Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шерхон ҚОРАЕВ

10.02.2022


НАВЪ-НАВЪ ФАЗЛЛАР БИРЛА ОРАСТА, ШИЖОАТДА ҒОЛИБ ЭРДИ

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллигига

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) Фарғона адабий муҳитида улғайди. Унинг отаси Умаршайх Мирзо адабиётсевар ҳукмдор бўлган. "Бобурнома"да ёзилишича, у авлиёлар султони Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳга мурид (шогирд) бўлиб, суҳбатларига кўп мушарраф бўлган. Хожа ҳам уни фарзанд сифатида кўрган.

Темурийзода султон доимо "Хамсатайн" (Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий "Хамса"лари), достонлар ва тарихлар ўқиган, кўпинча "Шоҳнома"ни мутолаа қилган. Назмда истеъдоди бўлса-да, бироқ шеър ёзишга қунт қилмаган.

Умаршайх Мирзо ҳузурида ҳам бошқа темурий ҳукмдорлар қошида ўтказилгани каби шоирлар иштирокида шеърият кечалар ташкил этилган ва бундай йиғинларда ёш Бобур ҳам қатнашган. 

Кези келиб тахтга чиққач, Бобур ҳам темурийлар анъанасига содиқ қолиб, Ахсикент, Самарқанд, Кобул ва Агра каби қатор шаҳарларда ҳамда сафарлари давомида атрофига шоирларни тўплаб, доимо шеърхонлик кечалари ва мушоиралар уюштирган. "Бобурнома"ни оққа кўчирган котиб ёзганидек, "Бобур Мирзо фазилат бобида ками йўқ: назм ва наср ва туркий ва форсийни бебадал айтур (эрди); мусиқий илмидин ҳам хабари бор: аруз ва қофияға ҳам рисолалари бор.

Ва бир неча аҳли табъким - улар: олим, ҳаким, уламо, шуаро, табиб, муаррих, умароларким, аларни ушбу подшоҳ доимул авқот (вақт) суҳбат (мажлис)дин айру қўймас эди".

Шеърият кечаларида Бобурнинг ўзи ҳам ёзган шеърларини ўқиган: "Бобур подшоҳ андоқ подшоҳ эрдики, навъ-навъ фазллар бирла ораста, шижоатда ғолиб эрди. Ва шеъри туркийда Амир Алишер (Навоий) раҳматуллоҳ алайҳидан кейин ҳеч киши андоқ шеър айтолмабдур".

Бобур Мирзо 1501 йилда Самарқандни эгаллаганда ҳам ўз саройида Биноий, Фироқий каби   шоирлар билан шеърхонлик қилган. Камолиддин Биноий (1453-1512) саройдаги мушоираларда қатнашган, жумладан, бир қасида ва ғазалини темурий шоҳга бағишлаган. Бу ҳақда Бобур "Бобурнома"да:  "Навода бир амал менинг отимға боғлаб ўткарди. Ўшул аснода бир рубоий айтиб ўткарди", деган ва Биноийнинг мажлисда айтган қуйидаги рубоийсини келтирган.

Не ғалла маро к-аз ў тавонам нўшид,

Не муҳмали ғалла то тавонам пўшид,

Онроки на хўрданасту не пўшидан,

Дар илму ҳунар кужо тавонад кўшид.

(Мазмуни: Не егулик ғаллам бор ва на кийинишга асраган кийимим бор. Ейдигани, киядигани бўлмаган киши илм ва ҳунарга қандай урина олсин?)

Бобур эса Биноийга шундай жавоб қайтарган:

Ишлар бори кўнглунгдагидек бўлғусидур,

Инъоми вазифа бори буйрулғусидур.

Ул ғаллаю муҳмалки деб эрдинг, бердим,

Муҳмалға бўю ғалладин уй тўлғусидур.

Мулла Биноий Бобур таъбири билан айтганда, адабий йиғинда бу рубоийнинг сўнгги мисрасининг қофиясини радиф қилиб, унга жавобан ўзга қофия била бир рубоий айтган:

Мирзомки, шоҳи баҳру бар бўлғусидур,

Оламда ҳунар бирла сар бўлғусидур.

Бир муҳмал учун мунча иноят бўлди,

Мустаъмал агар десам, нелар бўлғусидур.

 Шоир Абулбарака Фироқий Бобур ва Биноий ўртасида бўлиб ўтган ушбу мушоирага шоҳид бўлган ва Бобурнинг "Ишлар бари кўнгилдагидек бўлғусидур", деб бошланадиган мазкур рубоийсига Биноий томонидан айтилган жавобга қатъий эътироз билдирган ва жавобни "ўша радиф ва қофияда айтмоқ керак эди", дея мажлис аҳлига ўзининг рубоийсини тақдим қилган. Кўриниб турибдики, Бобур ҳузуридаги адабий мажлисларда мушоиралар қизғин ва қизиқарли тус олган.

Шоир Муҳаммад Бадахший ҳам Бобур Мирзо  Самарқандни биринчи марта қўлга киритганда унинг хизматига кирган ва мажлисларида қатнашган. Бадахший ҳақида "Бобурнома"да шундай ёзилган: "Яна Мулло Муҳаммад Бадахший эди... Шеъри бу мазкур бўлғон (Алишер Навоий, Сайфий Бухорий, Абдулло Маснавийгўй) шеърича йўқтур. Муаммода рисола битибтур, муаммоси ҳам хейли яхши эмас. Хушсуҳбат киши эди". Бобур Ҳиндистон тахтини эгаллаганда ҳам Муҳаммад Бадахший (Жунуний) яна унинг ҳузурига борган ва шеърият кечаларида иштирок этган.

Тазкиранавис Ҳасанхожа Нисорийнинг ёзишича, Султон Ҳусайн Бойқаро мажлисларида қатнашиб, тахаллусини ўзгартирган таниқли шоирлардан Мавлоно Мажлисий Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий йиғинларида ҳам иштирок этган: Бир кун (Мажлисий) Бобур подшоҳ мадҳида бир қасида ёзиб, унинг муборак мажлисига тақдим этган:

Соқиё, хез ки машшотаи боғ аст насим,

Дастаи ойнаи жом кун аз соиди сим.

(Мазмуни: Эй соқий, тур, насим боғни ювиб,  таровчидир бугун, кумуш соид (кўкракка ўқдан ҳимоя учун қуйиладиган тунука) жом ойнасининг бир     нечтасини яса).

Шунда подшоҳнинг хаёлига мулло Мажлисийни адабий йиғинда етти минг танга билан мукофотлаш фикри келади. Қасида ўқилаётган пайтда эса тасодифан подшоҳнинг эсига чиғатой улуси султонлари (жумладан, Бобур ҳам) ҳажв этилган, Муҳаммад Шайбонийхон мажлисларида ўқилган ва Муҳаммад Солиҳга нисбат берилувчи қуйидаги рубоий тушиб қолди:

Мискин Чиғатойки, кундузи тундир онға,

Аҳволи паришону қаро кундур онға,

Мағрур бўлуб, ер юзига сиғмас эди,

Сичқон тўшуги эмди минг олтундур онға.

Кейин Бобур шоирдан сўрайди:

- Муҳаммад Солиҳ бу рубоийни не сабаб билан айтган?

Мажлисий ўзи эшитмаган бу рубоий подшоҳга ёққан бўлса керак, деб ўйлайди ва дейди:

- Рубоий ижодкори камина, Муҳаммад Солиҳ номи билан нотўғри шуҳрат топган.

Шунда бирдан подшоҳнинг (мажлисда) авзойи ўзгариб, уни қатл этишга буюради, лекин кечиришни маъқул кўриб:

 - Шеър сийлови учун тайин этилган етти минг танга мулло (Мажлисий)нинг хунбаҳоси ҳисобланади, ўзини эса бу мажлисдан чиқариб юборинглар, - дейди.

Бобур мажлисларида турли қиссалар, достонлар ва ҳикоятлар ҳам ўқилган. Абулқосим Жалойир бир мажлисда "Гапирувчи тўтилар" ҳақида ҳикоя айтиб, Бобурга завқ бағишлаган: "Абулқосим Жалойирким, яқин мулозимларимдиндур, ажаб ривоят қилди: (эмишки) ушбу жинс тўтининг қафаси ёпуқ экандур, тўти айтибдурким: "Рўйи маро во кунки, дамгир шудам (устимни оч, димиқиб кетдим". Яна бир навбат каҳорлар (ҳаммоллар) дам олғали ўлтурғонда раҳгузар эл (йўловчилар) ўтиб борадур экандур, тўти дебтурким: "Мардум рафтанд, шумоён намераванд (одамлар кетди, сизлар кетмайсизми)?" Вал-уҳдату алал-ровий (бу гапларнинг тўғрилиги сўзлаб берганнинг зиммасида)", деб ёзилади "Бобурнома" табдилида.

Маълумотларга қараганда, Бобур шеърий йиғинлар ташкил этишни хуш кўрган. "Бобурнома"ни кўчирган мусаввиди авроқ (котиб) кўп вақтини адабиёт аҳли билан мушоирада ўтказган Бобур Мирзо ва унинг мажлис аҳли-адабий йиғинлари иштирокчилари ҳақида маълумот бериб ўтган: "Булар: Абулбақоким, илми ҳикмат бобида бебадал эди. Ва Шайх Зайн садрким, Зайниддин Хавофийнинг набираси эрди: ҳиддати табъи бор эди, назм ва иншодин салиқалиғ ва Ҳумоюн подшоҳ замонида умаролиғ ҳам топиб эди. Ва Султон Муҳаммад кўсаким, Мир Алишер (Навоий)нинг мусоҳибларидин эрдиким, подшоҳ суҳбати (адабий йиғин)да иззат топиб, сарафроз бўлуб эрди. Ва Мавлоно Шиҳоб Муаммойиким, "Фақирий" тахаллус қилиб эди, фазойил ва шеърдин насибаси бор эди... Ва Сурх Вадоийким, туркий ва форсийда назм айтур эди. Ва Мулло Бақоийни салиқаси кўп эрди ва "Махзанул асрор" вазнида подшоҳ отиға маснавий айтиб эди... Ва (Ғиёсиддин) Хондамир муаррихким, турфа киши эди. Тасонифлари борким,  халқ орасида машҳурдур: "Ҳабиб ус-сияр" ва "Хулосат ул-ахбор" ва "Дастур анвор" ва ўзга тасниф (китоб)лари ҳам бор".

Бобур энциклопедияси маълумотларига кўра, Абдуллоҳ Асас Бобурнинг базмларида фаол иштирок этган аъёнларидан бири бўлган. Султон кутубхонаси бошлиғи, шеъриятни тушунадиган, зукко ва ширинсухан Абдуллоҳ Китобдор ҳам Бобурга яқин ҳамсуҳбат бўлган. Саркарда, давлат арбоби ва шоир Муҳаммад Байрамхон (1501-1562) 16 ёшида Бадахшон ҳокими Ҳумоюн Мирзо хизматига кирган. Шоирлик қобилияти туфайли у Бобур хизматига тавсия этилган. Бобур ёш Байрамхонга расмий мушоираларда қатнашишга рухсат берган. Қасиданавис шоир ва олим Нажмиддин Муҳаммад Абулқосим Коҳий (1463-1581) Бобур, Ҳумоюн ва Акбаршоҳ саройидаги суҳбатларда қатнашган. Мулло Шамс - Бобурнинг надимларидан бири бўлиб, у ҳукмдорнинг бўш вақтини кўнгилли ўтказиш, ҳамсуҳбатлик қилиш, жумладан, қизиқ ва ибратли ҳикоялар айтиш билан шуғулланган. Шоир Мулло Ҳажрий эса 1502 йили Бобур хизматига кириб, унинг мажлисларида иштирок этган. Бобурга бағишлаб, "Ортуқсен" радифли ғазал ёзган.

Шунингдек, Бобурнинг яқинларидан бири Муҳаммадий Кўкалдош ҳам унинг доимий ҳамсуҳбатларидан бўлган ва саройдаги мажлисларда ҳозир бўлган.  Подшоҳнинг мулозимларидан Турди Муҳаммад Қипчоқ Бобур ҳузурида ўтказилган кўнгилочар мажлисларда қатнашган. Яъни "Бобурнома"да ёзилишича, "Чанор боғининг эшигида солғон суратхонанинг шарқи-жануб сари ёнида кичикрак оққина уй тикилиб эди, анда мажлис бўлди. Турди Муҳаммад Қипчоқ била Мулло Китобдорни ҳам мажлисқа тиладук".

Мажлисларда қизиқчилар ва масхарабозлар ҳам қатнашиб, йиғинларни қизитишган. Ғиёс Масхара - Бобур саройида масхарабоз вазифасида хизмат қилган. У ҳақда "Бобурнома"да шундай қайд этилган: "Сўнгра Ғиёс масхара келди. Неча қатла мажлистин мутояба тариқи била буюрилдиким, ихрож қилдилар. Охир шалойин бўлуб, масхаралиқ била мажлисда йўл топди".

Бобурнинг Ҳиндистондаги саройида Абулқосим Хонанда, Руҳдам, Бобожон, Қосим Али, Тенгриқули, Иброҳим Қонуний, Нўъмон Лангархон каби мусиқачилар, хонандалар хизмат қилган, улар форсча ва туркий қўшиқлар куйлаб, мажлисларга файзу тароват бағишлашган. Сарой созандаларидан Нурбек Бобур билан ҳамсуҳбат бўлиб, унинг ҳузурида уюштириладиган кўнгилочар мажлисларда иштирок этган ва уд чалган, машшоқ Нурулло(ҳ) Танбурчи бўлган.  

Шубҳасиз, Бобур Мирзо ҳузуридаги адабий мажлислар ўзбек мумтоз адабиёти тараққиётига хизмат қилган. Уларда шоирлар ва санъаткорлар ўз истеъдодини намоён этиб танилган, шоҳ асарлар яратган.

           Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори

Report typo