Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

15.12.2020


Қўлга тушган қиморбозлар

Қимор ўйнаш динимизда ҳаром қилинган, қолаверса, қонунларимизда ҳам бунинг учун тегишли жавобгарлик белгиланган. Чунки қиморда бир тараф ютади, иккинчиси эса ютқазади, табиийки, ютқазган тарафда рақибга нисбатан адоват пайдо бўлади. Бу уруш-жанжалга, пировардида аянчли оқибатларга олиб келгани хусусида кўп эшитганмиз.

Афсуски, орага пул тикиб, карта ташлаётган кимсалар ҳали-ҳануз учраб турибди. Шундайларнинг бир нечаси Чироқчида аниқланди.

Туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими профилактика инспекторлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Олтиндала маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган А. тунги соат 21:00 га қадар бўлган вақт оралиғида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни моддий манфаатдорлик эвазига ташкил қилгани маълум бўлди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг ҳолат юзасидан тарқатган хабарига кўра, фуқаро ўз уйида 3 нафар меҳмонга қимор ўйнашга шароит яратиб берган. Тезкор тадбир жараёнида 600 минг сўм миқдоридаги пул ва ўйин карталари ашёвий далил сифатида холислар иштирокида расмийлаштириб олинди. Ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 191-моддаси билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Масаланинг яна бир жиҳати ҳам борки, юртимизда карантин қоидалари юмшатилган, лекин бекор қилинмаганини унутмаслик зарур. Демак, кўпайлашиб, карантин қоидаларига риоя қилмасдан хурмача қилиқларни содир этмаслик керак.

 

Report typo