Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

19.01.2021


Ўқланган қуролни ташлаб қочиб кетди

Маълумки, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун 4-моддасида ҳайвонот дунёси умуммиллий бойлик экани, ундан оқилона фойдаланиш лозимлиги ва у давлат томонидан муҳофаза қилиниши кўрсатилган. Ўз навбатида табиий эркинлик ҳолатида яшаётган, шунингдек, табиий яшаш муҳитига чиқариб юборилган ёввойи ҳайвонлар ҳам давлат мулки саналади.

Ов қилишга эса махсус рухсатномаларда кўрсатилган муддатларда ва жойларда йўл қўйилади.

Кўриниб турибдики, барча соҳада тартиб-қоида бўлгани каби бу борада ҳам амал қилиш зарур жиҳатлар кўп.

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Қамаши тумани назорат инспекцияси инспекторлари томонидан ўтказилган экологик рейд тадбири давомида эса бунга зид ҳолатга дуч келинди.

Экологик рейд давомида Қамай маҳалласида бир кишининг ов қилиб юргани аниқланиб, инспекторлар томонидан ундан овчилик гувоҳномаси ҳамда ов қуролининг ҳужжатлари сўралганда, фуқаро ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади.

Ҳолатни ўрганиш жараёнида ов қуроли ўқланганлиги маълум бўлди. Бу бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилаётганда эса фуқаро инспекторларнинг қаршилигига қарамасдан ов қуролини ташлаб, воқеа жойидан қочиб қолди.

Ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш  органларига тақдим этилди. Фуқаро инспекторлардан қочгани билан қонуний жавобгарликни четлаб ўтолмаслиги аён ҳақиқат.

Нишон туманида эса 2 нафар фуқаро тегишли қоидаларга риоя қилмасдан ов қилиб юргани аниқланди. Ҳолат бўйича қонуний тўхтамга келингунга қадар Я.Б. ҳамда Ў.Ғдан овчилик гувоҳномалари, ов милтиқлари олиниб, туман ички ишлар идорасига топширилди.

Report typo