Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

А.МУРОДОВ

21.04.2022


ИННОВАЦИЯ, РАҒБАТ ВА МУВАФФАҚИЯТ

ҚМИИда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокида вилоятдаги олий таълим муассасалар профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, магистрантлар ва талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Ҳудудларда, хусусан, вилоятда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар билан яқиндан танишиш, уларни тижоратлаштиришга тайёрлаш масалаларига бағишланган ушбу учрашувда ёш олимлар томонидан турли таклифлар, мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилаётган танловлар кўплаб иқтидор эгаларини кашф этмоқда. Қайсики инновацион лойиҳа ўз вақтида рағбатлантириб борилса, у муваффақият сари дадил одимлайди.

 Тадбир аввалида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ёш тадқиқотчилари томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари, муқобил энергетика, нефть ва газ соҳаси бўйича тадқиқотлар намойиш этилди, - дейди  илмий ишлар ва инновация бўйича проректор Ғулом Узоқов. - Кўплаб лойиҳаларни такомиллаштириш, тижоратбоп ҳолга келтириш юзасидан амалий тавсиялар берилди. Бир сўз билан айтганда, бундай учрашувлар олимларимизнинг илмий изланишларини юзага чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Вазир ўз ташрифи давомида энергетика факультетида бунёд этилган муқобил энергия манбалари илмий-инновацион полигонида ҳам бўлиб, бу ердаги ноанъанавий энергия таъминотига мўлжалланган айрим қурилмаларни янада такомиллаштириш бўйича ўз кўрсатмаларини берди.

А.МУРОДОВ

 

 

Report typo