Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

14.10.2021


КЕЛГУСИ ЙИЛДА ВИЛОЯТГА ЯНА 50 ТА ЯНГИ АВТОБУС ОЛИБ КЕЛИНАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 майдаги “Автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолиятини тартибга солишни янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниши автомобиль транспортида йўловчи ташувчи юридик ва жисмоний шахсларга қатор қулайлик ва енгилликлар берди.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

- Бугунгача фаолиятни қонун асосида ташкил этиб, йўловчи ташиш билан шуғулланишни ҳамма ҳам истамасди, - деди бошқарма бошлиғи Нарзулла Намозов. – Натижада лицензиясиз йўловчи ташиш кўлами юқорилигича қолаётганди. Масалан, биргина жорий йилнинг 7 ойида вилоятда 3000 га яқин ҳолатда фуқаролар томонидан қонунга зид равишда йўловчи ташиш фаолияти олиб борилгани аниқланди.

Қарорга кўра, 2021 йил 15 майдан 2022 йил охиригача автомобилда йўловчи ташиш фаолиятини тартибга солишни соддалаштириш бўйича эксперимент ўтказилмоқда.

- Ушбу эксперимент доирасида жисмоний шахсларга ҳам маълум шартлар асосида автомобиль транспортида йўловчи ташишга рухсат берилди, - деди Н.Намозов. – Айни пайтда мазкур янгилик ўз натижасини кўрсата бошлади. Масалан, эксперимент бошланган 15 майдан ҳозирги кунга қадар якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли бўлган 162 та транспорт воситасига лицензия варақаси расмийлаштирилди.

Матбуот анжуманида автобусга эҳтиёж бор ҳудудлар кўплиги таъкидланиб, 2022 йилда вилоятга яна 50 та автобус олиб келиш кўзда тутилаётганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Хабарингиз бор, мустақиллик байрами арафасида Қарши шаҳар жамоат транспортида йўлкирани электрон тўлаш имконияти яратилганди. Айни пайтда ушбу жараён қай тартибда амалга оширилмоқда? Матбуот анжуманида шу хусусда савол берилди.

- Аввалига маълум миқдорда йўловчиларга транспорт карталари тарқатилганди. Ичида 5 минг сўм билан, - деди Нарзулла Намозов. - Аммо ҳозир картага пул ташлашни ҳамма ҳам билмайди. Қолаверса, карта сони ҳам етарли эмас. Хизмат кўрсатувчи компания билан яна гаплашамиз. Шаҳарнинг маълум нуқталарида, айтайлик, олий ўқув юртлари ёнида махсус киоскалар очиш режада бор. Йўловчилар қийналмай, шу ердан карта сотиб олишади ва пул ташлаш имконига эга бўлишади.

Матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар асосида ўтди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

Report typo