрочилиги ва рақс санъати", "Тасвирий ва амалий санъат", "Бадиий ижод, журналистика ва телевидение", "Эътибор, эҳтиром, эъзоз" каби 5 та йўналиш бўйича  сараланди.

- Республикамизда 38 та давлат театри бўлиб, улар томонидан йил давомида 154 та спектакль яратилган, - дейди Қурбон Бердиев. - Театримизда ёш режиссёр Асқар Холмўминов томонидан саҳналаштирилган  "Оқ кема" спектаклининг эътироф этилиши ижодий жамоамиз ишига берилган юксак баҳо бўлиб, бизни янги ютуқ ва муваффақиятлар сари илҳомлантиради.

Вилоят мусиқали драма театри жамоасининг бу йилги режалари бисёр. Айни дамда бу ерда таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев Туроб Тўла асари асосида "Нодирабегим", режиссёр Олимжон Салимов Тоғай Мурод қиссаси асосида "От йиғлаган томонда" спектакллари устида иш олиб бормоқда.

Сожида АЛЛАЁРОВА

 

 

 

Report typo