Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

22.09.2022


КЎПНИ АЛДАШ ОСОН ШЕКИЛЛИ...

Сараланган сатрлар

"Бу қиссамизнинг аввали ҳам туш, ўртаси ҳам туш, охири ҳам тушдур" деган эпиграф тиркалган "Рўё ёхуд Ғулистонга сафар" романи Аҳмад Аъзам ижодида муҳим ўрин тутади. Бундай асарлар ҳар куни ёзилмайди ва ҳаммаям тушунавермайди, шу боис оммавий ўқилмайди ҳам. Воқеалар Ғулистон мамлакатида кечади. Гулистон эмас, Ғул - яъни Занжиристон. Бу мамлакат фуқаролари занжирланган ҳолда ҳаёт кечиради ва бундан ўзларини бахтиёр санайди. Занжирсиз ҳаётни тутқунлик ҳисоблашади ва бунга жуда қаттиқ ихлос қўйишган. Жамики тартиб, ҳаёт тарзи биз мустабид санайдиган тузумга мосланган ва қизиғи, ғулийлар бунинг зиддини айтишади. Асар воқеалари бир қарашда ғайритабиийдек, бироқ кўринмас занжирлар фикримиз, онгимиз, дунёқарашимизни чулғаган мустабид замонларни эсласак, муаллиф тутуми, мақсади бир қадар ойдинлашгандек бўлади - бунга ишоралар жуда кўп.

Қуйида романдан айрим лавҳалар сараладик. Тўғри, улар адабиётимизда ўзига хос воқелик саналган роман ҳақида етарли тасаввур бермаслиги мумкин, бироқ шунинг ўзиёқ битиклар ортида катта ижодкор турганини тасдиқлайди. Романни эса албатта ўқиб чиқинг - дунёқарашингиз ўсади, оламни, ҳаётни ўзга ранг-тусда ҳис қила бошлайсиз...

* * *

Хўш, бир бечорани трамвай уриб кетибди, сен унинг оёғидан ушлаб, трамвай тагидан тортиб олибсан. Бор-йўғи шуми? У трамвай босганда ўлиб, сен уни тирилтирганинг йўқ-ку! Шунинг нимаси қаҳрамонлик? Лекин бошқа томони ҳам бор, аниқ эсимда: ҳали трамвай тагидан иккита оёқ чиқиб туриб, сал қимирлаганда, битта мен бордим, аввал эгилиб, шу оёқларга қарадим, кейин секин ушлаб тортдим. Суғуриб олдим ҳалиги одамни. Ҳа, шундай кўз олдимда турибди: одам кўп, лекин атрофим бўш эди, хаёлимда фақат бу томондан трамвай келиб қолмасин-да, деган хавотир бор эди, чунки мен қарши томоннинг йўли устида турган эдим-да. Бу одам туриб ўтириб, қўлини мендан силтаб тортиб олиб, яна олайиб қараб қўйгандан кейин бошқалар ўраб олишди. Мен қилган иш жуда қаҳрамонлик бўлмаса ҳам, ҳар қалай, бошқаларнинг юраги дов бермаган, кўнгли ботинмаган нимадир ўзгача бир ҳаракат эди, бари бир.

* * *

Одам деган зотнинг кўнгли ўзи ғалати, гоҳ ундай, гоҳ бундай, нега шундайлигини тушуниб тургандек бўласан-да, аниқ тушунмаганингдан қийналасан. Бир хил кунлари уйқудан эзилиб, ғаш турасан, кун бўйи ўйлайсан, шу нимадан ғашлигингни тополмайсан, баттар ториқасан, бирон танишинггами, яқининггами заҳрингни сочиб юборасан-да, салдан кейин бирдан енгил тортиб, енгил бўлганинг сабабини ўйлаб, нима, жинни-пинни эмасманми, деб ажабланасан. Ё бўлмасам, кун бўйи очилиб-сочилиб юрасан, ҳаммага яхши гапирасан, кейин бирдан, йўқ ерда ғуссага ботиб юрганингни, ҳазил-ҳузулларинг, шод-хуррамлигинг фақат ниқоб эканини, ўзингни шундай кўрсатишга ҳаракат қилганингни англаб қоласан. Майли эди бирон ташвишни ўйлаб ғуссага ботсанг, лекин ғуссангнинг ўзи мутлоқ ғуссанинг ўзи, ҳар куни келиши таниш, лекин, бари бир, ўзи нотаниш, тубига етолмайсан…

* * *

Албатта, қўрқувнинг шакли-шамойили кўп. Бировга: "Оғайни, тун ҳам кундуз, фақат қуёши йўқ", деб минг тушунтиринг, у бари бир, қоронғи тундан қўрқаверади, бир умр қўрқади. Биз билан бир барзанги йигит ишлар эди, юриш-туриши ваҳима, ҳамкасбимиз уйланганда, тўйда шу гавдаси билан ўйинга тушиб, ҳаммани қўрқитди, шундан кейин унинг Боқи оти Боқизавр бўлиб кетди. Энди, қаранг, шу гавда, боши шифтга тегадиган бўй билан қоронғидан жуда қўрқар, кечаси ташқари чиқмоқчи бўлса, албатта ёнидаги ҳамхонасини уйғотиб, бирга борайлик, деб ялинар экан. Агар ўзи кечаси одамнинг олдидан туйқусдан чиқиб қолса, қўрқмаган одамнинг ҳам юрагига ваҳима солар эди. Қўрқув деган нарса гавдага қарамас экан-да.

* * *

Бир бош бухгалтерни биламан, шунинг нимадан қўрқишини ўйлаб ҳам тополмайсиз, - телефондан! Ички, шаҳар, мобил телефонидан чақиринг, бари бир, ҳеч қачон гўшакни олмайди, бош бухгалтер, албатта сизга керак, овора бўлиб учинчи қаватга чиқсангиз, кетма-кет жиринглаган аппаратларга мазаси қочиб қараб ўтирган бўлади. Гўшакни кўтармай гап эшитган, кейин жирингласа яна гап эшитаман деб кўтармаган, бу чексиз давом этаверганидан кейин юрагининг мазаси қочган, юрагининг мазаси қочгандан кейин хуруж қилмасин деб, яна жиринглаган аппаратга қараб ўтирса ҳам, гўшакни кўтармаган, хуллас, ўзига сурункали дард орттирган, иши шунақа, тинмай телефондан излайдилар, у эса ўзини йўқликка солиб ўтиради, борлигини билдиришдан қўрқиб, касали кучайиб кетаверади. Ҳатто хотини телефон қилса ҳам ўйнашим эмасмикан деб ваҳимага тушади, шу ҳолига яна ўйнаш тутганига ўласиз, ўйнаши сим қоқса, хотиним бўлиб чиқса-я, деб ўтакаси ёрилаверади, умуман қўрқув домидан чиқолмайди.

* * *

Одамнинг табиати қизиқ, нимаики мумкин бўлмаса, шуни қилгиси келади.

* * *

Болалигимдан бери "Москвага бориб, мовзалейга кириб, Ленинни кўрганимни ҳаммага айтиб берсам", деб юрган одам, бирдан ҳафсалам пир бўлди ва Лениннинг шу кичкина ўлигидан эмас, йўқ, худди ҳозир шу ерда ё ташқарига чиқишим билан "Мана бу йигитча ичида Ленинга шак келтирди", деб қамаб қўйишадигандек ваҳима босди, тезроқ бу лаҳмдан қутулгим келди. Қизил майдонга чиқишимиз билан Очил акага: "Бир бурда-ю!", дедим. Очил ака: "Ҳа, энди, эллик-олтмиш йилдан бери қуриб-кичрайган-да", деди. "Йўғ-е, асли ўзи кичкина одам бўлган бўлса керак, қуриб, териси тортилгани билан суяк калтармайди-ку! Бу баҳайбат ҳайкалларнинг ҳаммаси қуруқ савлат экан-да", дедим. Очил ака: "Э-э, қўй, оғримаган бошни оғритма. Шунақа гапларни секинроқ гапир", деди.

* * *

Тўғри одамнинг бир жойда виждонли бўлиб, бошқа жойда виждонсиз бўлиши ғалати.

* * *

Хаёлимнинг бир чеккасида ўзимча куйиниб ётибман: бутун бошли бир оғир саноат беҳудага ишлаб ётибди экан деб. Энди сўрасангиз, бу ёқда ўзимизда йўқми? Бу танку қирувчи учоқ, автомату тўп, атому водород бомбаларини ишлаб чиқармаса, яшаб бўлмайдими? Қайси мамлакатнинг ҳарбийларидан сўрасангиз, бостириб кирадиган душмандан ҳимоя қилиш учун, дейди, бостириб боришимиз учун, демайди. Ҳаммаси ҳимояланади, босиб оладиган душман ким, билмайсиз. Бошқа мамлакатнинг ҳудудига ҳам ўзининг хавфсизлигини таъминлаш учун киради. Майли, бу бошқа гап-у, лекин ана шу йўқ душманга қарши тайёрланишга қанча куч, қанча маблағ, қанча меҳнат кетишини ўзингиз, ҳа, яхши биласиз. Ҳа, энди бу жуда содда саволлар-у, лекин доим одамни ўйлантиради-да.

* * *

Fулистонники нима, бошқаларга аниқ бир зарари йўқ, ўзича занжир ишлаб чиқиб, халқини занжирбанд қилиб ётар, халқи шундан хурсанд экан. Ўзи умуман халқ бир тузумдан рози бўлса ё ўзини розидек кўрсатса, тескарисини исботлашга минг урининг, бефойда.

* * *

Биласиз, кўпнинг муносабати жуда кўп нарсани белгилайди. Мақтаса, шу мақтовга арзимаслигингизни билиб турсангиз ҳам шишиб кетасиз, ёмонласа - минг кучли одам бўлманг, руҳингиз чўкади - кўпнинг таъсири шунақа. Мен ўттиз еттинчи йиллари отувга ҳукм қилинганларни халқ орасида муҳокама бўлиб, оммавий қоралаганларини ўқиб, уларга йўқ ердаги айбни тақаб, ёлғондақа суд қилиб, ҳаётдан маҳрум этиб, яна одамларга нафратлантиришнинг нима кераги бор, деб ҳайрон бўлар эдим. Энди тушунсам, ҳақиқий, тамомила ўлдириш шу - кўпчиликнинг қарсаги билан қилингани, энди бу дунёда қўллаб турадиган ҳеч нарса қолмагани учун бечора қатағон қурбонлари милтиқнинг мили қаршисида ҳам партияга, Сталинга қасам айтиб, кўкракларини ўққа тутиб берган эканлар.

* * *

Кутилмаган вазиятга тушган ҳар хил одам ўзини ҳар хил тутади. Мен аввалбошда ҳовлиқаман, шошаман, ўзимча бир нима ҳаракатлар қилиб кўраман, лекин вазият ойдинлашавермаса, босилиб, қани, бу ёғи неча пулдан тушар экан, деб кутишга ўтаман. Шуниси яхши, кўпинча кутганим яхши бўлиб чиқади.

* * *

Одамлар алкоголга, умуман маст қиладиган нарсага шунчалар ружу қўйганларки, ақлга сиғмайдиган ишларни ҳам қиладилар. Буни қаранг, бензиннинг сассиғини искаб ҳам одам маст бўлар экан. Бир кружка пиво олиб, устига суварак ўлдирадиган дорини пиш эткизиб пуркаб, кейин ичсангиз, кун бўйи бангихаёлда кайф қилиб юрар экансиз. Вей, этикмойни биласиз-а, ҳарбийда "гуталин" дейишади, шуни қалинроқ бўлканон бўлагига суртиб, бир муддатдан кейин устини кесиб олиб ташлаб, қолган ивиғини еса, шундан ҳам маст бўлар экан. Жони азизини ўйламай, одам боласи кайф учун ҳайвон ҳам қилолмайдиган ишни қилади-я, астағфируллоҳ! Ҳей, падари қусур, ажалингдан беш кун бурун ўлиб кетяпсан-ку, дейсиз, у бўлса сизга қараб ҳиринглайди! Маст-да, бахтиёр, текин кайф топганидан оғзи қулоғида…

* * *

Мен оммавий машҳур асарларга унча ишонмайман. Чунки кўпи ўртамиёна китобхонга мўлжаллаб ёзилади, ўртамиёна китобхон эса ҳақиқатан ҳам омма. Сизни айтмаяпман, бир киши омма бўлолмайди. Аммо ўша оммани ҳам алдаш инсофдан эмас, ёзувчи ҳамма ерда, ҳатто фантастик асар ёзганда ҳам ҳаққонийликдан чекинмаслиги шарт деб ҳисоблайман.

* * *

Ёруғ келажагига етмадиг-у, аммо мақсад сари етмиш йиллик интилишда нималар қилмадик, нималарни қуриб ташламадик! Кўпни алдаш осон шекилли, кейин, мамлакат ҳам кунчиқишдан кунботишга қадар бепоён, нуфуси жуда улкан эди, ўша бўлғуси буюк бахтга ишониб йўл босавердик-ку!

* * *

Биз занжир тақмаймиз, инсоннинг ўзини ўзи кишанбанд қилиши ақлимизга ҳам сиғмайди, ғулийлар эса ҳаётни шусиз тасаввур қилолмайдилар, хўп, нима бўпти шунга, қўйинг, ўзларига маъқулми, тинчлик-фаровонликлари шу биланми, яшайверсинлар. Ҳаётимизни уларга ўрнак қилиб қўйиб, ҳаммани ўзимиздек яшашга ундашимиз инсофдан эмас. Шўро замонида бошқаларга ақл ўргатавериб ўзимизда қолмагани етади бизга.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo