Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

С.АЛЛАЁРОВА

28.05.2019


МАКТАБЛАРДА СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ...

Аввал таъкидланганидек, бу йилги "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари ортиқча дабдабабозликлардан ҳоли, фақат 1- ва 11-синф ўқувчилари иштирокида ўтказилди.

Эътиборли жиҳати, бу йилги тадбир халқ таълими вазирлигининг тавсиясига кўра бутунлай янгича руҳда, маҳалла фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари ҳамда ота-оналар иштирокида ўтказилди. Жумладан, шаҳар халқ таълими бўлими ходими Фотима Қодирова Қарши шаҳридаги 29-мактабда ўтказилган "Сўнгги қўнғироқ" тадбирида қатнашиб, қайта тикланган 11 йиллик таълим тизимидаги илк 11-синф битирувчиларини катта ҳаётга қўяётган дастлабки қадамлари билан табриклади.

- Ўтган ўқув йили янгиликларга бой бўлди, - дейди 29-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Иқбол Болтаева. - Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига кўра, вилоятимизнинг 9 та мактабида мажбурий мактаб дастури доирасида жорий ўқув йилидан шахмат дарслари ўтиладиган бўлди. Ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллари бериладиган бўлди.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда куй-қўшиқлардан иборат байрам дастури намойиш қилинди. Ўқув йилида юқори натижаларга эришган ўқувчилар ҳамда устоз-мураббийлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Тадбир сўнгида 11-синф битирувчилари ва 1-синф ўқувчилари сўнгги қўнғироқ жаранги остида кузатиб қўйилди.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, якунланган ўқув йили аввалида вилоятимиздаги умумтаълим мактабларига 62 минг 132 нафар ўқувчи биринчи синфларга қабул қилинган бўлса, айни дамда 32 минг 627 нафар ўғил-қиз 11-синфни битирди.

С.АЛЛАЁРОВА

Report typo