Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

03.04.2017


КИТОБ – ҚАЛБ ЧИРОҒИ, ТАФАККУР ҚАНОТИ ВА ҲАЁТ КЎЗГУСИДИР

Бу кунда жаҳоннинг турли мамлакатларида келажак авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий бойлигини шакллантиришда китобнинг моҳияти ва аҳамияти қанчалик юқори экани тарғиб этилади. Кун давомида турли танловлар, китоблар кўргазмалари, конференциялар, фестиваллар ва энг яхши болалар асарларига бағишланган тадбирлар ташкил этилади. Мазкур тадбирларга жаҳоннинг машҳур эртакнавис адиб ва шоирлари таклиф этилиб, улар ёш китобхонларга ўз асарларидан парчалар ўқиб беришади.

Ҳақиқатан, китоб билан дўстлашиш болани нафақат юксалтиради, балки унга ҳаётни танитади, эзгуликка чорлайди. Китоб – бола оламни ўз қарашлари билан кўриши ва атроф-муҳитдаги воқеа-ҳодисаларга онгли ёндашишига кўмаклашади. Халқимизнинг пурмаъно мақолларида англашилганидек, табиатни қуёш иситса, бола қалбини китоб илитади.

Таъкидлаш жоиз, болалар адабиёти пайдо бўлганига у қадар кўп вақт бўлмаган. XVII асрнинг ўрталарига келиб ота-оналар томонидан беғубор қалб эгаларига асосан оғзаки равишда эртаклар сўзлаб берилган, турли масаллар тўқилган. XVIII асрга келиб эса нафақат катта ёшдаги китобхонлар, балки болаларнинг ҳам қалбидан чуқур жой эгаллаган Даниэль Дефонинг “Робинзон Крузо”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” каби ўқишли асарлар бугунги кунга қадар севиб мутолаа қилинади. XIX аср болалар адабиётининг мустақил равишда шаклланиб, юқори чўққига чиққан даври бўлди. Бунда унинг ривожига беқиёс ҳиссасини қўшган ака-ука Гримм, Ханс Кристиан Андерсен каби моҳир эртакнависларнинг хизматларини эътироф этиш лозим.  Ҳозирги вақтда болалар адабиёти адабиётнинг алоҳида йўналиши ҳисобланади.

Шунингдек, мазкур кунда Халқаро болалар китоблари кенгаши ҳар икки йилда болалар адабиётига салмоқли ҳисса қўшган ёзувчи ва иллюстратор (китоб, журналларни безовчи рассом)ларга Ханс Кристиан Андерсен номидаги рамзий мукофотни топширади. Бу мукофотнинг нуфузи эртакнавис ижодкорларнинг орасида шунчалар баландки, адабиёт тадқиқотчилари ва ихлосмандлари уни “Кичик Нобель мукофоти” деб ҳам номлашади. Буюк эртакнавис адибнинг сиймоси туширилган олтин медални қўлга киритиш ҳар бир ижодкорнинг катта орзуси. Мукофот эса болалар учун ёзилган энг яхши асар муаллифигагина насиб этади.

Қадим-қадимдан ота-боболаримиз бола тарбиясида, айниқса, уларнинг камолоти, фаровон ва мазмунли ҳаётида китобнинг ўрни муҳим эканини бот-бот такрорлашган. Негаки, китоб ёшларда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтиради. Азал-азалдан ўзбек хонадонларида китоб энг   катта бойлик сифатида қадрланиб, авлоддан-авлодга етказилган, қишин-ёзин ойдин кечаларда улар жам бўлиб китобхонлик, ғазалхонлик ўтказишган. Ўз навбатида, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад ал Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк аллома, ижодкорлар ҳам, аввалло, мутолаа орқали комилликка эришган. Унга элтувчи йўл фақат китобда жо бўлгани ёшларга сингдирилган. Шу боис ҳам китоб пайдо бўлганидан буён инсониятга содиқ дўстдир.

Шу ўринда айтиш керакки, ўзбек адабиётида ҳам болалар адабиёти ўз ўрнига эга. Бунда Қуддус Муҳаммадий, Пўлат Мўмин, Турсунбой Адашбоев, Худойберди Тўхтабоев сингари адиб ва шоирларимизнинг хизматлари катта. Уларнинг ҳар бир шеъри ёҳуд насрий асари болалар дилларида жо бўлган.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда адабиёт, матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг ҳуқуқий асоси яратилди. Бу борада 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонун-ости ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 12 январидаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши шу эзгу ишларни янги босқичга кўтарди, десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз фармойишида аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишда амалий таклифлар тайёрланиши зарурлиги, шунингдек, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш, улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, ўзбек ва жаҳон адабиёти ижодкорларининг сара асарларини саралаш ва таржима қилиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Бу амалий ишлар шубҳасиз, ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори босқичга кўтаради.

Шу билан бирга, бу эзгу жараёнда адабиёт, ноширлик, матбуот ва таълим муассасалари вакилларидан ташқари, бевосита ота-оналар ҳам мунтазам равишда ўз фарзандларига китоблар ҳадя этишса, уни совға қилишни анъанага айлантирса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Буюк шоир Алишер Навоий айтганидек, “китоб - беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”. Шундай экан, болаликнинг олтин давридан катта ҳаёт сари дадил илдамлаётган фарзандларимиз қўлига китоб тутқазайлик. Уларни бу билим хазинасига киришларига кўмак берайлик. Чунки маърифатли ва маънавиятли инсонларгина ўз Ватанини кўз қорачиғидек асраб, уни тараққий этишига бор куч ва иродасини бахшида этади. Ўз ўрнида, ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти ҳам тобора юксалади.

Азизбек НОРОВ

Report typo