Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

15.11.2018


“ИЛК ҚАДАМ” ШИДДАТИ

Жорий йилнинг сентябрь ойидан мамлакатимиздаги мактабгача таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг тегишли йиғилиш қарори билан тасдиқланган “Илк қадам” ўқув дастури ҳаётга татбиқ этилди. Ушбу ўқув дастури энг яхши халқаро амалиёт ҳамда Жанубий Корея тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ва ундан кўзланган асосий мақсад - ҳаёти давомида узлуксиз ривожланишга қодир бўлган шахсни шакллантириш. Айни кунда вилоятимиздаги 345 та мактабгача таълим муассасасида ушбу дастур асосида иш олиб борилаяпти.

***

Давлат ўқув дастури Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари, мактабгача гуруҳларга эга бўлган “Меҳрибонлик” уйлари, мактабгача ва бошланғич таълимни назорат қилувчи бошқарув органларида қўлланади.

Янги дастурнинг муҳим жиҳати, барча нарсанинг асоси ижтимоий ёндашувдир, яъни диққат марказида бола ва унинг манфаатлари туради. Педагог, ота-она, педагогик таркиб, боланинг ўзи ва албатта, жамият ҳамда давлат каби ижтимоий ҳамкорлар билан бир ижтимоий муҳитни ташкил қилади.

Ўқув машғулотлари халқаро экспертлар ва малакали мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган, йиллик ва ҳафталик мавзувий режалаштириш дастурлари асосида ўтилади.

Хусусан, сентябрь ойида тарбияланувчилар “Ўзбекистон – менинг Ватаним” мавзуси доирасида оиласи, боғчаси, шаҳар ва маҳалласи, Ватани, дўстлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлишган. Октябрда эса “Куз бўёқлари” мавзуси орқали мавсумий ўзгаришлар, кўчманчи қушлар, сабзавот ва мевалар, пахта етиштириш, уни йиғиб олиш, ундан тайёрланадиган маҳсулотларни ўрганишди.

***

Қарши шаҳридаги 26-МТМда ҳам дастур асосидаги сабоқлар рисоладагидек ташкил этилаяпти. 200 дан зиёд тарбияланувчилар бошқа тенгдошлари қатори ноябрь ойи учун мўлжалланган “Транспорт, кўча ҳаракати қоидалари. Ҳаётий фаолият хавфсизлиги асослари” мавзуси доирасида ер усти, ҳаво, сув транспортлари ҳақида тасаввурга эга бўлишмоқда. Ушбу мавзу доирасида ўтилган – транспорт турлари, светофор, эҳтиёткор пиёда, тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари, ёнғин ва унинг олдини олиш чоралари ҳақидаги маълумотлар болажонлар учун қизиқарли бўлаётир.

Айни ҳафтада эса муассасанинг ўрта, катта ва тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари “шошилинч (тезкор) ҳаракат хизматлари” мавзусидаги  машғулотларга киришган.

- Ҳар бир машғулот мавзу доирасида ўтилади, - дейди тарбиячи Дилноза Қурбонова. – Масалан, элементар математика машғулотида автомашиналар тузилиши, баллонлари сони ҳақида билим берилса, расм машғулотида бу турдаги уловлар расми чизилади. Ранглар ўрганилади. Апплекация машғулотида болажонлар қоғоз, елим, қайчи билан ишлайдилар. Конструкция машғулотларида турли жисмлар - лего, ғиштчалар ва кубикчалар ёрдамида, лой ва пластилиндан фойдаланиб, ўт ўчириш ва “Тез ёрдам” машиналари ясашади. Мусиқа, атроф-олам, нутқ ўстириш, бадиий адабиёт, табиат билан танишиш ҳамда саводга (рус, инглиз тилларига) ўргатиш, жисмоний тарбия машғулотлари ҳам ҳафталик мавзуларга уйғун тарзда ўтилади. Бу жараёнда ўғил-қизлар турли касблар билан танишадилар. Уларнинг қандай вазифа бажаришини ўрганади. Шундан сўнг кимдир ўт ўчирувчи, яна кимдир шифокор, бошқаси ички ишлар ходими бўлишни олдиларига мақсад қилиши табиий.

- Мен ўт ўчирувчи бўламан, - дейди Қарши шаҳридаги 12-МТМ тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси Акобир Абдусалимов. – Одамларга ёрдам бераман, уйларни, ишхоналарни ёнғиндан асрайман.    

***

Бугун шаҳардаги 12-МТМда 9 гуруҳда болажонлар илк ва тайёрлов йўналишларида таълим-тарбия олишмоқда.

- Ҳар бир ўтилаётган мавзу болажонлар учун қизиқ, - дейди тайёрлов гуруҳи тарбиячиси Зилола Ҳамраева. – Режалаштирилган кундалик ҳаракатлар, болалар ўйинлари, бўш вақт ва ўқув-тарбиявий фаолият турлари     навбатма-навбат кўргазмали қуроллар, плакатлар, видеороликлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Педагогнинг таъкидлашича, ўтган ҳафтада “Эҳтиёткор пиёда ҳафталиги” ўтказилган. Бунда болажонлар светофор ва пиёдалар ўтиш жойларига саёҳатга чиқишган. Пиёдалар ва автомобилларнинг йўл қоидаларига нечоғлик амал қилишларини кузатишган. Кўрган йўл белгилари ва йўллардаги ҳолатларни якка ва жамоавий бўлиб расмлар ва апплекациялар орқали тасвирлашган. Уларнинг ясаган ва чизганлари асосида кўргазмалар тайёрланди. Бу кўргазмалар галдаги “Бизнинг яхши ишларимиз” ҳафталик доирасида ота-оналар, тарбиячилар томонидан ўрганилади. Тарбияланувчиларнинг мавзу бўйича фикрлари тингланади. Шу тариқа тарбиячининг маҳорати ва билими баҳоланади.

Шунингдек, дастур мажбурий ва таълим жараёни иштирокчилари томонидан шакллантириладиган қисмдан ташкил топади. Ҳар икки қисм илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган Давлат талабларини амалга ошириш нуқтаи назаридан ўзаро бир-бирини тўлдирувчи ҳамда зарурий ҳисобланади. Бу жараён нафақат тарбиячи, балки ота-оналар ҳам фойдаланадиган ютуқлар картасини жорий қилишни назарда тутади. Ушбу картада боланинг 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даври қамраб олинади. Карта бир йилда уч марта тўлдирилади. Бола мактабгача таълим муассасасини битирганидан сўнг яъни 6-7 ёшда ҳар бир битирувчи боланинг мактабга тайёрлиги картаси ҳам тўлдирилади. Уни тўлдириш Дастурнинг мажбурий қисми, яъни бешта таълим соҳаси бўйича амалга оширилади. Бунда болада жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш, нутқ, мулоқот, ўқиш ва ёзиш кўникмалари, билиш жараёнининг ривожланиши, ижтимоий-ҳиссий ривожланиш ҳамда ижодий ривожланишни амалга оширишга комплекс ёндашув акс этади.

Шу ўрнида, Конфуцийнинг “Айтсанг – унутаман, кўрсатсанг – эслаб қоламан, ўзим бажарсам – англаб етаман” деган гапини эслаш лозим. “Илк қадам” ўқув дастури ҳам болажонларга табиат ва жамиятда рўй бераётган ўзгаришларни кўриб, ўзи гувоҳ бўлиб бажариш имконини беради. Бу эса ёш авлод таълимнинг илк босқичида намунали билим олиши ва улғайишига замин яратади. Ана шунда дунёни англаш сари босилган илк қадам қутлуғ бўлиши тайин.

  Сожида АЛЛАЁРОВА

Суратда: Қарши шаҳридаги 46-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Муқаддам Раҳимқулова иш жараёнида.

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo