Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

02.02.2023


Масжиддаги портлаш қурбонлари сони ортиб бормоқда

Покистоннинг Пешавар шаҳри шимоли-ғарбидаги масжидда амалга оширилган террорчилик амалиёти натижасида қурбон бўлганлар сони 93 нафарга етди, 221 киши жароҳат олган, дея хабар тарқатди Dawn телеканали.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, душанба куни рўй берган портлаш вақтида масжид ичида 100 нафардан ортиқ одам бўлган, йиғилганларнинг кўпчилиги полиция, армия ва сапёрлар бўлинмаси вакилларидир. Портлашни ҳудкуш амалга оширган. Натижада масжиднинг бир қисми ва бино томи қулаган.

Полиция вакили қутқарув-қидирув ишлари давомида масжид харобалари остидан 17 та жасад ва бир нафар ярадор киши чиқариб олинганини маълум қилган.

Хабар қилинишича, дастлаб портлаш учун жавобгарликни "Теҳрик-и Толибон Покистон" террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олган. Кейинроқ улар ушбу террорга алоқадорлигини рад этиб, гуруҳ қоидаларида масжидлар ва жамоат жойларига ҳужум уюштириш тақиқланганини маълум қилишган. Бироқ, манбалар портлаш ортида террорчилик гуруҳининг айрим маҳаллий бўлинмалари турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилаяпти.

Бир қатор давлатлар томонидан, жумладан, Покистонда ҳам террорчилик ташкилоти дея тан олинган "Теҳрик-и Толибон Покистон" ўтган йили ноябрь ойи охирида ҳукумат билан эришилган ҳужум қилмаслик тўғрисидаги келишувни бекор қилгани ва ўз жангариларига мамлакат бўйлаб ҳужумлар уюштиришга буйруқ бергани хабар қилинганди.

Report typo