Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

04.05.2023


Газ конларида модулли компрессор қурилмалари барпо қилинмоқда

Вилоятимиздаги бир қатор газ конларида модулли компрессор қурилмалари жорий этилаяпти. Бу табиий газ қазиб олиш самарадорлигини ошириш баробарида конларни ўзлаштиришнинг якуний босқичида уларнинг ишлаш муддатини узайтиришга ҳам хизмат қилади.

“Saneg” компаниясининг расмий сайтида маълум қилинишича, ушбу лойиҳа мазкур компания томонидан унинг нефть ва газ объектларини ривожлантириш бўйича ҳамкори GRDC илмий-технологик маркази билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида “Чувама”, “Пирназар”, “Қоровулбозор”, “Шимолий Майманоқ” марказлаштирилган модулли компрессор қурилмаларини ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, бу кунига 2,75 миллион куб метр табиий газни сиқиб узатиш имконини беради.

Иккинчи босқичда қудуқ оғзи модулли компрессор қурилмаларини жорий этиш режалаштирилган. Бундан кўзланган мақсад “Saneg” компаниясининг Муборак бўлинмаси конларидаги табиий газни сиқиш ва марказлаштирилган модулли компрессор қурилмаларига транспортировка қилишдир. Кейин эса MTO (Methanol to Olefin) газ-кимё мажмуасини хом ашё билан таъминлаш мақсадида қазиб олинаётган газ марказлаштирилган модулли компрессор қурилмаларидан Қоракўл газни қайта ишлаш мажмуасига узатилади.

-“Saneg” конларнинг ишлаш муддатини узайтириш ва қолдиқ газларни қазиб олиш учун замонавий технологияларни изламоқда, – дейди компания ижрочи директори Тўлқин Юсупов. – Модулли компрессор қурилмалари эса конлардан паст босимли газни қазиб олиш муаммосини ҳал қилади ва ҳар бир қудуқда қазиб олишни оптималлаштириш имконини беради. Бундай қурилмалардан фойдаланиш самарадорлиги аллақачон Чувама конида ўз исботини топган. Бу ерда унинг ёрдамида ўртача кунлик газ қазиб олиш ҳажмини 80 фоизга ошириб, бу хом ашёни Муборак газни қайта ишлаш заводига етказиб беришга эришдик.

Лойиҳа бош пудратчиси – “Enter Engineering” компанияси қиймати 1,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлган технологик иншоотни қисқа муддатда қуриб битказди. Хитойнинг “Sichuan Jinxing Clean Energy Equipment Co., Ltd” ишлаб чиқариш компанияси замонавий газ поршенли ускуналар ҳамда компрессорларни етказиб берди.

Умуман олганда, “Saneg” компанияси вилоятимиздаги бир қатор конларда 40 та қудуқ оғзи модулли компрессор қурилмаларини жорий этиб, кунига 7 миллион куб метр табиий газни транспортировка қилишни таъминламоқчи.

Маълумотларга кўра, “Saneg”, яъни “Sanoat Energetika Guruhi” компанияси (sobiq “Jizzax Petroleum”) мамлакат ҳукуматининг “Ўзлаштирилиши қийин бўлган конлардан нефть қазиб олишни ва углеводородлар ҳажмини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ нефть ишлаб чиқаришни кўпайтириш дастури ижрочиси ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур компанияга геология-қидирув ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун 103 та нефть ва газ конларига ер қаъридан ҳамда ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган.

 

Report typo