Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рустам ХЎЖАҚУЛОВ

18.12.2016


Ибратли умр сабоқлари

 

Биз қуйида сўз очмоқчи бўлган инсон - мустақил диёримизнинг забардаст олимларидан бири,  Халқаро Олий мактаб академияси академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муродулла Нормурадовнинг босиб ўтаётган серташвиш, машаққату муваффақиятларга тўла ҳаёт йўли кўпчилик учун  ибратлидир.

Чироқчи туманидаги 1-мактабни олтин медаль билан тугаллагач, илмга ҳавас уни Тошкент давлат дорилфунунига етаклаб келди. Олий таълим муассасасининг физика факультетида мазкур  соҳанинг етук дарғалари, профессорлар С.Азимов, Р.Маллин, С.Сирожиддинов, В.Масагутов, У.Азимов ва бошқалардан сабоқ олиб, пухта билим эгаллади. Университетни аъло баҳоларга тугатиб, Самарқанд давлат педагогика институтида катта лаборант, ўқитувчи сифатида фаолият кўрсатди. Бу даврга келиб у ўзининг  ҳаёт йўлини белгилаб олган, келгусида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориб ўз соҳасининг олими бўлишга бел боғлаганди.

 Айни шу эзгу интилишини амалга ошириш учун Муродулла Нормурадов 1970-1973 йилларда Тошкент политехника институти (ҳозирги техника университети)да физикавий электроника соҳаси бўйича аспирантурада ўқиб, илмий-тадқиқот ишлари олиб борди. Айни пайтда олийгоҳнинг экспериментал ва назарий физика кафедрасида муҳандис, катта илмий ходим вазифаларида ишлади. 1974 йилда дастлабки илмий довон босиб ўтилди. Тошкент давлат университетининг ихтисослашган илмий кенгашида ёш  тадқиқотчи Муродулла Нормурадов “Кремний ва германий монокристалларининг иккиламчи электрон эмиссия хусусиятларини ионлар  таъсирида ўзгартириш” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.

Унинг бу соҳадаги илмий изланишлари ўз замонасининг йирик олимлари, хусусан, Нобель мукофоти лауреати Ж.Альфёров, академиклар Ю.Гуляев, У.Расулов, П.Ҳабибуллаев, профессорлар Н.Петров, И.Абраян, В.Кораблёв ва бошқалар томонидан юқори баҳоланди.     

 Физика-математика фанлари доктори, профессор Муродулла Нормурадовнинг кейинги ҳаёти янада самарали тарзда давом этди. У 1989-1992 йилларда Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) қошидаги ўқув-илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси директори, 1990-1992 йилларда Тошкент давлат техника университетида физика ва материаллар технологияси кафедраси мудири, 1994-1997 йилларда эса мазкур олийгоҳнинг электрон технология ва асбобсозлик факультети декани лавозимларида фаолият кўрсатди.

1997 йилнинг февралида унинг ҳаёт китобида янги саҳифа очилди. Муродулла Нормурадов Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг ректори вазифасига тайинланди.

У фидойи ва изланувчан раҳбар сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим  тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгиланган вазифалар асосида самарали иш олиб борди. Натижада институтнинг ташкилий тузилмаси ва бошқарув тизими такомиллаштирилди. Янги бакалавр таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари очилди, аспирантура ташкил этилди, факультетлар ва кафедралар сони бир нечтага кўпайди, моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, молиявий кўрсаткичларни яхшилаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар институтнинг профессор ўқитувчилари ва тадқиқотчи ходимлари учун кенг имконият эшикларини очди. Натижада тез орада 40 дан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалари, барча фанлар бўйича маъруза матнлари, 400 дан ортиқ ўқув адабиётларининг электрон  талқинлари яратилди. Айни пайтда амалий ва ўқув лаборатория машғулотларининг 700 дан ортиқ услубий қўлланма ва кўрсатмалари тайёрланди.

Муродулла Нормурадов ректорлик фаолияти давомида таълим  муассасаси жамоаси аъзолари 6 та докторлик, 33 та номзодлик  диссертациясини ҳимоя қилди, институтда кўплаб халқаро ва республика    миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар ўтказилишига эришилди.  Хориж матбуоти ва республикамизнинг нуфузли журналларида институт олимларининг 20 дан ортиқ монография ва рисолалари, илмий мақолалари чоп этилди. Қирқдан ошиқ патентлар олиниб, 30 га яқин ишланмалар бевосита ишлаб чиқаришга жорий қилинди. Институтда халқаро алоқалар йўлга қўйилиб, ривожлантирилди. Бир қанча профессор-ўқитувчилар дунёдаги  қатор нуфузли олий ўқув юртларида малака ошириб қайтишди.

Олий таълим соҳасида сифатли ва малакали кадрлар тайёрлашдаги хизматлари ҳамда илм-фан тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси учун Муродулла Нормурадов 2003 йилда Халқаро Олий мактаб академиясининг академиги этиб сайланди. 2003 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ мамлакатимиз мустақиллигининг 12 йиллиги муносабати билан давлатимизнинг юксак мукофоти - “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. Юксак ҳурмат ва шарафга муяссар бўлиш, албатта, етук олим ва толмас жамоат арбоби Муродулла Нормурадовнинг катта илмий салоҳияти, ташкилотчилиги ва амалга оширган ишларига берилган муносиб баҳо эди. 

Эътироф этиш жоизки, Муродулла Нормурадов таниқли олим, ташкилотчи раҳбар сифатида мустақил мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар   жараёнида ҳам фаол иштирок этиб      келмоқда.

Хусусан, у 1997-2009 йиллар давомида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган. 1999 йилда эса Ўзбекистон  Халқ демократик партиясидан  унинг номзоди Олий Мажлис депутатлигига  кўрсатилган. Шу тариқа, у 1999-2004 йиллар мобайнида депутат сифатида кенг қиррали фаолият олиб боради. 2005-2009 йилларда эса Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлди.

2009-2013 йилларда Муродулла Нормурадов воҳа илм-фани тараққиётида муҳим ўрин тутган Қарши давлат университетида ректор бўлиб фаолият кўрсатганда ҳам унинг ташкилотчи раҳбар, педагог ва илмий соҳада катта тажриба мактабини ўтаган, юқори салоҳиятли инсон экани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

Унинг бадиий ижод соҳасидаги  “Ҳаёт ҳикматлари”, “Умрим сарҳадлари” сингари ҳикмат    билан суғорилган турмуш кечинмалари, фан    йўлидаги изланишлар ва  фалсафий мушоҳадага бой тўпламлари ўз ўқувчиларини топган. Хусусан, олим ва ижодкорнинг “Умрим сарҳадлари” китоби ҳақида Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов, профессор Акмал Саидов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ўткир Расулов, профессор Виктор Алимасов ва бошқалар фикр билдиришиб, хотира-эссе йўналишида ёзилган ушбу тўпламда инсон ва унинг жамиятдаги ўрни, умрбоқий анъаналар, миллий қадриятлар, фарзандлар тарбияси, оила барқарорлиги, устоз ва шогирдлик мақомлари, касбдошлар сабоғи, илм йўлидаги машаққатли изланишлар ва хайрли якунлар хусусида моҳирона сўз юритилганини эътироф этишган.                

Бугун ўзининг қутлуғ 70 ёшини қарши олаётган забардаст олим ва фидойи  ижодкор   Муродулла Нормурадов 2003 йилдан буён Олий Мажлис қошидаги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш махсус комиссиясига аъзо ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг    вилоят бўлимига раҳбарлик қилиб, мамлакатимиздаги ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этиб  келмоқда.

Муродулла Нормурадов эл таниган олим, ташкилотчи раҳбар бўлиш билан бирга катта ва аҳил оиланинг бошлиғидир. Ҳаётда ва турмушда ҳамиша унга елкадош бўлиб келаётган, узоқ йиллар тиббиёт соҳасида меҳнат қилган, ҳозирда нафақадаги меҳрибон ва ғамхўр рафиқаси Тўхтатош Тўраева билан биргаликда эл корига ярайдиган фарзандларни тарбиялаб вояга     етказишган. Оиланинг тўнғич фарзанди Саъдулла Нормурадов “Ўзнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик жамияти тафтишчиси, қизи Нодира Нормурадова онаси изидан бориб шифокорлик касбини эгаллаган, тиббиёт фанлари номзоди. Ўртанча қизи Наргиза Нормурадова эса “Ўзтрансгаз” корхонаси мутахассиси, яна бир қизи Насиба Нормурадова хусусий корхона раҳбари, иккинчи ўғли Ҳамидулла Нормурадов Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси менежери, кенжа қизи Гулнора Нормурадова эса касб-ҳунар коллежи ўқитувчисидир. Муродулла ака ва Тўхтатош опа ҳозирда 14 нафар набиранинг севимли бобо ва бувижонларидир.

Эл-юрт ишончи, ҳурмати ва эъзозига эришган фидойи олим, ўзига хос ижодкор, устоз ва     мураббий Муродулла Нормурадов қандай матлаб ва мақсадга эришган бўлса, барчаси унинг ҳаёт сарҳадларида тўғри йўлни танлагани, илму фанга меҳр қўйгани ва машаққатли меҳнати самарасидир, десак муболаға бўлмайди.

Рустам ХЎЖАҚУЛОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт

институти доценти,

техника фанлари номзоди

Муҳаммад Очил,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Report typo