Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
1 декабрь, пайшанба. 2022 йил                         Махсус версия RU

КОМРОНБЕК

28.06.2022


ГАСТРОЛЛАР ВА ЯНГИ СПЕКТАКЛЛАР

Театр

   Кеча Қарши шаҳрида Ўзбек давлат  драма театри актёрлари томонидан “Эй, биз бормиз”  спектакли намойиш  этилди.

Турк ёзувчиси Азиз Несин асари асосида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Ф.Мақсудов томонидан саҳналаштирилган мазкур пьеса турмуш ўртоғидан бевақт жудо бўлган, меҳрга муҳтож, ёлғиз аёлларнинг қисмати, кечинмалари ҳақида бўлиб, унда бу ҳаётда ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли эканлиги ғояси илгари сурилган. Спектакль қаҳрамонлари бўлган аёлларнинг ички изтироблари кулгили ҳолатлар орқали ифодаланади.

- Ўзбек давлат  драма театри жамоасининг бир кунлик гастроль сафари Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги "Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилди, - дейди вилоят мусиқали драма театри адабий бўлими бошлиғи Шодия Худойназарова. – Ушбу қарорда аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, республиканинг барча ҳудудларида театр, цирк ва бошқа турдаги оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини тизимли равишда йўлга қўйиш каби вазифалар белгиланган.

Маданият вазирлиги тизимидаги давлат театрлари жамоаларининг ҳудудларга гастроль сафарлари давом этмоқда. Бугун вилоят мусиқали драма театри биносида Наманган вилояти мусиқали драма театрининг  Антон Чехов асари асосида саҳналаштирилган “Илтимос” спектакли намойиши ўтказилиши кўзда тутилган.

КОМРОНБЕК

Суратларда: “Эй, биз бормиз”  спектаклидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo