Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

12.06.2017


ИҚТИСОДИЁТ ТАРМОҚЛАРИ УЧУН КИЧИК МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАНМОҚДА

Бу эса билимли, зарур кўникма ва амалиётга эга, замонавий технологиялар билан бемалол ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлашни асосий масалага айлантирмоқда. Аҳамиятлиси, республикамиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз меҳнат бозоридаги мавжуд талабни самарали қаноатлантиришга қаратилган.

Қарши туманидаги Қоратепа хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида жорий ўқув йилидан бошлаб 4 янги йўналиш бўйича кичик мутахассисларни тайёрлашга киришилди. Шу вақтгача ушбу коллежда компьютер муҳандислиги техниги, электр монтёри, тикувчилик, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш техниги, ошпазлик каби иқтисодиёт тармоқлари учун зарур кадрлар тайёрланган бўлса, эндиликда ёшлар тўқимачилик ишлаб чиқариши техниги, енгил саноат корхоналари жиҳозларини таъмирлаш механиги, телерадио   аппаратураларини таъмирлаш  устаси сингари бугунги кунда талаб юқори бўлган янги мутахассисликлар бўйича ҳам ўқитилмоқда.

- Бу йўналишларда таҳсил олган ўқувчилар келгусида ишсиз қолмайди, деб тўла ишонч билан айтиш мумкин, - дейди коллеж директорининг ўқув-ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Иномжон Ҳатамов. – Боиси, яқинда Қоратепа қишлоғи ҳудудида чет эл инвестицияси иштирокидаги замонавий тўқимачилик мажмуаси иш бошлайди. Табиийки, коллежимиз мазкур енгил саноат корхонасини керакли мутахассислар билан таъминловчи асосий таълим муассасаси бўлади. Қолаверса, ёшлар ушбу мажмуада ўз ихтисослиги бўйича амалиёт ўташ, зарур кўникмаларни орттириш, ишлаб чиқариш жараёни билан тўлиқроқ танишиш имконига эга бўлади.

Айтиш жоизки, 1700 нафардан зиёд ўқувчи таълим оладиган коллежда ўқитиш жараёни замонавий талаблар асосида олиб борилмоқда. Кичик мутахассислар ўзлари эгаллаган назарий билимларни амалда мустаҳкамлаб бориши учун барча шароит яратилган. Улар зарур ўқув жиҳозлари, дастгоҳ ва ускуналар билан таъминланган ўқув хоналари, лаборатория ва устахоналарда ўқитувчилари кўмагида ўз маҳоратини юксалтириб бораяпти. Бу йил коллежни тамомлаган 600 нафарга яқин ўқувчи тез орада ҳудуд иқтисодиётининг етакчи тармоқларида меҳнат қилишни бошлайди.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo