Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

11.07.2024


ИНСОН БЎЛИШ УЧУН АҚЛЛИ БЎЛИШ ШАРТ ЭМАС

Сараланган сатрлар

Қуйида Америка адабиётига мансуб икки асар ҳақида фикр юритмоқчимиз. Улардан бири Фрэнсис Скотт Фицжеральд қаламига мансуб "Бенжамин Баттоннинг сирли ўтмиши" тўпламидир. Китобдан "Верониканинг сочлари", "Телба якшанба", "Ўз ҳолича", "Бенжамин Баттоннинг сирли ўтмиши" ҳикоялари ўрин олган бўлиб, улар асосида 2009 йилда режиссёр Девид Финчер суратга олган фильмда бош ролни машҳур актёр Бред Питт ижро этган.

Албатта, Фицжеральдни китобхонлар кўпроқ "Буюк Гэтсби" романи орқали танийди. Аммо ушбу тўпламдаги услуб ҳам ўқувчи эътиборини тортмасдан қолмайди.

Тескари ҳаёт тарзи - қариликдан гўдакликка қараб яшаган Бенжамин Баттоннинг кечмиши дастлабки саҳифалардаёқ китобхонни ўзига ром қилади. Хўш, адиб айтмоқчи бўлган асосий фикр, ғоя нима? Инсон ҳаётнинг барча ҳикмат-ҳақиқатларини туғилибоқ англаса, аммо ана ўша тескари умр шомида, яъни гўдакликда ҳеч нарсани ёдга ололмаса ва хотирасида неки бор - ҳаммаси ўчиб-битишга маҳкум бўлса, бунга одамзод чидай олармикан? Ахир инсон хотиралар билан тирик эмасми?

Кейинги асар - Жон Стейнбекнинг "Сичқонлар ва одамлар" қиссаси. Воқеалар гўё бизга таниш ҳудудда, ўзимизга яқин одамлар билан боғлиқ кечаётгандай туюлади. Гап шундаки, улкан гавдали, бироқ эси паст Ленни ўзини уддабурон санайдиган Жорж билан қора юмушларни бажариб юради. Фермерларга ишга ёлланиб, бир-икки чақа топиш пайида бўлишади. Уларнинг бир мақсади бор - озроқ ер сотиб олиб, ўз фермасини барпо этиш. У ерда алоҳида яшаш уйи, боқиладиган жонзотлари, айниқса, қуёнлари бўлади - Ленни фикри-хаёли шу ўй билан банд. Ён-атрофидагиларнинг бунга муносабати, устидан кулиши билан эса иши йўқ - нуқул қуёнлари ҳақида ўйлайди. Жорждан режалар рўёбини айтиб беришини сўрайверади - ҳеч қачон амалга ошмаслигига кўзи етса-да, у ҳам эртак тўқишдан чарчамайди. Асарга Роберт Бёрнс шеъридаги "Энг яхши режалар инсонларнингдир, улар ҳеч қачон амалга ошмас..." деган  сатрларидан илҳомланиб, "Сичқонлар ва одамлар" деб ном берилган.

Мавсумий дала ишчилари бўлмиш Ленни ва Жорж ўртасидаги дўстлик ва бирдамлик ҳақида сўз борган асар якунида Жорж эси паст, бироқ қалби беғубор биродарини отиб ўлдиради. Бунинг сабаблари ҳақида эса асар мутолааси давомида билиб оласиз.

Шу ўринда китоб нашри билан боғлиқ айрим жиҳатларга тўхталиб ўтсак. Эътибор берсангиз, аввал чоп этилган барча китобларда имло хатоларини деярли учратмайсиз. Ваҳоланки, адиблар машинкада ёзишган, нашриётлар қўрғошин қолиплардан фойдаланган - турган-битгани машаққат саналган, шунга қарамай, китоб саҳифаларида бирор хатога дуч келиш душвор бўлган. Ҳозир клавиатуранинг биргина тугмаси билан хатони тузатиш мумкин - озгина эътибор ва диққат кифоя.

Афсуски, юқорида тилга олинган икки китобда жуда кўп имловий ва услубий хатоларга дуч келасиз. Масалан, адибнинг номи ўзбек ва рус тилида Фицжеральд ҳолида ўқилади, чоп этилган кўплаб китобларда шу шаклда қайд этилган. Аммо "Бенжамин Баттоннинг сирли ўтмиши" китоби муқовасида "Фижеральд" деб берилган. Ваҳоланки, шу ёзув ёнгинасида инглизча "Fitzgerald" деган ёзув турибди - хўш, "tz" ҳарфлари қаерга кетди? Буниси майли, адиб номи ички саҳифаларда "Фижеролд" бўлиб қолганига нима дейсиз?

Боз устига китоб худди "Google" таржимон орқали тилимизга ўгирилганга ўхшайди - жумлалар тўмтоқ, ҳиссиз. Бадиий асардан кўра бирор ҳужжат ёки кимнингдир таржимаи ҳолини ўқиётгандай бўласиз.

Шундай зўр асарларнинг ўзбек тилидаги нашри шу ҳолда дунё юзини кўрганига афсус қиласиз, аммо бундан не фойда - китоб чиқиб, сотилиб бўлган...

Барибир бу китобларни ўқиб чиқинг - қизиқарли сюжет ва дунёни англашга бўлган ўзгача эҳтиёж маҳсули бўлган асар адабий тасаввурларингизни янада бойитишига ишонамиз.

"Бенжамин Баттоннинг сирли ўтмиши"

Баъзи эркаклар йигирма беш ёшга тўлар-тўлмас дунёдаги ҳамма нарсани биламан, деб ўйлашади. Ўттиз ёшга бориб эса ичкиликка берилиб кетишади. Қирқ ёшда охири йўқ ҳикоялар айтадиган сафсатабозга айланади. Олтмиш ёш... эҳ, олтмиш ёш... уёғи етмишга яқин! Эллик ёш - камолот ва донолик даври.

*  *  *

Қирқ ёшдан кейин инсонларнинг фикрлашларини ўзгартириш қийин-да. Ўн саккиз ёшлиларнинг фикрлашларини эса истаганча ўзгартириш мумкин. Ўн саккиз ёшимизда дунёга қарайдиган тоғларга, қирқ беш ёшимизда эса дунёдан яшириниб оладиган ғорларга ўхшаймиз.

*  *  *

Чарли буддизм тўғрисида ҳеч нарса билмагани каби аёллар психологияси ҳақида ҳам ҳеч қандай маълумотга эга эмасди.

*  *  *

Узоқ кутилган якшанбада шахсий ҳаёт билан боғлиқ ғам-ташвишлар кучга кириб, кўзларда шукуҳ ва жилва қайта жонланади. Гарчи бу кўзлар иш билан ўта банд кунларда зерикарли, бир хилликдан толиқтирувчи хира парда билан тўсилган бўлса-да. Бегим кунларининг беҳаловат онлари, сўнгги соатлари чўзилгандан-чўзилиб, атрофдагиларни ҳолдан тойдирганча аста-секинлик билан ўз ўрнини узоқ кутилган якшанбага бўшатиб бериш палласида ўйинчоқ дўконидаги жонланаётган қўғирчоқлар мисоли одамлар жонлана бошлади; кимдир бурчак-бурчакда нималарнингдир қизғин маслаҳатини қилади. Яна кимдир эртага қилиши лозим бўлган шахсий ҳаёти, рўзғори билан боғлиқ режалар тузиш билан машғул. Севишганлар эса йўлакда учрашиш учун шошилмоқда. Деярли ҳаммада шошилинч бир ҳиссиёт ҳукмрон: "Тезроқ, тезроқ!.. Шошилинг, кеч бўлмасдан улгуриб қолинг! Акс ҳолда атиги қирқ соатдан иборат табаррук дам олиш лаҳзалари кўз очиб юмгунча, бамисоли қуш каби осмонга учиб кетажак!"

*  *  *

Ўзинг тўғрингдаги норозилик ва  хафагарчилик босилмагунга қадар, уни   бошқалардан сир тутиш лозим.

*  *  *

Ўлимнинг даҳшатли сукунатида ҳамма нарса ўз жойига тушди. У ўзида мусаввирлик виждонини ва фавқулодда феъл-атворни мужассамлаштира олган яккаю ягона америкалик режиссёр эди. Киномашина исканжасида сиқилиб қолган бу одам муросага бормас, иккиюзламачилик, орсизлик балосига мубтало бўлмай туриб, ўзининг руҳий соғлиғидан айрилди, ўзига бир паноҳ топа олмади, топган паноҳи ҳам ишончсиз, умидсиз,    аянчли, ночор паноҳ бўлди.

*  *  *

"У мени маъбудага айлантирмоқчи, аммо менинг Микки Маус бўлгим келади".

*  *  *

Гастроль сафарларимиздан бирини эслайман. Ҳар бир жойнинг сиёсий етакчилари зиёфату кечаларга бизларни таклиф қилади-да, кейин эса ўзаро пичирлашиб, бурчак-бурчакда ҳиринглашиб ўтирадилар.

*  *  *

Америкалик аёлларнинг турган-битгани шундай ўзи. Ўзларида муваффақиятли жиҳатлар қанчалик кам бўлса, муваффақиятлиларни шунчалик кўп танқид қилади.

"Сичқонлар ва одамлар"

    Бизга ўхшаган фермер хўжаликларида ишлайдиган одамлар бу дунёда ёлғиздирлар. На яқинлари бор, на уйлари. Улар бир фермер хўжалигига боришади, у ерда беш ёки ўн чақа пул тўлашади ва кейин шаҳарга бориб, ҳаммасини сарф қилишади. Пул тугаши билан бошқа фермер хўжалигида ишлашга кетишади. Уларнинг эртанги кундан умид қиладиган нарсалари йўқ.

Биз ҳақимизда гап кетганда, мавзу ўзгаради. Бизнинг умидимиз бор. Биз билан суҳбатлашадиган ва қизиқиш билдирадиган одамимиз бор. Борадиган бошқа жойи бўлмагани учун, майхонада бутун пулини тугатадиганлар каби эмасмиз. Бошқалар қамоққа тушса ҳам, ўлиб кетса ҳам, ҳеч кимнинг иши йўқ. Аммо биз ундай эмасмиз. Нега биз ундай эмасмиз? Чунки... мен учун сен борсан, сен учун мен борман-да, шунинг учун.

*  *  *

Биргаликда юрадиган одамлар кўп эмас. Сабабини билмайман. Ушбу лаънатланган дунёда одамлар бир-бирларидан қўрқишади, эҳтимол, бир-бирларидан узоқ юришларининг сабаби шудир.

*  *  *

Инсон бўлиш учун ақлли бўлиш шарт эмас. Ҳатто менга баъзида шундай туюладики, бунинг акси бўлиши керакдек. Чиндан ҳам ақлли ва билимли одамдан яхши одам чиқиши камдан-кам учрайди.

*  *  *

Нохуш ҳолат. Улар яшашдан   завқланмайдилар. Охир-оқибат ёмон одамлар бўлишади. Улар ҳар доим маишат хоҳлашади. Шундан ёмон одамларга айланишади. Шундай даражага етишадики, ҳеч ким билан бир оғиз суҳбатлашишни хоҳламайдиган бўлиб қолишади.

*  *  *

Асл масала, одамнинг гапириши ёки тилини тийиб бир чеккада ўтиришида. Ҳамма гапга қулоқ солиш шарт эмас.

*  *  *

Мен бу йўллардан, бу фермалардан қандай одамлар ўтганини кўрдим. Улар доим елкаларида сумкаларини, бошларида эса аҳмоқликларини кўтариб юришарди.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo