Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

12.01.2021


МАҚСАДГА ЭРИША ОЛМАЁТГАН БЎЛСАНГИЗ, МАҚСАДНИ ЭМАС, ТАКТИКАНИ ЎЗГАРТИРИНГ

Сараланган сатрлар

"Сизда ҳам 24 соат, Билл Гейтсда ҳам 24 соат, бошқа одамда ҳам 24 соат бор. Нега у ҳамма нарсага улгуряпти, сиз улгуролмаяпсиз? Унда кўпроқ эмас-ку?! Демак, сиз вақтни нотўғри тақсимлаяпсиз, вақтни тўғри тақсимлашни ўрганган кунингиздан бошлаб, ҳаётингиз ўзгаради..."

Ушбу фикрлар Отабек Хасановнинг "Лидерлар китоби"дан олинган. Муаллиф - бугуннинг одами, сиёсий фанлар доктори (PhD), аввал Давлат бошқаруви академиясида декан бўлиб ишлаган, ҳозир Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида фаолият кўрсатар экан.

Тўғриси, бугун кўплар тилдан қўймайдиган, гўёки "мотивация" берадиган, "креатив"ликка ундайдиган тавсиявий китобларга унча ҳушим йўқ. Эҳтимол айни йўналишда варақланган савиясизроқ, ақл ўргатишга мойил қўлланмалар сабаб шундай тўхтамга келингандир.

Хўш, нега "Лидерлар китоби"ни ўқидим ва у ҳақда сўзлаб беришга зарурат туғилди?

Сабаби, унда сара фикрлар жамланган, ҳаётий мисоллар, бадиий адабиёт намуналари, донишмандлар ўгитлари, ижтимоий тармоқлардан олинган қизиқарли ҳикоялар, хориж тажрибаси ҳақидаги мулоҳазалар... Энг муҳими, китоб чинакам лидерларни тарбиялашга қаратилганки, бу борадаги тавсиялар, йўл-йўриқлар ҳеч бир киши учун фойдадан холи бўлмайди.

Муаллиф юксалишга тинимсиз китоб ўқиш, хорижий тилларни ўрганиш, ўз устида ишлаш орқали эришилишини бот-бот уқтиради. Умуман, мутолаа давомида анча маълумот оласиз, янги режалар туза бошлайсиз, вақтни бекорчи нарсаларга сарфламаслик ҳақидаги қарашларингиз янада қатъийлашади...

* * *

Бир давлатда мингта кутубхона бўлиши мумкин, лекин ундан самарали фойдаланилмаса, аҳолисининг дунёқараши ва маънавияти паст, аксинча, кутубхонаси кўп бўлмаса-да, фуқаролари ундан унумли фойдаланиб, маънавиятли ва маърифатли бўлиши мумкин.

* * *

...фарзандининг зиёли бўлиши учун жон куйдирадиган, кечаси ишдан чарчаб келганида, фарзанди ёнига китоб кўтариб келиб, ўқиб беринг, деса, барча чарчоқларини унутиб, сакраб туриб боласи билан китоб ўқийдиган, соатлаб ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилиш ўрнига фарзандига бадиий китоб ўқиб берадиган, чойхонаю ресторанга бормай, фарзанди билан китоб дўконига бориб, энг сара асарларни харид қиладиган, кутубхоналардан китоб қидирадиган ота-оналарга таъзим қилгим келади.

* * *

Жамият таназзулга юз тутишига, емирилишига асосий сабаб маънавият ва маърифатдан узоқлашишдир. Орамизда шундай одамлар бор - ўзи ҳаётида бир мартагина кўрган одамини тўйга чақириб, ҳар бирига 125 мингдан 500 кишига пул тўлаб, тўй қилади, бироқ инглиз тили репетиторига 30 минг сўмни қизғанади. Уч қаватли сарой қуради, йилда бир марта келадиган меҳмон учун катта меҳмонхона солади, йигирматалаб хонаси бўлатуриб, маънавият ўчоғи бўлган битта кичиккина кутубхонаси йўқ оилалар қанча... Минг афсус...

* * *

Ҳар бир раҳбар ўйлайдики, қаттиққўллик, доимо назоратда ушлаш натижа беради деб. Тўғри, натижа беради, бироқ у ташкилотда янгилик, креативлик ва инновация бўлмайди.

Лидер бор ташкилотда ҳар бир жамоа мақсадни билади. Унга етишиш учун бор кучи билан хизмат қилади. Унинг устидан ўн нафар назоратчи керак эмас, у қачон раҳбар хонасининг чироғи ўчишини ва кетишини ҳам кутиб ўтирмайди. Виждони унинг энг катта назоратчисидир.

* * *

Агар сиз кўп бадиий китоб ўқимаган бўлсангиз, демак, сизнинг онгингизда 1925 йиллардаги, яъни Чарли Чаплиннинг оқ ва қора тасвирли ҳолатдаги кинотеатр ишламоқда. Шунинг учун сизнинг кинотеатрингиз жуда зерикарли ва сифатсиз.

* * *

Билл Гейтснинг бир интервьюсида, журналист унга савол билан мурожаат қилди: "Жаноб Гейтс, доим сизнинг янгилик қилишингизга кўникиб бормоқдамиз. Фақат савол, ушбу янгиликларни қаердан оласиз?" Жавоб жуда оддий бўлганди: "Мен ҳар куни оз бўлса ҳам, китоб мутолаа қиламан. Бу менинг ҳар доим фикрларим тиниқлигига ва янгилик қилишга куч беради. Агар мен китоб мутолаа қилмасам, демак янгилик қилишдан тўхтайман. Бу - компаниямда инновация тўхтайди, дегани".

* * *

20 йил аввал сиз бир маълумот қидириб кутубхонага боргансиз ёки 10 йил олдин уни Googleда қидиргансиз. Бугун эса, маълумотлар ўзи эшингизни тақиллатиб келяпти, телеграм ёки Facebookда сизни маълумотлар қувлаб юрибди. Интернет - жуда катта ахборот бозори, бу ердан сиз ўзингизга керак маълумотни танлаб олишингиз керак. Баъзида интернетга кирасиз-да, Facebookда икки соат вақтингиз қандай ўтиб кетганини билмай қоласиз, лекин нима манфаат топдинг, деган саволни ўзингизга беринг-чи? Менинг жавобим шу: ҳеч нарса, фақатгина вақтим кетгани ва  чалғиганим қолди, холос.

* * *

1962 йил Жон Кеннеди NASAга ташриф буюради. У ерда ҳеч ким йўқ, фақат коридор четида фаррош астойдил, иштиёқ билан пол юваётган бўлади, ўтиб кетаётган Кеннеди тўхтаб қайтиб келади ва фаррошга савол беради: "Кечирасиз, мен АҚШ президенти Жон Кеннеди бўламан, нима иш қиляпсиз?" Ҳалиги фаррош шошиб қолади-да: "Жаноб президент, мен инсоният ойга учишига хизмат қиляпман", дейди. Мен пол ювяпман, нима қиламан энди, оиламни боқишим керак, нимадир қилишим керак, деб жавоб бермайди. Шу кичик ишига масъулият билан ёндашиб, ўзини умумманфаат ишларига, улкан мақсадларга дахлдор деб биляпти. Шу оддий фаррош аёл ўзининг кичик мақсадини давлатнинг катта мақсадларига боғлаяпти.

Агар ҳар бир ҳоким, ҳар бир ташкилот раҳбари, ҳар бир декан, ҳар бир ўқитувчи қилаётган ишини чин юракдан ва масъулият билан амалга оширса, биз жуда тез ривожланиб кетардик.

* * *

Японияга борсангиз, мактаб деворига шундай ёзиб қўйилган: "Сенинг синфингда камида битта бош вазир ёки вазир ўтирган бўлиши мумкин. Шунинг учун илтимос, ҳурматли ўқитувчи, дарс машғулотига виждонан муносабатда бўл".

* * *

Олимларнинг тадқиқ қилишича, ҳар бир инсон ўз олдига қўйган мақсаднинг умри давомида 60 фоизини амалга ошира олар экан. Тасаввур қилинг, олдингизга 5 та мақсад қўйсангиз, 3 тасини амалга оширар экансиз. 10 та мақсаддан, демак, 6 тасини амалга оширишингиз эҳтимоли юқори. Сизнинг фоизингиз ошади. Қанча кўп мақсад қўйсангиз, шунча кўп амалий натижалардан баҳраманд бўлаверасиз. Демак, инсон орзу-мақсадлар қилишдан тўхтамаслиги ва мақсадлари сари интилавериши керак.

* * *

Мақсадни аниқ белгилаб олинг ва унга эришиш йўлини ишлаб чиқинг. Агар мақсадингизга эриша олмаётган бўлсангиз, асло мақсадни ўзгартирманг, балки тактикани ўзгартиринг.

* * *

Шахматда бир қоида бор! Агар пиёда рақиб катакларининг биринчи қаторига етиб борса, шоҳдан ташқари хоҳлаган фигурасига айланиши мумкин. Лекин от ёки фил бундай бўла олмайди.

Шунинг учун пиёда бўлиб туғилганингизга асло хафа бўлманг. Меҳнатингиз билан маррага етиб боринг ва хоҳлаган фигурага айланинг. Бунинг мазаси ўзгача бўлади.

* * *

Ҳозиргина Платоннинг ажойиб ва бугунги кун учун жуда ҳам муҳим долзарб бир фикрини ўқиб қолдим. Шундай ёзилган: "Аҳмоқ инсонни икки хислати орқали аниқлаш мумкин: биринчиси, у ўзи учун умуман алоқаси йўқ нарсалар ҳақида кўп сўрайди ва иккинчиси, ундан сўрамаган нарса ҳақида кўп гапиради".

Агар сизнинг атрофингизда шундай инсонлар бўлса, улардан хафа бўлманг, балки уларга раҳмингиз келсин, бу ҳаётда аҳмоқ бўлгани учун. Фақат эҳтиёт бўлинг, шу икки белги орқали атрофингиздагиларнинг сиз ҳақингизда фикри ўзгармасин.

 

Тажрибали ҳайдовчи билан тажрибасиз ҳайдовчининг фарқи шундаки, тажрибали ора-орада бошини кўтариб масофани чамалайди (узоқни кўрсатувчи чироғи билан ҳам). Сен ҳам ҳаётда тажрибали ҳайдовчи каби узоқни кўриб ҳаракат қил, шунда ҳар қандай бурилишга тайёр бўласан.

* * *

Мураккаб муаммоларни ҳал қилишнинг оддий қоидаларини қўллашга ҳаракат қилинг. Билл Гейтс таъкидлаганидек, "Мен ҳар доим қийин топшириқларни энг дангаса одамларга топшираман, улар ҳар доим мураккаб топшириқларни соддалаштириб, осон ва тез ҳал қилиш мумкин бўлган ечимини топади, бу эса ҳар доим компанияга молиявий жиҳатдан фойда келтиради".

* * *

Нега омадсизлар ғалаба қозона олишмайди, сабаб улар кураш бошидаёқ руҳан ўзларини мағлуб этишади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo