Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

11.08.2022


ИККИНЧИ ЖАҲОН УРУШИ ҚАТНАШЧИЛАРИ МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқарув йиғилиши қарорига асосан Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши жангларда жасорат кўрсатган, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшган уруш қатнашчилари  бир марталик 1 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан моддий рағбатлантирилди.

Касби туманининг Муғлон маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хайрулло бобо Шерматов 98 ёшни қарши олди. Урушда кўрсатган жасорати учун берилган медаллар шодаси кўксини безаб турган бобо фарзандлар қуршовида бугунги дориломон кунларга шукроналар айтишдан чарчамайди. 

- Бугунги тинч, фаровон кунларга етказганига шукр, - дейди Хайрулло бобо. - Аслида, тинч ва хотиржам ўтган ҳар бир кунимиз байрам. Бунинг қадрига етиш керак. Мендан ҳол сўраб келаётганларга минг раҳмат. Толеимизга муҳтарам Юртбошимиз ҳамиша омон бўлсин.

Айни кезда вилоятимизда даҳшатли урушга гувоҳ бўлган 11 нафар ҳамюртимиз истиқомат қилиб келмоқда. Уларнинг фариштали сиймосига боқар экансиз, улкан ҳаётий тажрибани уқиб олиш қийин эмас. Бу кайвониларга ҳар қанча эъзоз кўрсатсак, арзийди.

Шунингдек, маҳаллаларда ташкил этилган “Кексалар гуруҳлари” аъзолари ёши улуғларни йўқлаш билан бир қаторда аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, турли оилавий можароларни бартараф этиш, ажримларни камайтириш, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш орқали аждодларимизнинг бой маънавий меросини ёшларга тушунтириш ва тарғиб қилиш,  аҳоли саломатлигини таъминлаш учун турли спорт мусобақаларини ташкил қилиш, ишсизларни оиласига даромад келтирадиган касбларга йўналтиришга аҳамият қаратмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo