Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бекмурод САҲРИЕВ

07.07.2022


ИНСОНПАРВАРЛИК, ЭЗГУЛИК, ШУКРОНАЛИК ВА МЕҲР-ОҚИБАТ -

Қурбон ҳайити мазмун-моҳиятида шулар сингари анъана ва қадриятлар мужассам

 Қадрият

Халқимизнинг қадимий ва бетакрор байрамларидан бири бўлган муборак Қурбон ҳайити жорий йилда 9 июль куни кенг нишонланади.

Яратган Роббимизга беадад шукрлар айтамизки, дунё мусулмонлари каби  диёримиз мўъмин-мусулмонлари ҳам муборак Қурбон ҳайитини хурсандчилик ва яхши кайфият билан кутиб олиш, уни муносиб нишонлаш олдида турибмиз.

Динимиз Қурбон ҳайити кунида биз мусулмонларга баъзи вожиб ва суннат амалларни бажаришни буюради. Хусусан, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир" дедилар. Азизлар, ушбу ҳадиси шариф мазмунига теранроқ қарасак, етимларга, бева-бечораларга, боқувчисини йўқотганларга ва ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, уларнинг дуоларини олиш  нақадар катта савоб амал эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Хусусан Қурбон ҳайити байрами арафасида бунинг савоби янада каттадир. Зеро, Қурбон ҳайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, иймон, ёшларга тавфиқу рушди ҳидоят сўрайдилар. Қариндош-уруғларни, ёру биродарларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда мана шундай яхши амаллар ҳар бир эзгу ниятли инсонларнинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор бир сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар эса ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашади. Чунки кечиримли ва меҳр-оқибатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Муҳтожлар ҳолидан хабар олиб, йўқсилларга ёрдам беришлик ҳам Қурбон ҳайити арафа кунларида жуда фазилатли амал ҳисобланади, чунки уларни хурсандчиликларига яна хурсандчилик қўшилади. Анас ибни Молик (р.а.), Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: Ҳайит куни сарвари коинот минбарга чиқдилар. Болалар ўйин кулги билан машғул, барчалари хурсанд эдилар. Фақат биргина кир ва жулдур кийимли бола четда ўтириб йиғларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Эй бола, бугун ҳайит, байрам ҳамма болалар қувнаб, ўйнаб кулиб юришибди, сен нима сабабдан йиғлаяпсан?". У деди: "Отам ғазотга бориб ҳалок бўлди, онам эса бошқа эрга турмушга чиқиб кетди. Ўгай отам менга тегишли мол-ашёларни еб, ўзимни уйдан ҳайдаб юборди. Ҳозир мени на кийишга кийимим, на обу-овқатим ва на уй-жойим бор. Ҳамма болаларнинг ота-оналари бор бўлиб, чиройли кийимлар кийишиб, бугун ўйин-кулги қилишаяпти. Агар отам тирик бўлганда эди, мен ҳам янги кийимлар кийиб ўйнаган бўлар эдим", деди. Етимликда ўсган, меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам боланинг қўлидан ушлаб: "Эй бола, мен отанг бўлсам, Оиша онанг бўлсалар, рози бўлармидинг?" деб сўрадилар. "Ё Расулуллоҳ, албатта рози бўлардим" деди бола. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни уйларига олиб бориб, қорнини тўйдирдилар, чиройли кийимлар кийдириб, ҳар хил хушбўй ҳидли нарсалар сепдилар. Бола Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан хурсанд бўлиб чиқди ва бошқаларга қўшилиб ўйнай бошлади. Уни кўрган болалар: "Боя йиғлаб ўтирган эдинг, ҳозир эса жуда хурсанд бўлиб юрибсан?" деб сўрашди. "Отам йўқ эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отам бўлдилар, Оиша (р.а.) онам бўлдилар, оч эдим қорнимни тўйдирдилар, яланғоч эдим анвойи кийимлар кийдирдилар, мен хурсанд бўлмай ким хурсанд бўлсин" деб жавоб берди бола.

Ҳайит куни покланиб, хушбўй атирлар сепиб ва энг гўзал, янги ёки тоза кийимларимизни кийиб намозгоҳга бориш, то ҳайит намози ўқилгунча ҳеч нарса емаслик суннат амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни токи ҳайит намозидан қайтгунларигача ҳеч нарса емас эдилар. Шунингдек, динимиз таълимотларига кўра қурбонлик қилиш вақти Қурбон ҳайити намози ўқилгандан  сўнг бошланади.

Аллоҳ таоло қурбонликларимизни ўз даргоҳида қабул айласин!   

Бекмурод САҲРИЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг  Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги масъул ходими

Report typo