Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Муаммони ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш учун қандай йўл тутиш керак?

19.03.2021


Муаммони ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш учун қандай йўл тутиш керак?

Қарши шаҳрида “Маҳаллаларда хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ва ногиронлиги бўлган аёларга юридик, ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш бўйича ижтимоий ҳамкорлик механизмлари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари конференц-залида бўлиб ўтган бу интерфаол тадбирда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари иштирок этишди. Семинар-тренинг Қашқадарё вилояти “Юксалиш” ахборот-маслаҳат ресурс маркази томонидан Немис халқ университетлари ассоциациясининг (DVV) Ўзбекистондаги Филиали кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида ташкил этилди.

Тадбирда вилоятимиздаги энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотларидан бири саналган “Юксалиш” маркази ва DVVнинг Ўзбекистондаги Филиали кўмагида ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбекистонда давлат ва фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда таълим, ўзаро мулоқот ва заиф гуруҳларнинг радикаллашишга қарши барқарорлигини ошириш орқали зўравон экстремизмнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

-Шунингдек, тренинг иштирокчиларига ҳаётий мисоллар асосида ижтимоий ёрдамга муҳтож одамларнинг муаммоларини ҳал қилишда юридик, психологик ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизмларидан самарали фойдаланиш йўлларини тушунтирдик, - дейди лойиҳа психологи Соҳиба Хўжахонова. – Айни пайтда маҳалла мутасаддиларига ўз муаммосини айтиб мурожаат этган шахсларни тегишли ташкилот ва мутахассисларга тўғри қайта йўналтириш, аҳоли заиф гуруҳлари билан ишлаш бўйича махсус режа тузиш масалаларини ҳам батафсил муҳокама қилдик.

Тадбирда таъкидланганидек, аҳоли заиф гуруҳларининг радикаллашувга қарши барқарорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида “Юксалиш” марказининг юқорида қайд этилган лойиҳаси доирасида турли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда маърифий ва ўқув дастурлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, лойиҳа бўйича ишсиз фуқароларга касб-ҳунар ва бизнес юритишни ўргатиб, энг мукаммал бизнес-ғояларни рўёбга чиқариш учун кичик грантлар ажратиш кўзда тутилган.

Report typo