Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
18 июнь, жума. 2021 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • НЕГА АСАЛАРИЛАР БИР БОШЛИҚҚА СЎЗСИЗ ИТОАТ ЭТИБ, ТАРТИБ-ИНТИЗОМ БИЛАН ИШЛАШАДИЮ, ОДАМЛАР БУНДАЙ ЭМАС?

НАСРИДДИН

04.06.2021


НЕГА АСАЛАРИЛАР БИР БОШЛИҚҚА СЎЗСИЗ ИТОАТ ЭТИБ, ТАРТИБ-ИНТИЗОМ БИЛАН ИШЛАШАДИЮ, ОДАМЛАР БУНДАЙ ЭМАС?

Сараланган сатрлар

 Ҳусайн Воиз Кошифий XV асрда яшаган атоқли олим ва адиб, буюк ахлоқ муаллими бўлиб, илми нужум, тафсир, фалсафа, адабиётшунослик, тилшунослик, фиқҳ бўйича бир неча китоблар ёзиб қолдирган. "Тафсири Ҳусайний" (Қуръон тафсири), "Ахлоқи Муҳсиний", "Анвори Сухайлий" номли асарлари эл орасида машҳур бўлиб, бугунги кунда ҳам илму ҳикмат, ахлоқ ва фалсафа борасида муҳим манбалар саналади.

 Кошифий Алишер Навоийнинг яқин дўсти ва мухлиси бўлган, Навоийга бағишлаб китоб таълиф этган. Сўз мулкининг султони ҳам Кошифийни ҳурматлаб, "Мажолис ун-нафоис" тазкирасида унга алоҳида ўрин ажратган, истеъдодини юқори баҳолаган.

 Кошифий ўз асарларида фақат панд-насиҳат, гап уқтириш билан шуғулланмайди. Унинг мушоҳадалари теран. Жумладан, "Анвори Суҳайлий"нинг кириш бобида Ҳумоюнфол подшонинг овга чиққани ва тоққа чиқиб, дарахт кавагида уя қўйган асалариларни кўриб, уларнинг тартиб-интизом билан ишлашлари, бир бошлиққа сўзсиз итоат қилишларини кўриб ҳайрон қолиши ҳикоя қилинади. Ҳукмдор доно вазирига мурожаат қилиб, нега арилар мана шундай интизомга бўйсунадилару одамлар бунақа эмас, деб сўрайди. Вазир жавобида дейди: арининг табиати бир хилдир, унинг хилқати бир хил унсурлардан яратилган, унда ақл ва шуур йўқ. Ари ўз амалларини беихтиёр бажаради. Инсон табиати эса бир-бирига зид турли моддалар, унсурлардан яратилган, бунинг устига унга ақл ва фаҳму фаросат берилган. Шунинг учун инсонлар ўзаро мухолифликда, зиддиятли курашда яшайдилар. Вазир бундан хулоса чиқариб, агар инсонлар ҳам арилар каби табиий итоат ва тартиб бўйича ҳаракат қилсалар эди, унда шоҳга ҳожат қолмас эди. Шоҳнинг вазифаси ана шу зид табиатли одамлар орасини келиштириш, адолат йўли билан ҳар кимга яраша муомала қилиш ва жамият тартибини сақлашдан иборатдир, дейди.

 "Футувватномаи султоний" (асар номидаги "Султоний" ибораси подшоларга айтилган гап бўлмасдан, жавонмардларнинг пири - раҳбарига нисбатан қўлланган)  асари Кошифийнинг тасаввуф ва футувват одоби, русумидан қанчалик чуқур хабардор эканини кўрсатади. Футувват - сахийлик, беғараз эзгуликлар кўрсатиш удумидир.

 Қуйида "Футувватномаи султоний"дан лавҳалар сараладик. Китобда юриш-туриш, ухлаш-уйғониш, таомланиш, сув ичишдан тортиб, меҳмон кутишу мезбонлик, салом беришу алик олиш, тугал айтганда, комил инсон даражасига етишишни истаган кишининг одоб-ахлоқи хусусидаги фикр-мулоҳазалар ўрин олган. Ўйлаймизки, асарнинг тўлиқ мутолааси Сиз учун манфаатли бўлади.

 * * *

 Агар фақрнинг аломати нечта деб сўрасалар, учта деб айт: биринчиси - меҳрида қуёш каби бўлиш, зеро қуёш ҳамиша беминнат нур сочади, ҳеч кимни ўз нуридан баҳрасиз қолдирмайди. Иккинчиси - ер каби тавозуъли бўлиш, зеро ерга оёқ қўйган ҳар бир одам яхши-ёмон ҳақида ўйлайди ва ўз мақомидан силжимайди. Учинчиси - булут каби сербарака, саховатли бўлиш, зеро булут ҳўлу қуруққа баравар раҳмат ёмғирини ёғдиради ва гўристон билан гулистонни ажратиб ўтирмайди.

 * * *

 Агар ҳақиқат пири ким, деб сўрасалар, бунинг аломатлари қуйидагилар деб жавоб бергил: тунларни бедор ўтказиш, илм ўрганиш, ёмонлар билан ўтирмаслик, ғийбат ва ёлғондан сақланиш, одамлар хурсандчилигини исташ ва шу хислатларни издошларига етказиш.

 * * *

 Сўз ҳамма вақт савоб учун ишлатилиши, тўғри ва ҳаққоний бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса, жим турган маъқул.

 * * *

 Умр ўтказишга зарур восита (маош) ҳосил бўлмагунча киши хотири осойишта бўлмайди. Киши роҳати учун зарур нарса эса вожибдир. Ва, агар киши ўз касби билан зарурий нарсаларни муҳайё этмаса, одамларни ранжитади, азобга қўяди. Демак, кимки жамиятдан фойда кўрсаю, лекин фойда етказмаса, у ишламаган бўлади.

 * * *

 Агар барча касблар учун зарурий одоблар хулосаси нечта, деб сўрасалар, саккизта деб айтгил: биринчидан, ўз касбини ҳаромдан, шубҳали мол-маблағдан пок сақласин. Иккинчидан, ризқ-рўзи зарурати учунгина керакли касб билан шуғуллансин, касбни мол-дунё тўплашга сарфламасин. Учинчидан, касбни обрўй олиш, яхши ном чиқаришнинг сабаби, деб билсин. Тўртинчидан, моли ҳаром одамлар (амалдорлар, порахўрлар, қароқчилар, ўғрилар, қиморбозлар, каззоб дўкондорлар) билан муомала қилмасин. Бешинчидан, ўз ҳунарида беэътиборлик, хато-нуқсонларга, айб ишларга йўл қўймасин, ҳар хил ифлосликлар, булғанишлардан сақлансин. Олтинчидан, инсоф чизиғидан ташқари чиқмасин, мол-матони танимайдиган одамлар билан муомала қилмасин. Еттинчидан, агар тарози аҳлидан (нарса тортувчи) бўлса, тошдан уриб қолмасин ва ортиқ ҳам бермасин. Саккизинчи, газлама ўлчаб сотувчилар аҳлидан бўлса, ўзига кўп олиб қолиб, бошқаларга кам бермасин, чунки баракат тўғриликда ва жамиятнинг инсоф юзасидан баҳам кун кечиришидадир.

 * * *

 Улуғлар дебдурларки: "Билимсиз куч адли йўқ шоҳдир, қуввати йўқ илм эса, адолатли, лекин лашкари йўқ шоҳ кабидир".

 * * *

 Агар қўғирчоқбозликнинг шартлари нимадан иборат, деб сўрасалар, айтгил: асосий шарт шуки, қўғирчоқ ўйнатувчи доно бўлсин ва ҳақиқатдан баҳра топсин. Қўғирчоқ ўйнатувчиларга хос нарсалар нима деганда, чодир ва пешбанд (пештахта) деб айтгил. Чодирда кундузи, пешбандда эса кечаси ўйин кўрсатилади. Пешбанд деб сандиқни айтадилар. Сандиқ устида қўғирчоқларни ўйнатадилар. Кундузги ўйинларда қўғирчоқларни қўл билан ўйнатадилар, кечки ўйинларда эса сандиқ устида бир неча иплар орқали қўғирчоқларни ҳаракатга келтирадилар.

 Агар (хайма) чодир нимага ишора қилади, деб сўрасалар, бу инсон баданига ишора, деб жавоб бергил. Чунки инсон ичидан ҳар лаҳзада юз хил қўғирчоқлар бош кўтаради ва тилга киради. Бу хайма, яъни бадан ичида турли феъл-равишлар бўлса-да, бироқ буларнинг ҳаммаси ягона қудратнинг санъати, ижодидан бошқа нарса эмас.

 Агар пештахта (сандиқ) нимага ишора этади, деб сўрасалар, одамизод қалбига ишорадир, деб айтгил. Зеро, қалб ажойиб сандиқ бўлиб, одамнинг аҳволи, хислатларидан нишона бериб туради. Шу боис ҳам уни "қалб" деганлар (араб тилида қалб сўзи ўзгарувчи, эврилувчи, деган маъноларни беради), яъни айланувчи...

 * * *

 Агар шогирдликнинг биноси ниманинг устига қурилади, деб сўрасалар, иродат устига, деб жавоб бергин. Агар иродат нимадир, деб сўрасалар, нимаики устоз айтса, уни жон қулоғи билан эшитиш, чин кўнгил билан қабул қилиш ва вужуд аъзолари орқали амалда адо этишдир, деб айт. Агар шогирд учун нима яхши, деб сўрасалар, пок эътиқод деб айт, чунки фақат эътиқод кишини муродига етказади.

 * * *

 Кўзни ўзгалар айбини кўришдан асраш керак, зеро бировлардан айб излаш энг ёмон хислатдир.

 * * *

 Тилни очиш керак бўлган нарсалар қайси, деб сўрасалар, айтгил: ҳожат зарурати юзасидан кўнгилларда яширин бўлган розни изҳор этиш, мазлумлар фарёдига жавоб бериш ва маҳрумлар имдоди учун сўз айтиш. Чунки бу сўзлар орқали золимнинг зулми мазлумлар бошидан кўтарилиши мумкин.

 Тилни сақлаш лозим бўлган нарсалар қайси, деб сўрасалар, айтгил: биринчидан, ёлғон гапиришдан, зеро ёлғончи худонинг душманидир. Иккинчи, ваъдага хилоф гапириш ва мунофиқона сўз айтишдан. Учинчи, ғийбат ва бўҳтон гаплардан, чунки бўҳтон фосиқлар ишидир. Тўртинчи, беҳуда баҳсу муноқашадан, айб қилишдан ва гап ташишдан. Булар шайтон васвасасига киради. Бешинчи, ўзини мақташ ва таърифлашданки, бу худбинликка олиб келади. Олтинчи, навкар ва хизматкорларни лаънатлашдан. Еттинчи, қарғашдан, дуойи бад қилишдан, чунки бу жону дилнинг офатидир. Саккизинчи, мазах-масхара қилиш ва ҳазил-ҳузулдан. 

 * * *

 Нодон дўстдан доно душман афзал.

 * * *

 Агар мажозий дўстлик қанақа бўлади, деб сўрасалар, айтгилки, ғараз ва фойда - тамаъ асосига қурилган ошнолик мажозий (ўткинчи) дўстликка киради. Бундайларнинг ошнолигига эътимод йўқ, чунки у бирор манфаатни кўзлаб яқинлашади, иши битгач, дўстликни узади ва агар мабодо мақсади амалга ошмаса, унинг дўстлиги душманликка айланади. Бундайлар ширинликка ёпишган пашшага ўхшайдилар, ширинликни еб тугатгандан кейин дастурхон эгасини талайдилар...

 * * *

 ...одамзод ўз ахлоқини ўзгартириб боради, яъни хулқ-атвор яхшилик томон ўзгариши керак ва бу сўзнинг ҳақиқати шундаки, одамда мақбул ва номақбул ахлоқий сифатлар орасида доимий кураш боради, яъни ҳар бир сифат ўзига қарши сифатни дафъ қилиш пайида бўлади.

 НАСРИДДИН тайёрлади.

 

Report typo