Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.11.2020


КЕПКА ЁКИ ФУТБОЛКАДА БАЙРОҚ ТАСВИРИДАН ФОЙДАЛАНИШ МУМКИНМИ?

18 ноябрь - Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасдиқланган кун

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи давлатимиз суверенитетининг рамзидир. Байроқ халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Шу боис унинг қатъий белгиланган меъёрлари, ўлчам ва ранглари мавжуд.

Аммо айрим жойларда белгиланганидан ўзгача ўлчамдаги байроқ шаклларига ҳам дуч келамиз. Мисол учун, бир вақтлар Қарши шаҳри марказидаги курант юқорисида ҳилпираб турган байроқнинг ўлчами меъёрдагидан фарқли эди. Бунинг сабаби ўша байроқни ўрнатувчиларга аён, қонун талабига кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг бўлиши керак. Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга  тенгдир.

Тўғри, давлат рамзларини ҳурмат қилиш керак, бироқ бу борада ҳам тегишли талаб борлигини унутмаслик даркор. Мисол учун, кепка, футболка ва бошқа кийимларда байроқ тасвири   борлиги ким учундир ватанпарварлик белгиси бўлиши мумкин, аммо қонунда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Давлат ҳаво кемалари реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига; қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига; Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади, дея белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг элементлари нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди.

Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланишга рухсат этилмайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини тайёрлаш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби  Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар эса белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 2031-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат  мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса - уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд этилган.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар ҳурматсизлик жиноий жавобгарлик сифатида малакаланса, Жиноят кодексининг 215-моддасига кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.

Report typo