Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Таълим
  • ЙИРИК НЕФТЬ КОМПАНИЯСИ ҲОМИЙЛИГИДА РОБОТОТЕХНИКА СИНФИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Н.ХЎЖАЕВ

27.10.2020


ЙИРИК НЕФТЬ КОМПАНИЯСИ ҲОМИЙЛИГИДА РОБОТОТЕХНИКА СИНФИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Замонавий таълим истиқболлари

Ёшларни замонавий ва келажак касбларига йўналтириш давлатимиз томонидан таълим соҳасидаги устувор вазифа этиб белгиланган. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш кўзда тутилган.

Ушбу муҳим жараёнда юртимизда фаолият юритаётган йирик компаниялар ташаббус кўрсатаётгани эса алоҳида эътиборга молик. Жумладан, "ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани" компанияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги қошидаги Инновация, технология ва стратегия маркази билан ҳамкорликда ҳудудларда ихтисослаштирилган синфлар ва робототехника курсларини яратиш лойиҳасига старт берилди. Лойиҳа доирасида Бухоро шаҳридаги 42-умумтаълим мактаби ҳамда Қарши шаҳридаги 26-мактабда робототехника синфлари фаолият бошлади.

Машғулот ўтиладиган хоналар 243 миллион сўмлик компьютерлар, 3D-принтер, робототехника тўпламлари, проектор мосламаси ва бошқа инновацион ускуналар билан жиҳозланди.

- Ҳозирги кунда 6-9-синфлардан 20 нафар ўқувчи машғулотларда қатнашаяпти, - дейди робототехника синфи ўқитувчиси Даврон Обиджонов. - Ўқиш уч  босқичда уч ой давом этади. Дастлаб ўқишга келган болалардан конкрет факт сўрайман: келажакда аниқ нима қилмоқчи? Инкубатор ё иссиқхона ташкил қилмоқчими, автомобиль ясамоқчими, космосга учишни орзу қиладими? Машғулотлар шунга қараб давом этади. Айни пайтда ўқувчилар процессорни дастурлашнинг дастлабки босқичи бўйича сабоқ олмоқда. Буни ўзлаштирганлар кейинги босқичга ўтади, ўзлаштиролмаса, қайта ўқийди. Сўнг ўзлари танлаган қурилма бўйича ишлашади, махсус код ёзишни ўрганишади.

Қайд этиш ўринли, робототехника ҳали бизда янги йўналиш. Демак, дарс ўтадиган мутахассис бу борада маълум тажрибага эга бўлиши керак. Хўш, айни пайтда болаларга робототехникадан сабоқ бераётган ўқитувчининг бу борада маълум тажрибаси борми, йўқми?

Маълум бўлишича, Даврон Обиджонов Минскда  дастурчи-муҳандис мутахассислиги бўйича бакалавр даражасини олган. Айни пайтда Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида ишлаш билан бирга 26-мактабда машғулот ўтаяпти. Ўзи сингари ёшлар билан робототехника ҳамда мультфильмлар тайёрлаш бўйича турли лойиҳалар устида иш олиб бормоқда.

Айтишларича, хориждаги мактабларда болалар 8-9-синфларда дастурлашни тўлиқ ўрганиб, олий ўқув юртига деярли тайёр мутахассис сифатида борар экан. Бизда эса аксинча: физика, математикадан тайёрланиб ўқишга кирганлар университетда дастурлаш ҳақида эшитишади. Улар токи бу борада етарли билимга эга бўламан дегунча ўқиш ҳам якунига етиб қолади. Демакки, умумий ўрта таълим мактабида ташкил қилинган робототехника синфи айни йўналишдаги бўшлиқни тўлдиришда, камчиликларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

Н.ХЎЖАЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo