Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

13.06.2024


"ЎНТА ЛЕНИНДАН БИТТА БОБУР ЧИҚМАДИ-Я..."

Сараланган сатрлар

Китоб ўқиш борасида ҳамманинг диди ҳар хил. Кимдир бадиий адабиётга қизиқиб, ўзгалар тақдир-кечинмалари орқали ўз ҳаётини тўғри йўлга қўйишни, савияси кўтарилишини ўйласа, яна кимдир бадиий асарларга вақт ўтказиш воситаси сифатида қараб, илмий йўналишдаги битикларни ҳижжалайди. Биров тарихий воқеа-ҳодисаларнинг бадиий ифодасидан завқ олса, яна кимнингдир бу борадаги хулосаси аниқ: ўтган ўтиб кетди, бугунни кўриш керак! Кимдадир сўзлаганда, ўзаро гурунгларда ишлатиш учун ҳикматли сўзларга эҳтиёж юқори бўлса, ишдан чарчаб келганда, дам олишга бирор китоб бўлса қанийди, дейдиган одамлар ҳам йўқ эмас.

Энди ўйлаб кўринг: турфа дид-савия, даражага эга одамларнинг барчасига ёқадиган китоб бўлса-чи? Модомики, шундай асар мутолаасини хоҳласангиз, Хайриддин Султон қаламига мансуб "Одамлардан тинглаб ҳикоя" китобини ўқинг.

Аввало, китоб номи эътиборингизни тортади. Ҳамид Олимжоннинг "Одамлардан тинглаб ҳикоя, Ўсар эди шоирда ғоя" мисралари анча узоқ хотиралар сари элтади. Тўпламдаги 31 ҳикоя эса турли одамлардан эшитилган, тарих ва қисмат, бахт ва бахтсизлик, қувонч ва қайғу акс этган битиклардир.

Жумладан, "Омад" ҳикоясини машҳур уламо Анвар қори Турсунов, "Отамнинг айтганини қилишим керак"ни шоир Ориф Одилхонов, "Ҳар иш бўлса - Худодан" ҳикоясини маънавият фидойиси Зокиржон Машрабов, "Одам бўлган одам"ни ҳарбий врач Зикрилла Эгамбердиев сингари реал шахслар сўзлаб бергани эътиборга молик.

"Ички ишлар вазирининг ошга боргани", "Қишлоқ хўжалиги вазирининг таъзияга боргани", "Мудофаа вазирининг жанозада имомлик қилгани", "Валижон касал бўлди", "Байрут хотираси" каби ҳикояларда эса юқори даражадаги раҳбарлар, вазирлар, фавқулодда ва мухтор элчилар, генераллар, олий тоифали учувчилар, дин пешволари, маданият ва санъат арбобларининг бутун бошли галереясини кўрасиз.

*  *  *

Машойихлар бекорга: "Омадинг ёр бўлиб, бахтинг уйғонса, тоққа отган кесагинг тошни синдирар", деб айтмаганлар.

*  *  *

Йўқ, сиз ўликдан қўрқманг, тириклардан қўрқинг. Ўликлар сизга ҳеч қандай ёмонлик қилолмайди. Ўлик нима? Бамисоли ухлаб ётган одам, тириклар чатоқ, ҳар балою офат шулардан келади.

*  *  *

Энди, ука, у пайтда газетада фельетон чиқаришнинг ўзига яраша қонун-қоидаси бор эди. Масалан, бирон ўғри, каззоб-муттаҳам ёки порахўр раҳбар, хотинбоз ёки иғвогар кимса ҳақида партия контроли идораси ёки орган материал тўпларди, унинг отини "компромат" дерди, кейин шуни газетанинг бош редакторига бериб, "фельетон ташкил қилиш"ни буюрарди. Редактор бўлса, фельетонлар бўлимига топшириқ берарди. Биз ана шу материални ўқиб, ўзимиз умримизда кўрмаган, бориб гаплашмаган, ўзимиз текширмаган воқеалар ҳақида фельетон тўқирдик. "Компромат"даги фактлар тўғримикан, деб сўраш худдики партия органига шубҳа қилиш билан баробар эди.

Фельетон газетада чиққанидан кейин партия идоралари гўё бу гапдан мутлақо бехабардек, ёлғондан ажабланиб, "Ия, шундоқ ишлар бўп кетибди-ю, начора, энди чора кўрмасак, социалистик матбуот танқидига принципиал баҳо бермасак бўлмайди", деб, фельетон қаҳрамонларининг масаласини бюрога қўйиб, бошига итнинг кунини соларди. Шундоқ замонларни ҳам кўрган бу аканг боёқиш.

*  *  *

Энди, ким нима деса десин-у, лекин амал деган нарса ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Худо назар қилмаса, эшак бозорга ҳам даллол бўлолмайсан. Лекин шу амал деб одамгарчиликдан чиқиб қолиш ёмон-да. Мана, шахсан ўзимни оладиган бўлсак, мен мелисада оддий шофёрликдан иш бошлаб, пешонамга ёзилган экан, начальник РОВД бўлдим, начальник ГУВД бўлдим. Ҳукуматимизга, раҳбаримизга раҳмат, эллик уч ёшимда вазир этиб тайинландим.

Бир вақт "Темур тузуклари"да ўқиган эдим, "Салтанат тўнини кийгач, танимдан ҳузур-ҳаловат кетди", деб ёзган эканлар раҳматли бобомиз. Бу гап худди биз сингари форма кийиб, погон таққанлар ҳақида айтилган, десам, ука, сиз хафа бўлманг. Албатта, переводчиклик ҳам осон эмас, лекин, барибир, нисбатан эркинсиз-да, ҳеч бўлмаса, кечаси ўзингизга қолади-ку. Бу жуда катта бахт, қадрига етинг, оғайни.

*  *  *

Эрталаб ишга келсам, адъютант почтага қўшиб бир даста таклифнома олиб киради: биров, дейлик, конференцияга, биров тўй-маъракага, яна кимдир юбилейга чақирган бўлади.

Албатта, буларнинг аксарияти шахсан менга эмас, балки мен эгаллаб ўтирган лавозимга аталганини яхши тушунаман. Шунинг учун гоҳида адъютантни лол қолдириб, таклифномани овоз чиқариб ўқийман. Яъни, ўрнимдан туриб, икки қадам орқага бораман-да, олдин стол ортидаги креслога таъзим бажо келтираман, кейин:

"Ҳурматли Кресло! - деб мурожаат қиламан. - Сизни азиз фарзандларимиз Фалончижон ва Писмадонхоннинг никоҳ тўйи муносабати билан фалон кун, фалон соат, фалон ресторанда бўладиган тўй оқшомига лутфан таклиф этамиз..."

*  *  *

Бобожоннинг отаси Полвонниёз оға Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг авлодларидан эди. Лекин, инди, ана бу совет давриндағи "қама-қамалар"да кўзининг ўтини олдириб қўйғанми, умуман бу ҳақинда ўзи ҳам, болалари ҳам чурқ деб оғиз очмасди.

Нега деганда, Хеванинг охирги хони Саид Абдуллахон бола-чақаси, қариндош-уруғлари билан қўшиб ҳисоблағанда, жами бўлиб юздан ортиқ одам - кимиси отилиб, кимиси қамалиб, яна қай бирлари Украина томонларға сургун этиб юварилғанини булар яхши билар эди.

Манглайи қора Саид Абдуллахон Кривой Рог деган шаҳарда кўмир шахтасинда қоровулчилик қилиб, хорлиқ-зорлиқда ўлиб кетган экан. Инди, буниям ким билади, ким билмайди.

*  *  *

Так что, акалар, бозор иқтисодиётини Ўзбекистонда биринчи бўлиб биз - чинозликлар бошлаганмиз. Шахсан мен бу билан фахрланаман.

Масалан, кўм-кўк помидорни бир кечада қип-қизил қилиб қандай пишириш мумкинлигини биласизми? Хом помидорни сават ёки яшиги билан янги ўрилган беда ғарамига кўмиб, димлаб қўясиз. Эрталаб очиб қарасангиз, лоладек қип-қизариб турибди. Энди, буям бизнинг ўзимизга хос "ноу-хау" эди-да.

*  *  *

Бу ҳужжатда стажировка даврида мен бажаришим зарур бўлган вазифалар батафсил белгилаб берилган эди. Бир йил давомида мен бир қатор жиноятларни, жумладан, 1 та қотиллик, 2 та босқинчилик, 3 та зўрлаш, 5 та фирибгарлик, 7 та ўғирлик, 4 та гиёҳвандлик, 6 та одам савдоси билан боғлиқ ишларни очишим керак эди. Агар шу шартларни бажарсам, стажёрликдан прокурор ёрдамчиси лавозимига ўтишим мумкин экан.

Ҳали содир бўлмаган жиноий хатти-ҳаракатларни фош этиш олдиндан, бу қадар пухталик билан режалаштириб қўйилганини кўриб, очиғи, ҳайрон бўлдим.

*  *  *

Бир олигархдан сўрашибди: "Сиз биринчи миллионни қандай қилиб топгансиз?" "Биринчи миллионними? Ҳа-а, Африкага бир самолёт қор обориб сотганман", дебди олигарх. "Ие, ҳеч замонда бир самолёт қор бир миллион бўларканми?" деб сўраса, "А, самолёт-чи?" деб жавоб берган экан.

*  *  *

Нима эмиш, Ўзбекистон Республикасида долларда савдо-сотиқ қилиш қонун билан қатъий тақиқланган экан, бу - бир. Иккинчидан, нотариус тасдиқламагани учун бу тилхатнинг икки пуллик юридик қиммати йўқ экан. Учинчидан, тўртинчидан... Э, ўргилдим бунақа қонунлардан, бунча тешик-тирқиши кўп бўлмаса!..

*  *  *

- "Адрес папка" кўп, лекин шу... "90 ёш" дегани йўқ экан.

- Нега?

- Чунки 90 ёшга камдан-кам одам чиқаркан. Кейин... бу ёшда деярли юбилей бўлмас экан-да. "50", "60", "70", "75" деганлари бор, лекин "90" деган папка ҳеч топилмади. Шунинг учун босмахонага алоҳида буюртма қилишга тўғри келди, Худо хоҳласа, эртага эрталаб тайёрлаб беришади.

- Улгурамизми, ишқилиб? - деб сўрадим кулиб юбормаслик учун.

- Улгурамиз, хўжайин, ўлибмизми улгурмасдан...

Илоё, ҳаммамизни "адрес папка" топилмайдиган ёшларга етказсин.

*  *  *

Меҳнат жамоаси дегани нима? Юз фоиз онгли, масъулиятли, давлат, жамият манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун деб биладиган одамларми? Ким шундай деса, бекорларни айтибди. Жамоа - бу ҳар қайсиси кўрпани ўзига қараб тортадиган, турли хил, аксарият ҳолларда ғаразли манфаатларни илгари сурадиган одамлар ва гуруҳлардан иборат олақуроқ бир оломон. Бундай тўда ҳеч замонда билимдон, принципиал, қаттиққўл ва талабчан, иш деганда ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам тиним бермайдиган инсонни раҳбар этиб сайлайдими? Бошимни гаровга қўйиб айтаманки, ҳеч қачон сайламайди!

Жамоага қандай раҳбар керак?

Бировнинг мушугини пишт демайдиган, ҳеч кимдан иш талаб қилмайдиган, жамоанинг ҳар қандай хархашасига чурқ этмай кўнадиган, савияси ўртамиёна, бўш-баёв бир бошлиқ керак, холос!

*  *  *

Раҳматли ҳайкалтарош укамиз Равшан Миртожиев билан Бобур Мирзо монументини Андижонда илк бор бронзадан қуйишга қарор қилдик. Бюстларни эритиб, бобомизнинг ҳайкалига ишлатдик. Лекин барибир озгина етмай қолди. Шунда таажжубланиб: "Эй тавба, ўнта Лениндан битта Бобур чиқмади-я", деб юборибман.

*  *  *

Аёлларга ҳақиқатан ҳам қийин, айниқса, бир тийин бўлса ҳам уйимга, бола-чақамга қайирай, деб яшайдиган, умрида заҳмату меҳнатдан бошқа нарсани кўрмаган ўзбек аёлларига чет элда юриш осон эмас. Арзиган-арзимаган матоҳнинг баҳосини миллий ва хорижий валюта курсларига хаёлан конвертация қилавериб ҳолдан тойиш ва ниҳоят, "Вой, ўлсин!" деб юбориш - энди, буни билган одам билади, билмаган одам - бахтли бўлади.

Хусусан, умр йўлдошингизнинг гулдек умри ривожланган социализм давридаги "очиратлар"да, бир бўлак колбаса ёки сарёғ, бир банка сув қўшилган сут, бир жуфт пайпоқ учун магазинларда навбат кутиб сарғайиб ўтиб кетган бўлса, сиз муштипар аёлингизнинг қандай қилиб дипломсиз иқтисод фанлари докторига айланиб қолгани, нима учун ҳар бир тийин, ҳар бир цент ёки бат устида титраб-қақшашининг сабабларини албатта тушуниб етасиз, деб ўйлайман.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo