Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

12.03.2019


МАҚОМНИ МОДЕРН УСЛУБДА ЁЗГАН АДИБ

Неъмат Арслон 1941 йилда Шаҳрисабзнинг Мираки қўрғончаси яқинидаги Такя қишлоғида туғилган.

Мурғаклигидан онаси Нусрат аянинг сеҳрли эртакларини тинглаб, уч томони баланд тоғлар билан қуршалган, ваҳима билан кўпириб, тўлиб-тошиб оқадиган Оқсув дарёсининг бир ёни бўйлаб чўзилган қишлоғининг бетакрор, гўзал манзараларидан завқ олиб улғайди. Ҳарф таниб, китобга ишқи тушгач, Робинзон Крузо, Дон Кихот, Гулливер каби адабий қаҳрамонларнинг саргузаштлари уни сеҳрлаб қўйди. Кейин Пушкин, Лермонтов, Тургенев, Толстой, Достоевский каби адибларнинг ижодига ошно тутинди. Алишер Навоий, Лутфий, Саъдий Шерозий асарлари мутолаасига зўр берди. Адабиёт, мутолаа Неъмат Арслоннинг ўзи эътироф этганидек, унинг вужуд уйини аста-секин тўлдириб, руҳи, қалби, шуурини бойитиб борди, маърифат ва ҳайрат водийсига етаклади.

Неъмат Арслонда ёзувчилик истеъдоди болалик йилларидан куртак ёза бошлаган бўлса-да, бу қобилиятнинг юзага чиқиши учун узоқ йиллар керак бўлди. У олийгоҳда таълим олди, қишлоққа қайтиб муаллимлик қилди, туман газетасида ишлади. Турли-туман мақолалар, очерклар тайёрлади, аммо ҳали ундаги сирли қобилият ўзини намоён этмаган эди. Менинг назаримда, адибнинг маҳорати тўла-тўкис шаклланишида айнан ана шу давр катта роль ўйнаган. У бу вақт орасида ҳаётни ўрганди, оқ-қорани таниди, тажриба орттирди ва энг асосийси, ўзбек ва жаҳон адабиётининг кўплаб дурдона асарларини мутолаа қилишга вақт  топди.

Унинг биринчи ҳикояси 42 ёшида (!) "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида "Осмонни ким кўтариб туради?" номи билан босилиб чиқди. Ўшанда шу газетада ишлаётган таниқли адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров ҳикоя қўлёзмасини ўқиб, адабиётга ўз овози ва услубига эга яна бир ном кириб келаётганини башорат қилган ва ҳикояни чоп этишга тавсия этган эди.

Биринчи ҳикоя кутилганидан ҳам кўпроқ эътироф этилганидан сўнг, адибда ўзига бўлган ишонч янада ортиб, янги-янги ҳикоялар ёза бошлади. Улар "Шарқ юлдузи", "Ёшлик", "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" ҳамда бошқа қатор нуфузли нашрларда чоп этилиб турди. Кейин бу ҳикоялар "Олдинда яна бир тун бор" номи билан алоҳида тўплам ҳолида нашр этилди.

Тўпламдаги шу номли ҳикоя ҳақида таниқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев "Ҳикоянинг бошиданоқ истеъдодли қаламкашнинг қўлини сезиш мумкин. Унда муаллиф истеъдодини намойиш этувчи илк белги бу - асарнинг тамомила тасвир асосига қурилгани, иккинчидан, ўқувчи диққатини тутиб турадиган даражада сирли ва ғоя оригиналлиги, учинчидан эса муаллифнинг китобхонга тайёр ечим ҳавола этишдан қочиши, ўқувчини фаол фикрлашга ихтиёрий мажбур этишида кўринади", деб ёзган эди.

1992 йилда ёзувчининг "Аёл сувратига чизгилар" номли иккинчи тўплами нашр этилди. Бу вақтда у Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган, бадиий маҳорати асардан асарга ошиб бораётган эди. Буни синчков ўқувчи тўпламдан жой олган 19  ҳикоянинг ҳар бирини ўқиганда ҳис этиши мумкин.

Ёзувчи ўз ижодий маҳоратини ошириш устида тинмай ишлади. Зинама-зина йўл босиб, маҳорат чўққиси сари кўтарила борди. Ҳикоячиликда етарлича тобланиб, бунга ишончи комил бўлганидан  сўнггина қисса ёзишга қўл урди. "Соҳира", "Қора ҳайкал", "Аммахоллдаги қотиллик", "Изтироб фарзанди" каби бир нечта қиссалари даврий матбуотда эълон қилиниб, ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Адабий доираларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Маълумки, XX асрда жаҳон адабиётига янги бир йўналиш - модернизм услуби кириб келди ва 20-30 йилларда тўлиқ шаклланди. Бу услубнинг моҳияти шундан иборатки, унда ёзувчи қаламга олинадиган воқеаларга, бадиий образларга ҳиссиётга таянган ҳолда, авваламбор ўз онг-шуури, ақл-идроки билан ёндашади, воқеликни ўзига хос тарзда талқин қилади. Анъанавий композиция ва сюжетга зарурат қолмайди, кўпроқ реал ҳаётда мавжуд жараён ва ҳолатлар эмас, балки ғайришуурий кечинмалар тасвирланади. Франц Кафка, Марсель Пруст, Жеймс Жойс, Виржиния Вулф каби адиблар бу жанрнинг янада юксалишига ҳисса қўшишган.

Ўзбек адабиётида эса модернизм йўналиши ўтган асрнинг 80-йилларидан ривожлана бошлади. Шеъриятда Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, насрда Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод, Хуршид Дўстмуҳаммад ва бошқа кўплаб адиблар шу услубда асарлар ёзди. Неъмат Арслон ҳам модернизм руҳи билан суғорилган асарларни ўқишга жуда ўч эди. Айниқса, ўзбек адабиётида Темур Пўлатовнинг "Тарозий тошбақаси" романи, Назар Эшонқул, Олим Отахоновнинг ҳикоялари ундаги модерн услубга бўлган иштиёқни янада оширди. Бу унинг асарларида ҳам сезила бошлади. Адибнинг модернистик услубда ёзилган илк асари - "Адам водийси" дунёга келди.

Ушбу асарнинг бош қаҳрамони жуда енгил вазнли ўқитувчи - Мужрим. Воқеалар унинг адоғи йўқ тубсиз жарга қулаши билан бошланади. Мужрим пастга қулаб борар экан, гўёки юқорига учаётгандек ҳис этади ўзини. Фикрлашдан, ўйлашдан тўхтамайди. Қачонки, ерга бориб тушгач, барчаси ўзгариб кетади. Энди шу кимсасиз, чўкаётган шаҳарнинг фуқаросига айланади. Воқеалар шунчалик қизиқарли ва ишончли тарзда қаламга олинганки, беихтиёр асарга шўнғиб кетасиз. Ҳар бир воқеа фикрлашга, "Нима учун шундай бўлди?" деган саволни ўзингизга бериб кўришга ундайди.

2010 йилда чоп этилган "Мавҳумот" романи эса адибнинг модернизм йўналишида катта маҳорат ва юксалишга эришганини намойиш этди. Роман ҳақида тақриз ёзган таниқли адабиётшунос Санжар Содиқ уни ўзбек адабиётида модернизм руҳи билан суғорилган энг яхши асарлардан бири деб баҳолаганди.

- Мия деб аталган "бир халта кулранг қатиқ"нинг мўъжизалари чексиз, - дейди Неъмат Арслон. - Биз яратадиган санъат асарлари ана шу чексизликда туғилади. Мен инсон миясининг имкониятларидан ҳамиша ҳайратдаман. Унинг механизмини, ишлаш жараёнини англашга интиламан. "Адам водийси" романимда бу борада ўзимча тадқиқотлар қилган бўлсам, "Мавҳумот"да ҳам бу давом этган.

Асар қаҳрамони Фирузон яшаш энг қийин санъат эканини ҳар қадамда ҳис қилади. Унинг елкасидан ҳаётнинг залворли юки босиб турибди. Ана шундай оғир кунларнинг бирида оқшом пайти олди очиқ айвончада ўтирган Фирузоннинг ёнига мутлақо бегона бир аёл кириб келади ва ой тўлишган кунда жуда муҳим ҳодиса рўй беришини башорат қилади. Бу пешонасида фақат биргина кўзи бўлган, хулқ-атвори бошқа болаларга мутлақо ўхшамайдиган чақалоқнинг туғилиши, уни дунёга келтирган онанинг изтироблари билан боғлиқ бўлиб, Фурузонни қаттиқ чўчитади.

Шуниси қизиқки, ёзувчи роман воқеаларини вақт, макон ва замондан ташқарида тасвирлайди. Асарнинг бошдан охиригача барча воқеалар жодуланган ёпиқ халқа ичида айланаверади.

2018 йилнинг иккинчи ярмида Неъмат Арслоннинг яна бир романи - "Савти Сарвиноз" китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди. У боқий санъатимиз - мақомнинг қалби ҳисобланмиш "Шашмақом" ривожига улкан ҳисса қўшган шаҳрисабзлик таниқли хонанда ва бастакор Абдураҳмонбекнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган.

Адиб Абдураҳмонбекнинг умр йўлларини ўрганиш учун узоқ изланди. Буюк бастакор ҳақида мавжуд  кўплаб маълумотларни тўплади. Мақомшунос олимлар, санъаткорлар билан суҳбатлашди, лекин ёзишга шошилмади. Бундан неча йиллар аввал яшаб, ижод қилиб ўтган санъаткор билан боғлиқ воқеаларни миясида пишитиб юрди. Президентимиз томонидан миллий мақомчилигимиз нуфузини оширишга қаратилган эътибор адибнинг бу борадаги изланишларига янада катта куч, шижоат бағишлади.  Кўп ўтмай янги асар дунёга келди.

Абдураҳмонбек тарихий шахс эса-да, муаллиф модернизм услубига содиқ қолиб, улуғ санъаткор образини, унинг миллий мақом куйларини яратишидан тортиб, маънавий дунёси, руҳий кечинмалари - барча-барчасини ўзига хос услуб ва маҳорат билан акс эттирган. Асарда   Абдураҳмонбекнинг севгилиси     Сарвинозга етиша олмагани акс этади. Буюк бастакор изтироб исканжасида севгилисига атаб "Савти Сарвиноз" куйини басталайди. Ҳофизнинг ҳар лаҳза шу куйни чалиб, латиф ва мунгли садо таъсирида тебранишлари беихтиёр ўқувчининг қалбига ҳам висол ва армон туйғулари билан бир вақтда, мақом санъатимизга хос жозиба ва сеҳрни олиб киради.

Таъкидлаш ўринлики, Неъмат  Арслонда новелла ёзишга ҳам иштиёқ юқори. Адиб кейинги йилларда бу жанрда ҳам самарали ижод қилиб, "Аннабел ва Азозил", "Вақт фалсафаси", "Қулфбузар", "Қизил шиша синиқлари" каби новеллалар ёзди.

"Жаҳон адабиёти" журналининг 2018 йил 12-сонида адибнинг "Ёзувчи учун атир", "Соҳибқирон юлдузи" журналида "Юдифь", "Аёл жодуси", "Китоб дунёси" газетасининг 2019 йил 1-сонида "Муз қотган шаҳар" новеллалари чоп этилди.

Неъмат Арслон бугун ҳам ижоднинг катта йўлида. У янги бадиий асарлар яратиш ишқи билан яшамоқда.

Мўмин АЗИЗОВ

Report typo