Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Нурбек ЭРГАШЕВ: БИР-ИККИТА МУАММОНИ КЎТАРМОҚЧИ ЭДИМ, АММО ПРЕЗИДЕНТ, АВВАЛДАН БИЛГАНДЕК, ЎЗ НУТҚИДА ҲАММАСИГА ЖАВОБ БЕРДИ

Нурбек ЭРГАШЕВ

25.08.2022


Нурбек ЭРГАШЕВ: БИР-ИККИТА МУАММОНИ КЎТАРМОҚЧИ ЭДИМ, АММО ПРЕЗИДЕНТ, АВВАЛДАН БИЛГАНДЕК, ЎЗ НУТҚИДА ҲАММАСИГА ЖАВОБ БЕРДИ

Дилдаги гаплар

Юртимизда давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашиши ажойиб   анъанага айланди. Шу йил 22 августда бўлган очиқ мулоқотда бевосита иштирок этиш менга ҳам насиб этди. Таассуротлар бир олам. Президент бу учрашувга жуда катта тайёргарлик кўргани, тадбиркорларнинг мурожаатларига жиддий қарагани сезилди.

Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам давлат раҳбарига бир қанча таклиф билан юзланмоқчи эдим. Бизни қийнаётган масалалар бўйича енгиллик сўрашни ният қилгандим.

Аҳамиятлиси, ҳали сўзламай туриб, давлат раҳбаридан жавоб олдим. Президент бизга бош оғриғи бўлаётган муаммоларга ечимларни бирма-бир ўқиб эшиттирди. Талай имтиёз ва имкониятлар тақдим қилди. Шу тариқа масала кўтаришга ўрин қолмади.

Бир масала - қўшилган қиймат солиғининг 12 фоизга туширилиши бўлди. Экспортчи корхоналарга ҳисобланган қўшилган қиймат солиғи тўловини қайтариш муддати 7 кунга қадар қисқартирилиши таъкидланди. Айниқса, бу енгилликлар бизга жуда маъқул. Тадбиркорларга берилаётган ушбу қулайликларни узоқ давом эттириш мумкин. 

Бир сўз билан айтганда, Президентнинг шундай ташаббуслари, қабул қилаётган қарор ва фармонлари тадбиркорга кўмак бўлаяпти. Ишбилармонлик муҳити яхшиланаяпти.

Корхонамиз мисолида кўрадиган бўлсак, 2011 йилда 36 нафар ишчи билан фаолиятни бошлаганмиз. Кичик корхонадан пахта-тўқимачилик кластери даражасига етдик. Ҳозирда 2800 нафар кишини доимий банд қилганмиз.

2017 йилда давлат раҳбари корхонамизга келиб, йигирув фабрикамиз билан танишган, тўқув фабрикамизни очиб берганди. Шундан сўнг ўтган қисқа фурсатда яна 4 та йирик қувватни ишга туширдик. Бор имкониятдан тўлиқ фойдаланаяпмиз. Йил охирида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 1 триллион сўмга етказиш мўлжалланган. Ўтган йили 35 миллион АҚШ доллари қийматидаги текстиль, кийим-кечак хорижга экспорт қилинган бўлса, бу йил ушбу рақамни 100 миллион АҚШ долларига етказа оламиз.

Мақсадимиз - давлат раҳбарининг ёнида туриб, кўмагига таяниб, фаолиятни янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш. Тақдим этилаётган қулайликларни ишга солиб, шижоат билан олға одимлаймиз.

Нурбек ЭРГАШЕВ,

Қарши шаҳридаги "Султон текс" хусусий корхонаси раҳбари, "Дўстлик" ордени соҳиби

Report typo