Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

26.02.2021


Камбағални туянинг устида ит қопадими?

Биласиз, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ё бўлмаса бир хонадонда кўпчилик бўлиб яшаётган оилаларга арзон уй-жойлар ипотека кредити асосида имтиёзли давр билан берилади. Аммо шу вазиятдан ҳам усталик билан фойдаланишга уринаётган кимсалар топиларкан. Ўзи муҳтож бўлса ва тегишли талабларга мувофиқ келса, бировдан бирор нарса тама қилишга қайси масъулнинг ҳаққи бор?

Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши тумани бўлими ва туман прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг 18 февраль куни тезкор тадбир ўтказилди.

Маълум бўлишича, Қарши тумани уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бош мутахассиси А.Ж. уй-жойга муҳтож бўлган фуқаро Р.Ю.га мансабдор танишлари орқали уй олиб беришга ваъда беради ва бунинг эвазига 2,5 миллион сўм пул талаб қилади. Шундан дастлаб 1 миллион 500 минг сўмини олиб, тезкор тадбир ўтказилган кунда қолган 1 миллион сўмини олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ушланади.

Терговга қадар текшириш жараёнида А.Ж. фуқародан олган 1,5 миллион сўмни ихтиёрий равишда қайтарган.

Департамент вилоят бошқармасидан хабар беришларича, мазкур ҳолат юзасидан А.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айтиш ўринли, бир неча кун олдин ДХХ вилоят бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Қарши тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси “темир дафтар”га киритилган 3 нафар фуқарога 20 миллион 70 минг сўм миқдорида субсидия маблағлари олишида ёрдам беришини айтиб, эвазига 600 АҚШ доллари олган вақтда ушланган эди.

Қисқа вақт ичидаги шу икки ҳолат туманда коррупцияга қарши ишларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатиб турибди.

Report typo