Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

18.03.2021


НАВРЎЗИЙ ҚАДРИЯТЛАР КУЙЧИЛАРИ

       Маълумки, Наврўз ўзининг кўп минг йиллик тарихи, Шарқ халқлари маданиятининг асл илдизи бўлган ашула ва рақслар, урф-одат ва маросимларни асрлар оша олиб ўтиб, янада сайқаллаб, бойитиб келаётганлиги билан бошқа байрамлардан фарқ қилади.

Шу боис ҳам Наврўз муносабати билан ташкил этиладиган байрам тадбирларида асосан фольклор жамоаларининг чиқишлари уюштирилиб, турли қадимий маросимларнинг саҳнавий кўринишлари намойиш қилинади. Наврўз ана шуниси билан ўзгача ва қизиқ.

Бугунги кунда вилоятимизда халқимизнинг маданий мероси бўлган қўшиқ ва рақслар, урф-одат ва маросимлар ҳақидаги маълумотларни тўплаб, уларни саҳнага олиб чиқаётган фольклор жамоалари талайгина. Хусусан, воҳада яшовчи ўзга миллат вакиллари ҳам ўз маданий қадриятларини кенг тарғиб қилиб, кўп миллатли қашқадарё маданияти ва санъатининг янада ранг-баранглигига ўз ҳиссасини қўшиб келаяпти.

Мисол учун, Миришкор туманининг Помуқ қишлоғида 18 мингдан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 15 минг нафари ёки 80 фоиздан ортиғи туркман миллатига мансуб кишилардир.

Помуқ маданият маркази қошида ташкил этилган "Сарвиноз" фольклор ансамбли аъзолари ўз репертуарида ана шу миллатнинг кўплаб ашула ва рақслари, миллий ўйинларини жамлаб, уларни нафақат туман, балки вилоят ва республика доирасидаги байрам ва фестивалларда ҳам ижро этиб келмоқда.

- Ўзбек ва туркман халқлари маданияти қайсидир жиҳатдан ўхшаш, аммо фарқли томонлари ҳам жуда кўп, - дейди Помуқ маданият маркази директори Собиржон Аминов. - Масалан, туркман халқ оғзаки ижодидан ҳам эртак, ашула, қўшиқ ва достон жанрлари жуда кенг ўрин олган. Аммо уларнинг ижро услуби ўзгача. Табиийки, миллий кийимлар фарқ қилади. 2020 йилда ташкил этилган "Сарвиноз" фольклор ансамблида бугунги кунда 15 нафар санъаткор фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бири ўз соҳасининг устаси, том маънода санъат жонкуярлари. Буни жамоанинг турли тадбирлардаги чиқишлари халқимиз томонидан юқори эътироф этиб келинаётганида ҳам кўриш мумкин.

Миришкор туманининг яна бир ҳудуди - Жейновда кўплаб араб миллати вакиллари истиқомат қилади. Бундан қарийб чорак аср аввал шу ҳудудда Ўзбекистон қаҳрамони Муродилла Саидов ташаббуси билан ташкил этилган "Ал-Арабия" фольклор жамоаси эса шу миллатга хос фольклор намуналарини тўплаб, байрам ва фестивалларда ижро этиб келаётганди.

- Айни пайтда жамоамиз номи "Навобахш" деб ўзгартирилган, - дейди ансамбль бадиий раҳбари Ҳамро Шаропов. - Ўтган йили эса халқ этнографик ансамбли мақомига эришдик. Бу эса албатта бизни янада масъулият билан ишлашга, кўпроқ изланишга чорлайди.

Ҳамро Шароповнинг таъкидлашича, бугунги кунда Жейнов маданият маркази тасарруфида фаолият юритаётган жамоа репертуарида ўзбек ва араб халқлари фольклоридаги кўплаб қўшиқ ва рақслар, халқ миллий ўйинлари жамланган. Ўзига хос либослар коллекцияси мавжуд. Жамоа вилоят ва республика миқёсидаги деярли барча йирик байрам ва фестивалларда иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, ансамбль таркибига келиб қўшилаётган ёшларга "устоз-шогирд" тамойили асосида санъат сирларини ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo