Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

27.08.2021


МИЛЛИЙ МАЪНАВИЯТИМИЗНИНГ БИТМАС-ТУГАНМАС БУЛОҒИ

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллигига

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганида биз ҳали собиқ иттифоқ - СССР деган мамлакат таркибида яшардик. Шунга қарамай аҳолининг, айниқса, зиёлилар, ёшларнинг саъй-ҳаракати билан она тилимиз давлат тили мақомини олди. Йиғилишларда рус тилида гапиришга тили айланмай хижолатдан ерга  киргудай бўлган оддий инсонларнинг юзига ранг югурди.

Ўша пайтларда мен туман газетасида ишлаганман. Давлат тили тўғрисидаги Қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилингани, турли касб эгалари томонидан кескин фикрлар билдирилгани эсимда. Газетада ҳам тил масаласида давра суҳбатлари, мақолалар берганмиз. Бу тарихий  воқеани халқимиз қувонч билан  кутиб олгани,  кўчалардаги Фрунзе, Советская, Москва, Куйбишев, Карл Маркс каби, боғчалардаги  "Алёнушка", "Золотой ключик", "Тюльпан", "Буратино", "Космос" каби  номлар ўрнини чиройли ўзбекча номлар эгаллагани бор гап.

Аммо негадир орадан йиллар ўтиб она тилимизга эътибор бирмунча сусайди. Бу, аввало, ўзимиз туфайли рўй берди. Тўртта русча сўзни ёдлаб олиб, ҳар икки гапининг бирида русча  қўшадиган "маданиятли" хонимлар пайдо бўлди. Турли хорижий сўз ва атамаларни "бренд" дея бинонинг пештоқига ёзиб қўйиш урфга айланди. Бу ҳам етмагандай, реклама, эълон, пешлавҳа ва бошқа ёзувлар хорижий, қоришиқ тилда ёзиб қўйиладиган бўлди. Худди ўзбек тилида муқобили йўқдай  "оптом", "мойка", "доставка","аренда" каби сўзлар ўзбек тилидаги сўзларнинг ёнига "ўтириб" олди. Хуллас, она тилимиз яна мураккаб вазиятга дуч келди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрь куни Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи она тилимиз тараққиёти учун янги даврни бошлаб берди. Шундан кейин давлат раҳбарининг 2019 йил 21 октябрдаги "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги "Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари қабул қилинди.  Қонунга асосан Ўзбек тили байрами куни белгиланди. Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг кўплаб қарорлари қабул қилинди, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда ҳокимликларда раҳбарнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари иш бошлади.

2021 йил 1 апрелдан бошлаб эса ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юритиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш даражасини аниқлаш ва сертификат бериш тизими жорий этилди. Хуллас, она тилимиз обрў-эътиборини, мавқеини ошириш бўйича кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга эга бўлдик.

Натижада 2020 йил мамлакатда илк бор Ўзбек тили байрами кенг миқёсда нишонланди. Туманларнинг марказий кўчаларида, ташкилот ва муассасаларда она тилимизни улуғловчи шиорлар, баннерлар илинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси бўйича барча жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонлар, иш қоғозлари ва турли бланклар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида давлат тилида бўлишини таъминлаш бўйича кенг ҳаракат бошланди.  Натижада  биргина Китоб туманида кейинги бир ой ичида 300 дан зиёд бошқа тилда ёки имло хато билан ёзилган турли ҳажмдаги ёзувлар алмаштирилди.

Гуруч ичида кўрмак бўлгани каби баъзан кишини ранжитадиган ҳолатлар ҳам учрайди. Буни ўқувчиларнинг айрим дафтарлари мисолида айтиш мумкин. Дафтарларнинг муқовасида 36 рақами ёнидан 165х205мм, пастидан PАGЕS ва сўнг nотеbоок сўзлари ёзиб қўйилган. Бундан ташқари, дафтарларнинг устида  "ONCE uron a time", "Aufumn blessings", "ROSE cnanities", "QUEENS ROSES" , "SEQUOIA PLAZA FLOWERS.  Flora+home", "Inteiors Хome Staqing Desiqn", "SUPERIOR SPIOER MAN" ва ҳоказо сўзлар ёзилган. Турли-туман тасвирлар ҳақида гапирмай қўя қолай.

Қизиқ, мамлакатимизда  ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи оширилаётган,  ҳокимларнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари ташкилотма-ташкилот, кўчама-кўча юриб тарғибот ишлари олиб боришаётган, реклама ва эълонлар, пешлавҳалар ва  бошқа ёзувларни давлат тилида ёзиб қўйилиши таъминланаётган  бир пайтда ўзбек ўқувчиси учун шунақа дафтарлар чиқариш тўғрими? Бу бизнинг миллий, маънавий-маърифий қадриятларимизга тўғри келадими? Болалар дафтар устидаги расмлардан ва ёзувлардан қандай сабоқ оладилар? Уларнинг қалбида ўз она тилига нисбатан беписандлик пайдо бўлмайдими?

"Давлат тили тўғрисида"ги Қонуннинг 20-моддасида "Лавҳалар, эълонлар нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин", деб ёзиб қўйилган. Ёки дафтар ишлаб чиқаришда бу қонун амал қилмайдими? Мен ҳали болалар учун чиқарилган кийимлар ҳақида гапирмадим.

Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш жараёнларида ана шундай муаммолар ҳақида ҳам гапириш жоиз, деб ўйладим. Зеро,  Президентимиз айтганларидай, она тилимиз миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, асраб-авайлаш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир. Чунки ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлаган бўлади.

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани ҳокимининг давлат тили  масалалари бўйича маслаҳатчиси

Report typo