Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

27.07.2022


МЕҲМОНЛАРДА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ИМКОНИЯТ БЎЛМАДИ

Қўл жанги

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида профессионаллар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги учун “Чемпионлар лигаси” халқаро турнири ўтказилди.

Мусобақа ўзбек спортчилари томонидан уюштирилган катта спорт шоуси манзарасини намоён этди.

Турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Қозоғистон, Россия, Руминия, Беларусь, Озарбайжон ва Германия давлатларидан келган қўл жанги усталарига қарши рингга кўтарилди. 48 килограммдан 75 килограммгача бўлган олтита вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларнинг барчасида юртимиз спорчилари ғалаба қозонишди. Якуний ҳисоб – 6:0.

Қувонарлиси, ана шу ғолиблар орасида вилоятимиз вакили, халқаро тоифадаги спорт устаси, Осиё ва жаҳон чемпиони Олимжон Нормуродов ҳам бор. У 67 килограмм вазн тоифасида озарбайжонлик рақиби – икки карра Европа чемпиони, Ислом спорт ўйинлари совриндори Руслан Пиралиевни мағлуб этди.

- Президентимизнинг шу йил 20 июндаги “Қўл жанги спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент, Наманган, Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида қўл жанги бўйича халқаро мусобақалар ташкил этиш белгиланган, – дейди вилоят қўл жанги федерацияси ижрочи директори Ботир Раҳмонов. – Қашқадарёда бундай турнир 2023 йилнинг бошларида ўтказилади.

Хуллас, Наманган вилоятидаги турнир юртимиз спортчиларининг мутлақ ғалабаси билан якунланди. Ғолиблар ва барча иштирокчилар турнир ташкилотчилари томонидан диплом, қимматбаҳо совринлар, пул мукофотлари билан тақдирланди.

А.МУРОДОВ

Report typo