Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.08.2022


Мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўйилмайди

Қонунчиликдаги ўзгаришлар: 1 СЕНТЯБРДАН АМАЛДА 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсқинлик қилувчи қуйидаги тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинади:

а) ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш соҳасида:

ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

ер участкасидан ихтиёрий воз кечилганда унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинишини Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан расмийлаштириш. Бунда, ер участкасидан ихтиёрий воз кечиш тўғрисида нотариал тасдиқланган ариза ушбу ер участкасига бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш учун асос бўлиб ҳисобланади;

юридик шахс тугатилиши муносабати билан унинг ер участкасига (қишлоқ хўжалиги ерларидан ташқари) бўлган ҳуқуқларини бекор қилиш. Бунда, ушбу ҳуқуқлар юридик шахс муассисларига (иштирокчиларга), агар қонунчиликда, таъсис ҳужжатларида ёки муассислар ўртасидаги келишувга мувофиқ бошқача шартлар назарда тутилмаган бўлса, уларнинг юридик шахсдаги улушига (қўшилган ҳиссасига) мутаносиб равишда ўтказилади;

ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда компенсация сифатида давлат мулкидаги бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш, бундан кўп квартирали уйларда жойлашган турар жой объектлари мустасно;

б) турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш соҳасида:

турар жойга нисбатан мулкий ҳуқуқларга ёки турар жой мулкдори билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш, бундан тарафлар ўртасида бошқача келишув тузилган ҳолатлар мустасно;

суд томонидан турар жойга нисбатан инсофли эгалловчи деб топилган жисмоний шахсдан ушбу турар жойни унга нисбатан мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш;

в) жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида – мулкий ҳуқуқларнинг вужудга келиши учун асос бўлган маъмурий ҳужжатларни ушбу ҳужжатни қабул қилган ёки юқори турувчи маъмурий орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ҳуқуқларни тугатиш, бундан ушбу ҳужжатларни суд томонидан бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топиш ҳолатлари мустасно;

г) корпоратив муносабатлар соҳасида:

давлат органлари томонидан давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки бошқа кўринишдаги маъмурий ҳужжатлар қабул қилиш амалиёти. Бунда, хўжалик жамиятининг устав фондидаги (капиталидаги) давлат улушига (акцияларига) эгалик қилувчи давлат органлари улушдор (акциядор) сифатида қарорлар қабул қилишни (овоз беришни) юқори турувчи давлат органи билан ёзма тарзда келишиб олиши мумкин;

юридик шахсларнинг устав фондидаги (капиталидаги) гаровга қўйилган улушларни (қўшилган ҳиссаларни) гаровга олувчининг розилигисиз тасарруф этиш амалиёти. Бунда, мазкур розилик олинмаганлиги таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун асос бўлиб ҳисобланади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Report typo