Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

24.06.2022


ҚЎЛ ЖАНГИ ЎЗИДА ҚАЙСИ СПОРТ ТУРЛАРИ УСУЛЛАРИНИ ЖАМЛАГАН?

Қарши, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳар икки йилда бир маротаба ёшлар ўртасида қўл жанги спорт тури бўйича “Амир Темур кубоги” халқаро турнири ўтказилади.

Маълумотларга кўра, бундай мусобақани анъанавий тарзда ўтказиш ҳақидаги таклиф Президентнинг жорий йил 20 июндаги қарори билан маъқулланган. Ҳужжат иловасида келтирилган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, қўл жанги бўйича «Амир Темур кубоги» биринчи халқаро турнири 2024 йил апрелда ташкил этилади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан 2023 йилдан бошлаб мазкур спорт тури бўйича ҳар йили Тошкент ва Наманган шаҳарларида ҳам нуфузли мусобақалар ўтказилади. Жумладан, пойтахтда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган Қуролли Кучлар чемпионати ҳамда ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатиб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар хотирасига бағишланган Хотира турнири, Наманганда эса профессионал спортчилар ўртасида «Ўзбекистон Республикаси Президенти кубоги» халқаро турнири ташкил этилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, ўзида бокс, таэквондо, кураш, каратэ, самбо, ушу каби спорт турларини жамлаган қўл жанги сўнгги йилларда бошқа анъанавий спорт турларига нисбатан кенг оммалашиб, ҳозир юртимизда 10 минг нафардан ортиқ ёшлар ва ҳарбий хизматчилар (ходимлар) бу спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келишади. Қўл жанги бўйича 230 нафар Ўзбекистон спорт усталари ва 60 нафар халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт усталари етишиб чиққан.

Қарорда қўл жанги спорт турини аҳоли, айниқса, ёшлар, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари ўртасида янада оммалаштириш, соҳа учун моддий-техник базани мустаҳкамлаш ҳамда малакали кадрлар, тренерлар ва ҳакамлар тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтиришга қаратилган бошқа бир қатор чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Ўз мухбиримиз

 

 

Report typo